“Жиззах” эркин иқтисодий зонасида вилоят хокимлиги ҳамда Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги ҳамкорлигида чорвачиликни ривожлантиришга бағишланган халқаро форум ташкил этилди.
Форумда хориждан таклиф этилган халқаро экспертлар ва маҳаллий мутахассислар, чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарлари, чорва маҳсулотларини қайта ишловчи тадбиркорлар иштирок этди.
Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги томонидан Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш фонди иштирокида “Ўзбекистоннинг сутчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш” ҳамда “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик секторини ривожлантириш” лойиҳалари доирасида ташкил этилган форумда ушбу йўналишлардаги янгиликлар, янги технологиялар, амалга оширилаётган ишлар, натижалар бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Тақдимотларда Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги масъуллари, халқаро экспертлар иштирокчиларни амалга оширилаётган ва истиқболдаги лойиҳалар, чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ҳамда қайта ишлашни кенгайтиришда халқаро молия муассасалари ҳамда банк кредитларидан фойдаланиш, янги инновацион технологияларни қўллаш имкониятлари билан батафсил таништирди.

Иштирокчилар форум доирасида ташкил этилган кўргазма билан танишди. Унда 15 дан ортиқ хорижий ва маҳаллий компанияларнинг технологиялари, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари намойиш этилди.
– Хўжалигимизда беш йил аввал хориж технологияси асосида сутни қайта ишлайдиган цехни ишга туширганмиз, – дейди Дўстлик туманидаги “Уста Сафар ота” фермер хўжалиги раҳбари Дўстмуҳаммад Қодирқулов. – Ўтган даврда бу соҳада бирмунча тажриба орттирдик. Ютуқларга эришдик. Аммо муаммоларимиз ҳам йўқ эмас. Чунки бугун ишлаб чиқариш технологияси ҳам, бозор талаби ҳам тез суръатларда ўзгариб бормоқда. Замонавий технологияларсиз самарадорликка эришиб, молиявий барқарорликни таъминлаб бўлмайди. Шунинг учун ушбу форум нафақат соҳада энди иш бошлаётганлар, балки фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркор ва чорвадор фермерлар учун ҳам амалий аҳамиятга эга тадбир бўлди.
Форум давомида хорижлик экспертлар билан суҳбатлар, савол-жавоблар, ўзаро тажриба алмашишлар бўлиб ўтди.