Фермер хўжаликларида қорамолларни парваришлаш

Қорамолни танлаш. Ҳар бир фермер хўжалиги ўзининг вилояти худида урчитиши учун районлаштирилган қорамол зотидан фойдаланишни тавсия этилади.

Наслчилик фермер хўжаликларидан   5-6 ойлик бўғозликдаги ғунажин сотиб олиб, уни туғишига мақсадга мувофиқ тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга.

Қишнинг совуқ кунларида бўғоз ғунажинлар сақланадиган бино ичида ҳарорат камида 180C дан кам бўлмаслиги талаб этилади, ҳавонинг нисбий намлиги 70% бўлиш мақсадга мувофиқ. Бўғоз моллар сақланадиган биноларда молнинг таги қуруқ, ва тоза бўлиши ва бинода елвизак бўлмаслигига керак.

Бўғоз мол туғишига 10-15 кун қолганида, уни туғишига тайёрлаб бориш чораларини кўриш ва кузатиб бориш учун навбатчи тайёрлаш талаб этилади.

Янги туққан сигирларни озиқлантириш. Ҳар бир фермер хўжалигида янги туққан сигир ҳисобига, унинг лактацияси давомида камида 3500-4000 кг сут соғиб олиниши лозим. Бунга эришишда чорвачиликнинг мустаҳкам озуқа базасини яратиб бориши талаб этилади. Бунинг учун фермер хўжалиги беда, маккажўхори, озуқабоп лавлагидан шунингдек оралиқ экинлардан арпа, третикале, жавдар, сули, ҳашаки нухотдан фойдаланиши мақсадга мувофиқ. Ишлаб чиқарилаётган ҳар 1 кг сут учун 1,0-1,2 озуқа бирлиги сарфлаш кўзда тутилади.

Сигирларни серсут қилиш. Тадбирини қўллаб лактациядаги сут маҳсулдорлигини 40-45% гача ошириш мумкин. Янги туққан сигир лактациясининиг дастлабки 90 куни мобайнида серсут қилинади. Бу тадбир янги туққан сигирларнинг оғиз сути муддати тугаганидан кейин, яъни 7-10 кундан сўнг қўлланилади. Сигирда назорат соғими ўтказилиб, бераётган сут миқдори аниқланилади, унга асосан ҳар бир кг кўпайган сут ҳисобига қўшимча 400 г-дан омхта ем берилади. Бундай озиқлантириш сигир лактациясининг дастлабки 90 кунигача давом этади. Бунда сигирларнинг елинини уқалаб бориш ва уни яйратиш муҳим тадбирлар ҳисобланади.

Сигирларни уруғлантириш. Ҳар бир фермер хўжалигида янги туққан сигирни, туғишдан кейин 60-80 кун давомида сунъий қочириш тавсия этилади. Бунинг учун фермер хўжалиги худудида жойлашган зооветеринария шахобчасининг сунъий уруғлантирувчи технигига мурожат этиш керак.

Сунъий қочиришда қора-ола зотли сигирларни уруғлантиришда ушбу зотнинг наслдор буқалари уруғидан ёки бу зотга қориндош жаҳон генафондига хос голштин зотига мансуб буқалардан, қизил чўл зотли сигирларни қочиришда ушбу зотга ёки англер ҳамда Дания қизил зотли буқалар уруғидан, швиц зотли сигирларни қочиришда ушбу зотга мансуб буқалардан, бушуев зотли сигирларни қочиришда фақат ушбу зотга мансуб наслдор буқалар уруғидан фойдаланиш тавсия этилади.

  Ёш бузоқларни мақсадга мувофиқ ўстириш. Фермер хўжалигида янги туғилган ҳар бузоқ  албатта ўз онасининиг оғиз сутини 7-10 кун давомида ичиши шарт.

Сут ичиши давомида, 3 ойда камида 300 кг сут ичишни тавсия этилади. Шунингдек янги туғилган бузоқларнинг бу даври охирида доимо сифати омухта ем ва беда пичани бўлиши мақсадга мувофиқ.

Сут ичиш даври тугаганидан кейин бузоқлар қиш даврида сифатли беда пичани, силос, сенаж, ем билан, ёзда эса кўк озуқалар ва ем билан меъёр асосида озиқлантирилиб борилади ва бузоқлар сақланаётган бинолар ҳамда майдончалар таги қуруқ ва тоза ҳолда тутилади. Урғочи бузоқлар 17-18 ойлигида тирик вазни 330-340 кг га етганда қочирилади.

 

Иқтисодий самарадорлик.

  • Бир лактацияда 3500 кг сут берадиган сигирни бозордаги ўртача баҳоси           8 миллион сўмни ташкил этади.
  •  Бир бош сигирдан лактация давомида 3500 кг сут соғиб олинса, бу сутнинг 1 кг қийматини бозор баҳосида ўртача  2500 сўмдан ҳисоблаганда у 8750000 сўм бўлади.
  • Олинган бузоқнинг баҳоси бозор нархида ўртача 2500000 сўмни ташкил қилади.
  • Ушбу маҳсулдорликдаги сигирдан лактацияси давомида бераётган сут миқдори ҳамда сигирдан олинадиган бузоқ билан умумий даромад 11250000 сўмни ташкил этади.
  • Сигирга сарфланган харажатлар олинган даромаднинг 25 фоизини ташкил этса, 2812500 сўм бўлади.
  • Олинган умумий даромад 11250000 сўмдан, сарфланган 2812500 сўм ва сигирнинг сотиб олинган 8000000 сўм харажатларини олиб ташласак, биринчи йилда 437500 сўм соф фойда олинади.
  • Сигирдан кейинги 5 йилда ҳам фойдаланилишини инобатга олсак, бир сигирдан бир йилда олинган фойда 11250000 х 5 = 56250000 сўм, қилинган харажат 2812500х5=14062500 сўм бўлса биринчи йилги фойдани қўшиб хисобланса 6 йилда 42625000 сўм соф фойда олинади.

А.Нурматов

Чорвачилик ва паррандачилик  илмий тадқиқот институти.

 111212, Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Зафаробод ҚФЙ, Шалола махалласи, ЎзЧИТИ  кўчаси.     iim.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!