ЭЧКИЛАРНИНГ ЮҚУМЛИ ПЛЕВРОПНЕВМОНИЯСИ

Эчкиларнинг юқумли плевропневмонияси Pleuropneumonia infectiosa caprarum контагиоз касаллик бўлиб, тана ҳароратини кўтарилиши, крупоз пневмония ва сероз-фибринли плеврит билан характерланади.

Касалликнинг иқтисодий зарари. Эчкичилик хўжаликлари учун жуда катта иқтисодий зарар етказади. Касаллик биринчи марта учраганда 90-100 фоизгача эчкилар ўлади. Бўғоз эчкилар ёппасига бола ташлайди. Карантин белгилаш ва ветеринария профилакгикаси учун ҳам катта маблағ талаб қилинади.

Касаллик қўзғатувчиси ва унинг чидамлилиги. Эчкилар плевропневмонияси қўзғатувчиси физик ва кимёвий таъсирларга чидамлилиги ўртача 55-56 °С ҳароратда 40 дақиқа, жароҳатланган ўпкада 10-12 °С да 40 кун, 50% ли глицеринда хона ҳароратида 27 кун, 10-12 °С да қоронғи жойда 50 кун, 1-2 °С да 2 ой ўз ҳаётчанлигини сақлай олади. Дезинфекцияловчи воситалардан 3% ли креолин, 2% ли фенол, 3% ли ўювчи натрий қўзғатувчини 3 соатда ўлдиради.

Касалликнинг келиб чиқиши ва тарқалиши. Касаллик билан фақат эчкилар (100% гача) касалланади. Касалликка совуқ, эчкиларни зич сақлаш, қоронғи, нам шароит, уларни чарчатиб ҳайдаш, яхши озиқлантирмаслик ва бошқа резистентлигини пасайтирувчи омиллар сабаб бўлиши мумкин.

Касаллик манбаи бўлиб касалланган ва қўзғатувчи ташувчи эчкилар ҳисобланади. Улар касаллик қўзғатувчисини бурундан оққан шилимшиқ суюқлик, йўталганда ажралган шиллиқ модда билан ташқи муҳитга микроорганизмларни чиқаради. Касаллик куз, қиш, баҳор ойларида учрайди. Бундан ташқари, ҳайвонларни оч қолиши, шамоллаш, намликнинг ошиб кетиши касалликнинг келиб чиқишига ва ривожланишига кўмаклашувчи омиллар ҳисобланади. Ўлим жуда юқори (90-100%) бўлади.

Касалликнинг кечиши. Аэроген ҳолатда бронх ва альвеолаларга тушган қўзғатувчи ўпкада кўпаяди, тезлик билан яллиғланиш жараёнини келтириб чиқариши натижасида қон томирлар деворининг ўтказувчанлик хусусияти ошиб кетади ва у қонга ўтади. Ўпканинг ҳаво алмаштириш фаолияти бузилади. Кейинчалик ўпкада экссудатив жараён кучаяди ва ушбу жараён плеврага ўтади. Патологик жараён айрим ҳолларда иккала ўпка бўлагини ҳам қамраб олади. Пневмониянинг зўрайиши натижасида касал ҳайвон нафас олишга қийналиб асфикциядан нобуд бўлади.Касалликнинг клиник белгилари. Касалликнинг яширин даври 5-20 кун. Касаллик ўткир ва сурункали шаклларда кечиб, тана ҳарорати кўтарилиши (41-42 °С), ҳолсизланиш, иштаҳанинг йўқолиши, гуруҳидан орқада қолиш, йўтал, бурундан шилимшиқ суюқлик оқиши кузатилади. Нафас олиш қийинлашиб, юрак уриши ва йўтал зўрайиб бурундан йирингли шилимшиқ суюқлик оқа бошлайди. Натижада бурун тешиги атрофида қаттиқлашган пўстлоқлар пайдо бўлади. Кўкрак қафаси бироз қисилса, кучли оғриқ сезилади. Бўғоз эчкиларда бола ташлаш, кучли ҳансираш, бўйнини чўзиш, кўп ётиш, кучли инқиллаш ва кучаниш белгилари кузатилади. Нафас олганида бурун тешиклари кенгайиб, кўпиксимон суюқлик оқади. Тана ҳарорати 35-36 °С га тушиб кетади, ўлим асфикция оқибатида 5-10 кун ичида рўй беради. Ўлим олдидан эчкиларда диарея кузатилади (1-расм).

Айрим ҳолларда касаллик сурункали ҳолатга ўтиши мумкин. Бунда клиник белгилари яхши ривожланмайди. Иситма 10-12 кун ичида нормага келиб, умумий аҳвол бироз яхшиланади. Лекин ўпкадаги некроз ўчоқлари йўқолмайди. Шунинг учун, эчкининг умумий ҳолати жуда секин тиклана бошлайди. Йўтал тўхтамайди.

Касалликнинг ташқи клиник белгилари.

Патологоанатомик ўзгаришлари. Касалликдан ўлган ҳайвон жасади ёриб кўрилганда кўкрак қафасида кўп миқдорда қуйқали сарғишроқ суюқлик тўпланган, айрим ҳолларда бу суюқлик қон қуйилиш туфайли қизғиш рангда ҳам бўлади. Ўпканинг жароҳатланган бўлаклари катталашиб, қаттиқлашган, икки томонлама пневмония рўй беради.

Эчкилар ўпкасидаги патологик ўзгаришлар

Ташхиси. Касалликка ташхис эпизоотологик маълумотлар, клиник белгилар ва патологоанатомик ўзгаришларга асосланиб, дастлабки ташхис қўйилади. Касалликнинг тез тарқалиши, юқори даражада ўлим ва клиник белгилар дастлабки ташхис қўйишга асос бўлади. Аммо якуний ташхис, бактериологик текширишлар ва керак бўлса, соғлом эчкилар кекирдагига жароҳатланган ўпка суспензияси юбориб, биосинов қўйиш натижалари асосида якуний ташхис қўйиш мумкин бўлади.

Дифференциал ташхиси. Касалликни пастереллёз ва инфекцион агалактия касалликларидан фарқлаш зарур.

Даволаш. Касаллик бошланганда (пневмония белгиси намоён бўлгунга қадар) 3-10% ли новарсенол эритмасини 0,01 г/кг (қуруқ модда ҳисобида) дозада венага юбориш яхши натижа беради. Новарсенолни носоғлом хўжаликдаги ҳамма соғлом эчкиларга бериш тавсия этилади. 5-6 кундан кейин муолажа қайтарилади. Бу ўз навбатида касалликнинг тарқалишига йўл қўймайди. Осарсолни ҳам қўллаш мумкин, эритиш учун 2% ли сода ишлатилади (1,0 осарсол, 2,0 сода, 100 мл дистилланган сув). Янги тайёрланган эритма эчкилар оғзидан 1 кг оғирлигига 1 мл дан юборилади. 2 кун мобайнида ҳар 3-4 соатда 0,3 г миқдорида биомицин бериб борилади. Бундан ташқари, тетрациклин ёки окситетрациклин препаратларидан мускул орасига кунига бир марта 1 кг оғирликка 2 мг дан юборилади.

Иммунитет. Тузалган эчкиларда узоқ муддатли иммунитет пайдо бўлади. Касалликнинг олдини олиш учун эчкилар алюминий гидроксидли формол вакцина – Ўзбекистонда яратилган вакцина носоғлом ва хавфли хўжаликларда бир ҳафта оралиғида икки марта касалликнинг олдини олиш мақсадида эмланади. Вакцина бўйин териси остига юборилади, иммунитет 7-10 кундан кейин пайдо бўлиб, бир йилгача давом этади.

Олдини олиш ва қарши курашиш чоралари. Хўжаликдаги эчкиларни ветеринария врачининг рухсатисиз бошқа сурувлар билан аралаштирмаслик, хўжаликка фақат соғлом хўжаликлардан янги наслли эчкиларни олиб келиш ва уларни 30 кун карантинга олиш, клиник текширишдан ўтказилгандан кейин киритилиши лозим. Агар касаллик эчкилар орасида клиник, патологоанатомик, бактериологик текширишлар натижасида аниқланса, ветеринария низоми доирасида сурув ёки ферма носоғлом деб эълон қилинади ва унга карантин қўйилади.

Хўжалик ва қўйхоналар ҳар ҳафта 3% ли хлорли оҳак, 3-5% ли ўювчи натрий, 10% ли формальдегид, бир хлорли йод билан дезинфекция қилинади. Касал эчкиларни гўштга топширишга рухсат этилади. Эчкилар гўнги биотермик усулда зарарсизлантирилади.

Манба: «ҚЎЙ ВА ЭЧКИ КАСАЛЛИКЛАРИ»Тузувчилар: Қ.Ж. Шакиров – Тошкент давлат аграр университети Ипакчилик ва тутчилик факультети, “Умумий зоотехника” кафедраси доценти, қ.х.ф.д. А.И. Амиров – Тошкент давлат аграр университети “Умумий зоотехния” кафедраси ассистенти. Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: Агробанк АТБ

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.