Чорвачилик: хориж тажрибаси, даромад ва экспорт

Қашқадарё вилоятининг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган энг муҳим йўналишлардан бири бу чорвачилик тармоғи ҳисобланади.

Чунки вилоятда бунинг учун барча имкониятлар мавжуд – ер кенг, озуқа мўл, иқлим бўлса қулай. Ҳаммасидан ҳам аҳамиятлиси, бу ернинг одамлари соҳани яхши тушунади. Чорвани оиланинг баракаси деб билиб, хонадонида битта бўлсаям мол асрайди. Қолаверса, ушбу йўналиш вилоятдаги кўплаб фермер хўжаликларида асосий тармоқлардан бири ҳисобланади. Шу боис вилоят юртимиз бозорларига гўшт ва сут маҳсулотлари етказиб берувчи етакчи ҳудудлардан бирига айланган.Юртимизда чорвачиликни ривожлантириш, бу борада тадбиркорликни йўлга қўйишга устувор аҳамият қаратилаётгани, зотли чорва молларини харид қилиш, уларни кўпайтириш ва бу орқали аҳолининг арзон, сифатли гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашга кенг йўл очилгани қашқадарёлик чорвадорларга қўл келмоқда. Айни шу соҳада фаолият олиб бораётган корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларда озуқа базасини кўпайтириш, наслчиликни яхшилаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашни давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи кечиктириб бўлмас вазифа сифатида белгилаётгани чорвага меҳр қўйган қашқадарёликларнинг қизиқишини янада оширишга хизмат қилаётир.

Вилоятда чорвачилик тармоғини равнақ топтиришга қаратилган кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Юзлаб чорвачилик комплекслари пайдо бўлди. Бу лойиҳалар халқимизни арзон, сифатли гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, айниқса, қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган фуқароларнинг бандлигини ошириш ҳамда даромадларини кўпайтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Мисол учун, Миришкор туманидаги Вори қишлоғи вилоят маркази Қарши шаҳридан 110, туман марказидан эса 30 километр узоқликда, чўл ҳудудида жойлашган. Бу ерда фаолият юритаётган «Тошатов Нормўмин» фермер хўжалигида 2015 йилда Украинадан келтирилган қизилчўл ва қора-ола зотли наслли моллар боқилади. Хўжаликда Вори қишлоғилик 10 киши ишли бўлди. 2019 йилда Беларусдан яна 31 бош голштейн зотли қорамоллар олиб келинди. Бугун улар ҳам кўпайиб, жами зотли қорамоллар сони 260 бошга етган. Ўз-ўзидан янги иш ўринлари вужудга келган.– Иссиқ чўл шароитида бу каби зотли қорамолларни парваришлаймиз деганимизда, кўпчилик эртак айтма дейишган, – дейди фермер хўжалиги раиси Нодирбек Хуррамов. – Лекин мақсадимизда қатъий туриб лойиҳамизни амалга оширдик. Наслли молларни боқиш учун етарлича шарт-шароитларни ташкил қилдик. Замон талабларига мос келадиган молхоналар барпо қилдик. Натижа эса кутганимиздан ҳам зиёда бўлди.

photo_2020-06-21_19-24-56.jpg

Молларимиз бош сони ҳам ошяпти. Муҳим жиҳати уларнинг маҳсулдорлиги маҳаллий зотларга нисбатан жуда юқори. Ёшлигимдан чорвачилик билан шуғулланиб келганим боис, четдан келтирилган сигирларни ҳам парваришлаш, чорвадорларнинг гапи билан айтганда, тилини топиш қийин бўлмади. Ушбу жараённи йилдан-йилга ривожлантириб боряпмиз.

Қарши туманидаги «Бахт» фермер хўжалиги. Бу хўжалик четдан зотли моллар олиб келиш ҳисобига чорва наслини яхшилаш ишларини биринчилардан бўлиб бошлаган. Натижада бугунги кунда зотли қорамоллар бош сони 600 тадан ошган. Хўжалик чорвачилик кластерига айланган. Сут ва гўштни қайта ишлаш цехлари фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу цехларда бир кунда 1 тонна гўшт ва яна шунча сутни қайта ишлаш имкони мавжуд.

Тайёрланаётган колбаса, сут, кефир, пишлоқ ва сметана сингари ноз-неъматлар аҳолига етказиб берилаяпти. Қовчин қишлоғида мажмуа барпо этилиб, бир қисми чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантиришга, бир қисми эса иссиқхона учун ажратилган. Бу ерда қорамолдан ташқари 60 бош йилқи, 10 та туя, 10 та туяқуш, 500 та курка боқилмоқда. Энг муҳими, уларни парваришлаш учун қишлоқнинг 50 нафарга яқин аҳолиси банд этилган.

Вилоятда чорва наслини яхшилаш учун хориждан наслли қорамоллар олиб келиш йилдан-йилга ортиб бораётгани қувонарлидир. Биргина ўтган 2019 йилнинг ўзида четдан 6 минг 914 бош қорамоллар келтирилди. Бунинг учун акциядорлик тижорат Халқ банки вилоят филиали томонидан 4 миллион 407 минг АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Натижада 48 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди, янги чорвачилик комплекслари бунёд бўлди, мавжудлари йириклашди.

Улардан бири Нишон туманидаги «Сопол қувурлар заводи» масъулияти чекланган жамиятининг лойиҳаси ҳисобланади. Ўтган йили мазкур корхона вакиллари хориждан 217 бош қорамол олиб келтирган эди. Орадан бир йил ўтиб уларнинг сони 400 бошдан ошди. Ҳаммаси симментал ва швис зотига мансуб. Ҳадемай, чорва сони 500 бошга етиши кутилмоқда. Чунки сигирлар иккинчи марта болалашни бошлаган.

Жамият раиси Бобоназар Қулмуродовнинг айтишича, улар жорий йилда яна хориждан наслли қорамоллар келтирмоқчи. Бундан ташқари шу ернинг ўзида сутни қайта ишлашни йўлга қўймоқчи.

photo_2020-06-21_19-25-05.jpg
Тумандаги «Нишон чорва насл» фермер хўжалиги аъзолари ҳам ўтган йили 328 минг 510 АҚШ доллари эвазига хориждан 92 бош чорва ҳамда уларни парваришлаш учун зарур бўладиган техникалар харид қилган. Бу тез орада ўз самарасини кўрсатиб наслли бузоқлар олинди.– Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш учун четдан наслли симментал зотли ғунажинларни харид қилдик, – дейди фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Низом Умаров. – Бундай зотли сигирлар жуда маҳсулдор ҳисобланади яъни қўш йўналишли. Улар орқали бир пайтнинг ўзида сутчилик ва гўштчиликни йўлга қўйиш мумкин.

Соғин сигирларнинг ҳар биридан лактация даврида 5-6 минг литрдан ортиқ сут олинса, гўшт йўналишида жаҳон бозорида энг харидоргир бўлган маҳсулот етказиб бериш имкони мавжуд. Шу боис сут соғишда янги технологияларни қўллашга тайёргарлик кўряпмиз. Шунингдек, келажакда гўштни қайта ишлаш цехини барпо қилишни ҳам мақсад қилганмиз.

Қамаши туманида «Муродов Раҳматулла Мавлонович» масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилаётган чорвачилик комплексида ҳамма иш режа асосида амалга оширилаётганини кўриб кишининг ҳаваси ортади.

Ферма замонавий ускуналар билан жиҳозланмоқда, барча жараёнлар автоматлаштирилган. Ҳатто дезинфекция зонаси барпо этишгача ҳисобга олинган. Бу жамоа аъзолари ҳам ўтган йили Германиядан 64 бош симментал олиб келишган. Бугун уларнинг сони 125 бошга етди. Жамият раҳбари Сирожиддин Муродов чорвачиликни ривожлантиришда ота-боболаримиз тажрибасини замонавий қарашлар ва технологиялар ёрдамида бойитишга ҳаракат қилмоқда.– Битта қорамол яйловда бир кунда 70 килограммгача ўт ейиши мумкин, – дейди Сирожиддин Муродов. – Кўк ўтлар чорва ошқозонида яхши ҳазм бўлади, таркибида эса етарли миқдорда витаминлар, протеинлар ва оқсил бўлади. Бу сигирларнинг сутини кўпайтиради, куйга келишини тезлаштиради ва соғлом насл қолдиришига ёрдам беради. Ҳали режалар катта. Хусусан, жорий йилда ҳам хориждан яна 100 бош қорамол харид қилишни мўлжаллаяпмиз. Куни кеча бунинг учун ажратиладиган кредит масаласи ҳам ҳал бўлди.

photo_2020-06-21_19-25-11.jpg

Вилоят чорвадорларининг жорий йилдаги ниятлари янада улкан. Чорва наслини яхшилаш мақсадида 2020 йил давомида четдан жами 178 миллиард 530 миллион сўмлик 8 минг 126 бош қорамол олиб келиш режалаштирилган. Бунинг 714 боши аллақачон чорва комплексларида парваришланмоқда. Яна 2017 бош қорамол учун Халқ банки томонидан 40 миллиард 594 миллион сўмлик 11 та лойиҳа молиялаштирилди.

Шу билан бирга, Халқ банкининг Қашқадарёдаги филиаллари томонидан ҳозирги кунга қадар халқаро молия институтларининг 2 миллион 861 минг долларлик кредит линиялари ўзлаштирилди.

Осиё тараққиёти банки кредит линияси маблағлари ҳисобидан 11 та лойиҳага 970 бош наслли қорамоллар сотиб олиш учун кредит маблағлари ажратиб берилди. Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти фонди кредит линияси маблағлари эвазига деҳқон хўжаликларига сут йўналишидаги наслли қорамоллар сотиб олиш учун 64 та лойиҳага 580 минг доллар миқдорида кредит берилди. Жорий йил ҳисобидан Осиё тараққиёти банки кредит линияси маблағлари ҳисобидан 3 миллион 200 минг долларга 1 минг 600 бош наслли қорамоллар сотиб олиш, халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти фонди кредит линияси маблағлари ҳисобидан деҳқон хўжаликларига наслли қорамоллар сотиб олиш учун эса 1 миллион доллар маблағ ўзлаштириш кўзда тутилмоқда.

Шу тариқа вилоятдаги мавжуд хориждан келтирилган наслли, зотдор қорамоллар сони яна 10 мингтадан ошиққа кўпаяди. Қолаверса, қарийб 30 миллиард сўмлик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиши ҳисобига вилоятга хориждан 22 минг 489 бош қўй олиб келинади.Бу рақамлар янада ошишига ҳеч шубҳа йўқ. Чунки аҳоли орасида Президентимизнинг 2020 йил 29 январдаги қарорига кўра берилаётган имтиёзларни кенг тушунтириш ишлари доимий равишда олиб борилаяпти.

Мазкур қарорга кўра, чорвачиликни янада ривожлантириш учун компенсация ва субсидиялар бериш тизими жорий этилди.

photo_2020-06-21_19-25-15.jpg

Яъни, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан чорва комплексларини қуриш, йирик ва майда шохли наслдор чорва молларини харид қилиш, чорва маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган 20 миллиард сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида кафиллик тақдим этилади.

Шу билан бирга 2020-2022 йилларда наслчилик хўжаликларидан сотиб олинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 1 миллион сўм, хориждан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 миллион сўм, наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўм миқдорида қайтарилмайдиган маблағ, яъни субсидия берилади.

Тарғиботлар жараёнида замонавий чорва комплекслари барпо этишнинг аҳамияти ҳам кенг тарғиб қилинаётир. Натижада чорва моллари парвариши учун қулай бўлган, маҳсулдорликни оширишига хизмат қиладиган комплекслар сони ортмоқда.

Дарвоқе, вилоятда чорва наслини яхшилаш мақсадида сунъий уруғлантиришга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Қолаверса, нафақат қорамолларнинг, балки қўйларнинг наслини яхшилаш ҳам эътиборда. Бу борада Ғузор тумани Қоракамар қишлоғида жойлашган қоракўлчилик илмий-наслчилик тажриба станциясида амалга оширилаётган ишлар эътиборга молик.

– Станциямиз ўтган йилнинг бошида ташкил қилиниб, бу ерга вилоятдаги ва бошқа ҳудудлардаги қоракўлчилик хўжаликларидан 1 минг 700 га яқин зотли қўй олиб келинди, – дейди станция директори Абдулла Бердиев. – Орадан бир йил ўтиб уларнинг сони 3 минг 300 бошдан ошди. Шунингдек, станциямизга қўйларнинг наслини яхшилаш мақсадида хориждан 6 бош зотдор қўчқор олиб келганмиз. Мақсад қоракўлнинг рақобатбардош турларини яратиш ҳамда аҳоли хонадонлари, деҳқон ҳамда фермер хўжаликларига юқори маҳсулдор қоракўл қўй ва қўчқорларни тизимли равишда етказиб беришдан иборат.

Қашқадарёда мамлакатимизда яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда чорванинг сонини ошириш, маҳсулдорлик сифатини яхшилаш, наслчилик ресурсларини яратиш, сақлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган мақсад нафақат вилоят аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, балки чорвачилик маҳсулотлари экспортини янада оширишдир.

Ў.БАРОТОВ, ЎзА
Дўстларингизга ҳам улашинг!