ЭНГ ГЎШТДОР БУҚАЛАР

Қорамол зотлари жуда кўп. Сут, гўшт, насл берадиган зотлар ва ҳоказо.

Улар ичида гўшт берадиганлари алоҳида аҳамиятга эга. Дунёда сифатли ва ёғсиз гўштга бўлган талаб кун сайин ошиб бормоқда. Шу боис ҳам этдор қорамол зотларини боқишга қизиқиш бутун дунёда ортиб бормоқда. Қуйида ана шундай гўшти учун боқиладиган буқалардан бир нечтаси ҳақида сўз юритамиз.

Герефорд зоти

Бу буқа зоти XVII асрда Герефорд графлиги (Англия)да олинган. Гўшт етиштиришга ихтисослашган фермерлар орасида ушбу қорамол зотини боқиш бирламчи ўринда туради. Гавдаси йирик ва гўштдор, турли иқлимга тез ва осон мослашади, кучли жазирама ва совуққа бардошли. Уларни совуқ кунлари ҳам ташқаридаги қўрада боқса бўлади. Бош ва бел қисми асосан оқ, танасининг қолган қисми қизғиш жигарранг тусда бўлади. Туғилганида 30-35 килограмм бўлган бузоқча вояга етгач, 850-1000 килограммгача тирик вазнга эга бўлади. Йилига 400 килограммгача эт олиши мумкин. Умумий вазнининг 60-65 фоизи гўштдан иборат. Тана кўриниши ва гўштдорлик хусусияти наслдан-наслга ўтади.

Шортгорн зоти

Бу гўштдор буқа зоти XVI асрда Англияда, голланд ва маҳаллий қорамолни чатиштириш йўли билан олинган. Шортгорн буқасининг танаси бирмунча юмшоқ бўлади, унинг турли тусдагиси учрайди. Туғилганида 27-35 килограмм вазнга эга бузоқ вояга етгач, 850-1200 килограммгача етади. Айтишларича, бир кунда бир ярим килограммгача оғирлашиши мумкин экан. Умумий вазнининг 70 фоизи гўштдан иборат. Парваришда анчайин инжиқ ва нозиктабиат. Тери остига ёғ тўпланиши кеч бошланади ва шу боис ундан ёғсиз ҳамда сифатли гўшт олиш мумкин.

Шароле зоти

Ушбу буқа зоти XVIII асрда Францияда селекция (янги зот олиш) йўли билан, семментал ва шортгорн зотларини чатиштириш орқали олинган. Туғилганида 60 килогаммгача вазнга эга бўладиган бузоқча вояга етгач, 1000-1500 килограммгача етади, суяги йирик. Бу буқа зоти ҳам кун сайин ўсади ва янги туғилган бузоқчанинг вазни бир йил ичида 500 килограммгача етиши мумкин. Умумий вазнининг 60-67 фоизи гўштдан иборат. Парваришда инжиқ эмас ва исталган шароитга мослашиб кетаверади.

Абердин-ангусс зоти

Бу буқа зоти Шотландияда олинган ва бутун дунёга тарқалган. Асосан, Аргентина, Янги Зеландия, Канада, АҚШ, Россия ва бошқа МДҲ давлатларида боқилади. Танаси йирик ва бақувват, мушаклари жуда яхши ривожланган. Туғилганида атиги 25 килограммча келадиган бузоқча улғайгач, 850-1050 кило­граммгача етади. Онасидан ажратилганда 200 килограммгача тош босади ва кунига 800 граммгача эт олиши мумкин. Умумий вазнининг 70 фоизи гўштдан иборат. Гўшти сифатли ва мазали, тез пишади. Бироқ унга алоҳида парвариш зарур, иштаҳаси яхши бўлгани сабабли кўп ем-озиқа бериш талаб этилади.

Салерс зоти

Ушбу буқа зоти Марказий Франция тоғларида олинган. Дастлаб, оғир юкларни тортиш ва қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун боқилган. Ҳозирда ушбу қорамол зоти асосан, гўшти учун беш қитъанинг 25 давлатида боқилади. Буқа парваришга инжиқ эмас, жуда ювош феъл-атворга эга. Янги туғилган бузоқча 40 кило­граммгача тош босади ва кунига бир килограммгача эт олади. Вояга етган буқа эса 950-1100 килограммгача тош босади. Умумий вазнининг 60 фоизи гўштдан иборат.

Қозоқ оқбош зоти

ХХ асрнинг ўттизинчи йилларида Қозоғистонда турли зотларни чатиштириш йўли билан олинган. Боши оқ, танаси қизғиш тусда ёки қизғиш ола бўлади, ёзда юнги калта ва майин, қишда қалин бўлиб ўсади. Буқа жуда тез етилади, бир ярим ёшлигида оғирлиги 500 килограммгача етади. Вояга етган буқа эса 850-1000 килограммгача тирик вазнга эга бўлади. Умумий вазнининг 55 фоизи гўштдан иборат.

Қалмиқ зоти

Қалмиқ зотли буқалар бундан 350 йил муқаддам Мўғулистонда олинган. Танаси бақувват ва йирик, шу билан бирга, симметрик бўлади. Сарғиш жигарранг туслилари кўп учрайди. Ем-озиқага инжиқ эмас, жазирама ёки қаттиқ совуқда ҳам унча-мунчага вазн йўқотмайди.

Вояга етган қалмиқ буқаси 750-900 килограммгача тирик вазнга эга бўлади. Умумий вазнининг 60 фоизи гўштдан иборат.

Интернет манбалари асосида Муҳиддин МАЛЛАБОЕВ тайёрлади.