Чорва қишловини ўтказиш юзасидан тавсиялар

26

Мамлакатимизда чорвачиликни янада ривожлантириш, аҳолини чорвачилик маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш учун қишловни муваффақиятли ўтказиш чорвадорларимизнинг долзарб вазифаларидан биридир. Чорвани қишнинг қорли-қировли кунларидан беталофат олиб чиқиш, маҳсулдорлиги пасайишининг олдини олиш кўп жиҳатдан чорвадорнинг ишни тўғри ташкил қилишига боғлиқ, бунинг учун тармоқлар бўйича қуйидаги ишларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.

Қорамолларни қиш даврида сақлаш учун молхоналарда ёруғ, илиқ (+7+80С), тоза, қуруқ сақлаш шароитларини яратиш керак бўлади. Молларни қишда парваришланадиган биноларга киритишдан аввал биринчи навбатда молхоналарни гўнг ва чанглардан тозалаш, шамоллатиш мосламаларининг ҳолати текшириш, махсус эритмалар билан дизенфекциялаш тадбирларини амалга ошириш зарур. Бинонинг совуқлиги, тартибсизлиги, молларни етарли даражада озиқлантирилмаслик каби омиллар озуқа манбаларининг кўп сарфланишига, маҳсулотнинг кескин камайишига, ҳайвонларнинг семизлилик даражасининг камайишига ва касалликларнинг кўпайишига олиб келади.

Қорамолларни асрашдаги янги замонавий услублардан бири бу деворлари бўлмаган бостирмаларда, яъни «совуқ усул»да асрашдир. Замон талабига асосан бугунги кунда қорамолларни боғлаб асраш самараси пастлиги сабабли уларни боғламасдан, совуқ усулда асрашга мослашган биноларда боқиш тавсия этилмоқда. Бунда молхоналар фақат бостирма шаклида қурилиб, ён томондаги деворлари ҳам очиқ бўлади. Қиш пайтида ёки ҳаво ҳароратининг нормадан пасайган ҳолатларида ён деворлар очиладиган плиталар билан ёки қалин брезент матолар билан ёпилади. Уларни очиш ва ёпиш автоматик ёки қўлда, ярим автоматлаштирилган ҳолда бошқарилади. Чорвачилик фермаларида қиш даврида чорва молларини асраш, озиқлантириш, сайр қилдириш жойларини таъмирлаш билан бир қаторда, чорвадорларни дам олишлари учун шароитлар яратишни ҳам инобатга олиш мақсадга мувофиқ.

Республикамизда қўй ва эчкичилик чорвачиликнинг сердаромад соҳаларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли, ушбу тармоқда қишловни беталофат ва самарали ўтказиш муҳимдир.

Қиш фаслида қўй ва эчкиларни нормал об-ҳаво шароитида парваришлаш уларнинг соғломлиги, семизлиги ва яхши ривожланишига ҳамда жуннинг сифатига сезиларли даражада таъсир кўрсатади.

Маълумки қўй ва эчкиларнинг маҳсулдорлиги бевосита истеъмол қиладиган ем-хашакнинг сифати ва миқдорига боғлиқ бўлади. Қиш даврида яйловларда асосан тўйимсиз ўтларгина бўлади, бу эса қўй ва эчкиларнинг семизлик даражасига, айниқса яйловларда ўт тақчил бўлган йилларда уларни меъёр даражасида сақлаш имкониятини қи­йинлаштиради. Қиш ойларида сов­лиқлар ва она эчкилар 15-20 фоизгача ўз семизлигини йўқотади. Шу боис қўй ва эчкиларнинг қишлов жойига етарли миқдорда туз, хашак ва омухта-ем маҳсулотларининг тўлиқ заҳирасини яратиш зарур. Қўй ва эчкиларни қишдан муваффақиятли олиб чиқишнинг муҳим шартларидан бири кенг, яхши таъмирланган биноларда сақлашдир.

Қиш мавсумида бир бош қўй учун дағал озуқалар 3-5 ц, шу жумладан камида 2,0-2,5 ц пичан,
3-5 ц силос, 20-25 кг концентрат озуқалар тайёрланиши лозим. Бир бошга 1 суткада ош тузи ёш қўзиларга 5-8 г дан, ёши катта қўйларга 15-20 г дан берилади.

Қишловга яхши ҳозирланган асалари оиласи ортиқча қаров талаб этмайди. Асаларилар қишлов даврига киришдан олдин уядаги ромлар усти ёпқич матолар билан ёпилиши керак. Қишлов даврида озуқа етишмаганда асалари оиласи қўшимча озиқлантирилади. Агар захирада асалли ромлар олиб қўйилган бўлса, асал­ари оиласини озиқлантиришда қийинчилик туғдирмайди. Бунинг учун асалари уяси очилади ва аввалдан иссиқ хонада иситилган асалли ром асалари ғужи ёнига жойлаштирилади. Ўзбекистоннинг об-ҳаво шароити асалариларга мунтазам равишда учиб юриш имконини беради. Шунинг учун ҳам асалари қутиларининг олд деворини қишлов даврида жанубга қаратиб қўйилиши керак.

Асаларилар уяда иссиқликни сақлаш учун барча тешик ва ёриқларни прополис (асалари елими) билан беркитадилар. Бу ишни айниқса Ўзбекистоннинг маҳаллий асалари популяциялари пухта бажаради. Улар барча шамоллатиш тешикларини ҳам беркитиб фақат бир асалари зўрға сиғадиган торгина учиб-кириш туйнугини қолдиради.

Чорвадорларимиз қишлов даврида юқоридагиларга амал қилиб, ишларни намунали ташкил этишса, барча турдаги чорва молларини қишловдан беталафот олиб чиқишга эришишлари баробарида, чорва моллари маҳсулдорлигини оширишга ҳам муваффақ бўлишади.

    А.Нурматов, Б.Аллашов

Дўстларингизга ҳам улашинг!