Доривор рута ўсимлигини етиштириш

Рута табиий ҳолда Ўрта Ер денгизи, Жанубий Европа, Осиё мамлакатларида, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам ёввойи ҳолда ўсади. Россия, Украина ва Белоруссия давлатларида кенг майдонларда кўпроқ экилиб келинмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасининг айрим суғориладиган тупроқларининг кичик майдонларида экилмоқда. Доривор рута ўсимлигини унумдор, механик таркиби ўртача ва стуктурали тупроқларда экилса ёки дуккакли ўсимликлардан бўшаган ерларни ажратилса, яхши ўсади ва ундан кўпроқ хомашё йиғиб олиш мумкин. Доривор рута ўсимлиги экиладиган ерларни кузда тайёрлашдан олдин гектарига 20—30 тонна гўнг ва 40—50 кг фосфор ўғити бериб, 25—28 см чуқурликда ҳайдаб қўйилади. Эрта баҳорда, яъни март ойларининг бошларида ерларни бороналаб ва мола билан текислаб бегона ўтлардан тозалаб, тупроқ ҳарорати (10—15 см қатламида) 15—20°С бўлганда рута уруғи 1—1,5 см чуқурликда, қатор оралари 15 см эгатлар оралиғи 70 см қилиб сабзавот экиш мосламаларида экилади. Рута ўсимлиги уруғидан кўпаяди. Ўсимликнинг уруғи жуда майда бўлганлиги учун у секинлик билан ўсади. Тупроқда нам етарли бўлса уруғлар 6—8 кундан кейин униб чиқади. Намгарчилик етарли бўлмаган ерларда экиш билан бир вақтда суғориш учун эгатлар олинади. Ўсимлик ердан униб чиққандан кейин унга ишлов бериш бошланади. Рутани яхши ривожланиши, ундан сифатли ва мўл ҳосил етиштириш мақсадида қатор оралари культивация билан юмшатилади ва бегона ўтлардан тозаланади. Чунки бегона ўтлар ва ҳашаротлар кўпроқ зарар етказиши мумкин.

Ўсимлик 2—3 та чин барг чиқарганда қатор оралари ўтлардан тозаланиб ягана қилинади ва ҳар бир тупда 2—3 тадан ўсимлик қолдирилади. Агар уруғлар тўлиқ униб чиқмаган ерлар бўлса, у майдонларни тўлдириш учун (ремонг) яганалаш натижасида ортиб қолган бақувват ўсимликлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Рута ўсимлигини ўсув даврида яхши ўсиши ва ривожланиши учун гектарига 40 кг ҳисобидан соф азот ва 20 кг дан калий ўғити билан озиқлантирилади.

Иккинчи озиқлантириш рута ўсимлиги шонага кирган даврда гектар ҳисобига 30 кг азот ва 20 кг дан фосфор ўғити билан озиқлантирилади.

Озиқлантириш ҳар бир суғоришдан олдин амалга оширилиши лозим. Суғоришдан кейин рута ўсимлигининг оралари юмшатилади ва бегона ўтлардан тозаланади.

Рута ўсимлиги озиқа элементларга талабчан бўлганлиги учун охирги озиқлантиришни гуллаш олдидан 30 кг дан азот ва калий ўғити бериш билан тугатилади.

Вегетация давомида рутани ҳаво ҳарорати ва тупроқ намлигини ҳисобга олган ҳолда биринчи йили 7—8 марта суғорилади. Рута ўсимлиги иккинчи йили мева беради.

Иккинчи ва ундан кейинги йилларда суғориш ва ораларига ишлов бериш сони анча камаяди ва уни озиқлантириш хомашёси ўриб олингандан кейин амалга оширилади. Унинг хомашёси вегетация давомида гуллаш фазасигача икки марта ўриб олинади. Рутанинг маҳсулоти ер юзасидан 5 см қолдирилиб пичан ёки силос ўрадиган комбайн билан йиғиб олинади. Рута ўсимлигини ўсув даврида яхши парвариш қилинса, (ўғитлаш, суғориш, ораларига ишлов бериш, зараркунанда ва касалликларга қарши) гектаридан 4—5 тонна кўк масса, 600—700 кг қуруқ маҳсулот (барг, гул) ва 80—90 кг уруғ йиғиб олиш мумкин. Рута ўсимлигига барча маданий ўсимликларга ўхшаб вегетация давомида ўргимчаккана, ҳашарот личинкалари, барг шираси кўпроқ зарар келтиради. Касалликни олдини олиш учун 10% ли олтингугурт каллоид суспензияси ва децит эритмаси билан ишланади.