ЧОРВАЧИЛИКНИНГ РИВОЖЛАНИШ ДАРАЖАСИ ВА ИСТИҚБОЛИ

Чорвачилик — қишлоқ ҳўжалигининг чорва маҳсулотларини етиштириш мақсадида чорва молларини урчитиш билан шуғулланувчи тармоғи. Чорвачилик аҳолини иш ҳайвонлари (от, ҳўкиз, эшак, туя, буғу), озиқ-овқат маҳсулотлари (сут-қатиқ, гўшт, ёғ, тухум ва бошқа), енгил саноатни хом ашё (жун, тери, мўйна ва ҳокозо), қишлоқ хўжалигини органик ўғит (гўнг) билан таъминлайди. Чорвачилик маҳсулотлари ва чиқиндиларидан айрим озуқалар (ёғи олинган сут, гўшт-суяк уни, суяк уни ва бошқалар), шунингдек, ҳар хил дори-дармон препаратлари (шифобахш сивороткалар, гормонал препаратлар ва бошқа) олинади.
Чорвачиликнинг тараққий этиши ва маҳсулдорлиги деҳқончиликнинг ривожланиши, ердан интенсив фойдаланиш билан чамбарчас боғлиқ. Чорвачилик тармоқлари: қорамолчилик (сут, гўшт-сут ва гўшт етиштириш учун боқиладиган қорамол), чўчқачилик, қўйчилик, эчкичилик, йилқичилик, туячилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, қуёнчилик, даррандачилик (ҳайвонотчилик), буғучилик, эшакчилик, хачирчилик, итчиликдан иборат.
Чорвачилик тизими – чорвачилик тармоғининг йўналишини ва чорва молларини урчитиш, боқиш ҳамда асраш усулларини акс эттирувчи ташкилий, зоотехника ва ветеринария тадбирлари мажмуаси. Бу тадбирлар кам меҳнат ва маблағ сарфлаб, кўп маҳсулот етиштиришга қаратилган. Чорвачилик системаси маҳаллий табиий-иқтисодий шароит ва хўжаликнинг ишлаб чиқариш ресурсларига қараб шаклланади.
Чорвачилик тизимида: чорвачиликнинг товар маҳсулот структураси (жун, тухум ва бошқа) билан изоҳланадиган айрим тармоқларини ривожлантириш; меҳнат унумдорлиги ва рентабеллик; чорвачилик тармоқларини ривожлантириш талабларига жавоб берадиган ва иқтисодий жиҳатдан қулай қорамол зотлари; наслчилик ишлари услублари; қорамол туёғи зичлиги (100 га ерга тўғри келадиган қорамол сони), чорвачиликнинг пода структураси ва подани тўлдириш усуллари, сигирлардан фойдаланиш муддатлари ҳамда жадаллиги ва бошқа омиллар ишлаб чиқариш кўрсаткичлари билан изоҳловчи интенсивлик даражаси; ем-хашак етиштириш системаси; мол боқиш тури; мол асраш усуллари; ишлаб чиқариш воситаларини тузиш, чорвачиликда ишлаб чиқариш жараёнларини механизациялаш даражаси, машиналар системаси, чорвачилик биноларини қуриш ва ускуналаш тури; чорвачиликда санитария ҳамда ветеринария хизматини ташкил этиш каби масалалар ҳал қилинади.
Чорва молларини асраш усулига қараб, қўйидаги чорвачилик тизимлари мавжуд:
Яйловларда мол боқиш тизими — қадимий мол боқиш усули табиий яйловлардан фойдаланишга асосланган. Яйловда мол боқиш системасининг энг қадимги ва тарқоқ усули кўчманчи чорвачиликдир, бунда озуқа қидириб, мол бутун йил давомида узоқ масофаларга ҳайдаб юрилган. Жамият ишлаб чиқарувчи кучлари ва деҳқончилик маданияти ривожланиб борган сари кўчманчи чорвачилик ўрнини яйловда ҳайдаб боқиш тизими ола бошлади, бунда мол мавсумий яйловларга ҳайдаб боқилади, аммо, қишки ноқулай об-ҳавони ва ёзги қурғоқчиликни ҳисобга олиб, қишлов жойларида ем-хашак жамғариб қўйилади.
Яйлов-оғилхонада мол боқиш тизими — яйловда мол боқиш системаси ўрнига самарали усул сифатида кириб келган, бунда қорамол йилнинг кўп қисмида яйловда, қишда эса молхонада боқилади.
Оғилхона-яйловда мол боқиш тизими — қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши самарали (интенсификасия қилинган), мустаҳкам ем-хашак базаси яратилган шароитда қўлланилади. Табиий яйловдан ташқари, экма яйловлар ҳам барпо этилади, ем-хашак экинлари экилади ва пичан, кучли, сершира ҳамда кўкат озуқалар тайёрланади. Ўсимликларнинг ўсув даврида табиий ва экма яйловларда мол боқилади, айрим даврларда молга ўриб олинган ўт бериб турилади, йилнинг қолган вақтида эса моллар молхонада боқилади.
Оғилхонада мол боқиш тизими — қишлоқ хўжалигини интенсификасиялаш йўлида қўйилган кейинги қадамни ифодалайди. Бу система табиий ва кўп йиллик экма яйловлари бўлмаган, чорвачилиги жуда ривожланган ҳудудларда қўлланилади. Бунда мол фақат оғилхонада асралади, лекин вақт-вақти билан очиқ ҳавога чиқариб турилади. Бутун йил мобайнида оғилхонада мол асраш ҳайвонлар организмига зарарли таъсир кўрсатишининг олдини олиш мақсадида ёзги оғилхоналарда мол боқиш системаси кенг қўлланиладиган бўлди, бунда мол ёз даврида махсус ёзги биноларда асралади. Оғилхоналарда ҳам, ёзғи биноларда ҳам мол боғлаб ва бошвоқсиз (боғламай) боқилиши мумкин.
Ўзбекистонда қорамолчилик учта алоҳида ҳудудга ажратилади.
Биринчи ҳудуд — соф сутчилик ҳудуди, бунга обикор деҳқончилик билан шуғулланадиган ва шаҳарлар атрофидаги хўжаликлар киради.
Иккинчи ҳудуд — сут-гўшт етиштириш ҳудуди, бунга обикор ва лалмикор ерлар ҳамда табиий озуқа базаси бўлган чўллар киради.
Учинчи ҳудуд — ихтисослаштирилган гўштдор қорамолчилик ҳудуди, бунга табиий яйловлари бўлган ва, асосан, чорвачилик билан шуғулланадиган хўжаликлар киради.
Қорамолчиликни ихтисослаштириш ва концентрасиялаш асосида сутчилик ҳамда гўштчилик комплекслари, ҳар бир ҳудудда зотдор молларни кўпайтириб тарқатувчи наслчилик заводлари ва фермалари ташкил этилган.
Қўйчилик тизими — гўшт-ёғ, гўшт-жун ва қоракўл етиштириш системаларига бўлинади. Қўйлар ҳамма вақт яйловларда боқилади. Қишлов жойларида сунъий қочириш, жун қирқиш, чўмилтириш пунктлари бор. Қоракўл қўйлари қумлик ва ярим чўл яйловларда боқилади.
Паррандачилик тизими — ихтисослаштириш ва концентрасиялаш асосида кўплаб тухум ва гўшт етиштиришга қаратилган.
Чўчқачилик тизими — маҳсулдор наслли ва дурагай чўчқалар етиштириш, чўчқа гўштини кўпайтириш ва унинг таннархини камайтиришга қаратилган.
Чорвачилик фермаси – қишлоқ хўжалигининг чорва молларини урчитиш ва чорвачилик маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланадиган тармоғи. Қорамолчилик, йилқичилик, қўйчилик, чўчқачилик ва паррандачилик фермалари бўлади. Чорвачилик фермалари аҳоли яшайдиган жойлардан четроқда — ем-хашак экинлари экиладиган майдонларга яқин жойларга қурилади. Чорвачилик фермалари ҳудудида чорвачилик бинолари комплекси, қўшимча ишлар учун мўлжалланган бино ва иморатлар, инженерлик-техника иншоотлари, йўл ва коммуникасиялар бўлади. Биноларнинг қурилиш характери чорвачилик фермаларининг катта-кичиклигига ва чорва молларининг муайян тур ҳамда гуруҳларини асраш хусусиятларига боғлиқ. Масалан, йирик сутчилик фермасида: сигирхоналар, сут соғиш блоки, сунъий уруғлантириш пункти, сигирлар туғадиган ва бузоқхона — профилакторий, ем-хашак тайёрлаш бўлимлари, силос ва сенаж миноралари ёки траншеялари, ем-хашак сақланадиган бино ва маъмурий-маиший бинолар ва бошқалар бўлади.
Республикамизнинг барча вилоятларида фермер хўжаликларида чорвачиликни барча тармоқларини жадал ривожлантириш ва унинг иқтисодий самарадорлигини юксалтириш учун куплаб муҳим тадбирларни амалга оширмоқдалар. Жумладан, чорвачилик фермаларини янада кенгайтириш, наслчилик ишларини янада такомиллаштириб хайвонлар зотини яхшилаш, бу тармоқда прогрессив, ҳозирги замон технологиясини ва илғорлар тажрибасини кенг жорий этиш, ем-хашак базаси барқарорлигини ошириш ва янада мустаҳкамлаш, орир қул меҳнати жараёнларининг механизасиялаштириш даражасини ошириш, чорвачилик бўйича уз малакаларини тобора ошириш каби масалалар муҳим аҳамият касб этади,
Бу борада чорвачиликнинг муҳим, салмоқли ва етакчи тармоғи ҳисобланган қорамолчиликни жадал ривожлантириш ва бу соҳадаги барча омиллардан самарали фойдаланиш, халқимиз учун куп, сифатли ва арзон гўшт ва сут маҳсулотларини етиштириб бериш барча фермерларни диққат марказида турибди. Республикамиздаги куплаб фермер хўжаликларида куп ва сифатли сут етиштириш ишлар ҳозирда муҳим бўлгани учун қўйидаги ишларни кечиктирмай амалга ошириш керак бўлади.
Ем-хашак базасининг баркамоллиги ва мустаҳкам бўлишига қишлоқ хўжалик ҳайвонларини тўйимли, ширали, серсув ва сервитамин озиқлар билан йил давомида бир меъёрда таъмин этишга эришиш лозим.
Ем ва дон озиқларнинг, шунингдек, кунжара, кукун кунжара, шулха ва бошқа турли хил саноат чиқитлари, минерал моддалар; ҳамда барча турдаги ҳайвон дорилар билан таъминлаш зарур бўлади.
Барча чорва тармоқларидаги оғир қул меҳнат ишларини ва барча технологик жараёнларни ҳар томонлама тула механизасиялаштириш ишларини амалга тулиқ ошириш керак.
Чорва моллари наслини яхшилаш, зот сифатини юксалтириш, сигирларнинг қисир қолишига барҳам бериш, бузоқларни боқиш ва парваришлаш талаб даражасидаги сермаҳсул, cоғлом ва бақувват сигир ва насл буқалар етиштириш борасида фан янгиликлари ва илғорлар тажрибасидан етарли даражада фойдаланиш зарур бўлади.
Талаб даражасидаги замонавий молхоналар ва паррандахоналар билан кам-чиқим, енгил, улка шароитига мос ва арзон замонавий чорва биноларини қуриш ҳисобига таминлаш ҳамда мавжудларидан унумли фойдаланиш, ишларини ишларини амалга ошириш керак бўлади.
Қишлоқ хўжалик ҳайвон фермалари ходимларининг йил давомида узлуксиз, кечаю-кундуз бажарадиган ниҳоят оғип, сермашақат, масъулиятли ва шу билан бирга савобли меҳнатларига кўра уларни эъзозлаш ишларини ташкил қилиш керак бўлади.
Ушбу баён этилган асосий ҳал этилиши керак бўлган муаммоларни ҳал этмасдан туриб, барча жамоа хўжаликларида, айниқса сут қорамолчилигида кескин бурилиш қилиб бўлмайди.
Ҳайвонларни жадал усулда гушга семиртириш ишлари ҳам ҳар бир молбоқар ва чорвадорнинг диққат марказида бўлмоғи лозим. Бунинг учун гўштга семиртириш учун ажратилган ҳайвонлардан ёши, жинси, ориқ-семизлиги, вазни ва физиологик ҳолатига кўра махсус гуруҳлар ташкил этилиб, уларни етарли миқдорда тўйимли ем-хашак билан узлуксиз таъмин этиш лозим.
Бундан ташқари, ҳайвонларни талаб этилган расион асосида боқиб улардан ҳар суткада 900-1000 г вазн олинишига эришиб, етиштирилаётган гўштнинг таннархи ниҳоятда қимматлашиб, унинг сифати пасайишига йўл қўймаслик керак.
Республикамиз вилоятларидаги айрим фермер хўжаликларида қўйчилик ва паррандачиликни ривожлантириш борасида муайян ишлар қилинаётган булсада, ҳали бу соҳаларда куп ва сифатли маҳсулот етиштириш ишлари жиддий олиб борилмаяпти. Бинобарин, фермер хўжаликларидаги мавжуд нуқсонларни бартараф қилиш, иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш борасида ҳали куп ижобий ишларни бажариш талаб этилади.
Халқимизни чорвачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тулароқ қондириш учун республикамизда етарли имкониятлар бор. Илғорлар тажрибаси буни яққол кўрсатиб турибди. Агар ана шу имкониятлардан ишнинг кузини билган ҳолда тадбиркорлик билан унумли фойдаланилса қўйилган мақсадга эришилади.
Фермер хўжаликларида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш борасида асосий омиллардан бири меҳнат унумдорлигини юқори даражада бўлиши ҳисобланади. Меҳнат унумдорлиги маҳсулот ишлаб чиқариш бирлиги ҳисобида сарфланган ишчи вақти билан белгиланади.
Бузоқларни боқишда меҳнат унумдорлиги И с семиртиришга сарфланган ишчи (вақти) соати билан ҳисобланади. И с гўшт етиштириш ёки ҳайвонларни семиртиришга қанча кам ишчи соати сарфланган булса, шунча меҳнат унумдорлиги юқори бўлади. Ҳар бир тармоқни жадал ривожлантириш, иқтисодий даражасини оширишда, меҳнат унумдорлиги ва самарадорлик кўрсаткичлари юқори бўлишида ишчи вақтидан фойдаланиш ва уни ишни кузини билган ҳолда сарфлаш энг муҳим омиллардан ҳисобланади. Меҳнат унумдорлигини ошириш борасида барча мавжуд резервлардан унумли фойдаланиш ҳар бир фермер хўжалигининг шарафли бурчи ва муҳим вазифаси ҳисобланади.
Бузоқларни гўштга боқишда уларнинг семириш даражаси қанча юқори булса, меҳнат унумдорлиги шунча юқори бўлади ва аксинча. Бинобарин, бузоқларни жадал усуллар билан гўштга семиртириш меҳнат унумдорлигини юқори даражада бўлишини таъминлайди.
Фермер хўжаликларида меҳнат унумдорлигини оширишда барча жараёнларни автоматлаштириш ва механизасиялаштириш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада молхонадан гунг чиқариш, бузоқларга сут беришни ярим автоматик қурилмалар асосида бажариш, сочма ем озиқларни тарқатувчи механизмлардан унумли фойдаланиш меҳнат унумдорлигини оширишда салмоқли урин тутади. Бундан ташқари бузоқларни боқишда малакали ходимлардан фойдаланиш, фермада фақат бир текис, вазн жиҳатидан баробар ва тенг ёшли бузоқларни гуруҳ ҳолда боқилса, меҳнат унумдорлиги бирмунча юқори бўлади.
Фермер хўжаликларида механизм, аппарат, хона ва ускуналардан унумли фойдаланиш, ем-хашакни тежамли усулда сарфлаш, унинг тўйимлилигини ва ҳазм бўлиш хусусиятини ошириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ва меҳнат унумдорлигини кутариш, ҳамда хўжалик иқтисодисини мустаҳкамлаш ва рентабеллигини ошириш имконини беради.
Ҳар бир фермер хўжалиги рентабеллигини ошириш, меҳнат унумдорлигини юксалтириш ва ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархини арзонлантиришга боғлиқдир. Бинобарин, таннархи арзон бўлган маҳсулотни купроқ ишлаб чиқариш хўжаликни сердаромад бўлишида бирдан-бир муҳим омил ҳисобланади. Рентабеллик деганда олинган даромаднинг маҳсулот таннархига бўлган нисбати тушунилади ва фоиз билан белгиланади. Таннарх эса ҳар бир хўжалик ёки фермани ишлаб чиқариш фаолиятини ойдинлантирувчи муҳим кўрсаткич ҳисобланади. Таннархнинг тўғри ҳисобланиши биринчи галда харажат ва тақсим қилишга 6оғлиқдир. Маҳсулот таннархига турли хил харажатлар киради ва таннархдаги бу харажатларнинг бир-бирига бўлган нисбати таннарх структураси дейилади. Маҳсулотлар таннархи структураси ҳам таннархнинг юқори бўлишида қайси бир турдаги харажатларни купроқ таъсир қилиши ифодаланади.
Ҳозирги вақтда хўжаликларни рентабеллик даражаси асосан уч хил усулда аниқланилади. Биринчиси, товар маҳсулотлари рентабеллигини аниқлаш учун олинган соф даромадни реализасия қилинган (сотилган) маҳсулот таннархи қийматига тақсимлаш юли билан ҳисобланади. Умуман, хўжаликда етиштириладиган ялпи маҳсулотнинг рентабеллиги соф даромадни шу ялпи маҳсулот етиштиришга сарфланган харажатлар суммасига тақсимлаш усули билан ҳам ҳисоблаш мумкин. Иккинчиси хўжаликлардаги мавжуд фондларни хўжалик ишлаб чиқаришга таъсирини аниқлаш талаб этилса, унда соф даромадни асосий ишлаб чиқариш ва айланма фондларга тақсимланади. Учинчиси, хўжаликдаги барча фондлардан унумли ва расионал фойдаланишни тақозо этадиган ва барча сарфларни қисқартиришни назарда тутувчи усул ҳисоланади.
Ишлаб чиқариш рентабеллигини оширишда барча меҳнат жараёнларини комплекс механизасиялаштириш ва автоматлаштиришнинг тутган урни жуда каттадир. Маълумки, чорвачилик фермаларида бир вақтни ўзида бирнеча маҳсулот олинади. Улар асосий ва қушимча маҳсулот сифатида белгиланади. Масалан, бузоқларни боқишда уларнинг асосий маҳсулоти тирик вазнини ортиб бориши ҳисобланса, уларнинг гунги қушимча маҳсулоти сифатида юритилади ва у ҳам маълум даражада даромад келтиради. Умуман, ҳар бир хўжаликни бой, сердаромад ва иқтисодий жиҳатдан бақувват бўлиши ниҳоят фойдалидир. Хўжаликлар қулга киритган даромадни ишлаб чиқаришни кенгайтириш, хизматчиларнинг моддий ва маънавий томонларига, ободонлаштириш ишларига сарфлашлари мумкин. Бундай тадбирларни тўғри назорат қилиш учун фермер хўжалигида ҳисоб-китоб ишлари олиб борилиши лозим.
Шундай қилиб, ҳар бир чорва фермери, маҳсулот ишлаб чиқаришни тўғри юлга қўйиши, таннархини камайтириш, техника ёрдамида янги, жадал технология асосида иш олиб бориши муваффақият омили ҳисобланади.

«ЧОРВАЧИЛИК ВА ПАРРАНДАЧИЛИК АСОСЛАРИ» — М.З.МУРТОЗАЕВ, А.А.КУШАКОВ, Т.А.АЛИБОЕВ

Дўстларингизга ҳам улашинг!