«ГОВМИШ» СИГИРЛАР МУАММОЛАРИ

Дунёда серсут соғин сигирлар йилига 550 млн. тоннага яқин сут беради. Энг кўп сут Европада ишлаб чиқарилади. Буюк Британиянинг ўзида 2,8 млн. сигир бор. Башорат қилишларича, 2020 йилгача Жанубий Осиё сут ишлаб чиқариш бўйича Европани ортда қолдиради.

Соғин сигирлар интенсив индустриал методларни қўллаган ҳолда асралиб, бунда сут ажратишни сақлаш учун ҳар йили бузоқлар туғилиши назарда тутилади. Сигирлар бўғозлиги ва лактация йилига 9 ва 10 ой давом этади. Туғруққа қадар 2 ой қолганда лактация тўхтатилади. Туғруқдан уч ой ўтгач, сигир яна бўғоз бўлади. Бунга кўпинча сунъий уруғлантириш ёрдамида эришилади ва шу тариқа цикл такрорланади. Аксарият ҳолларда сигирлар 2-4 марта болалагач, жуда ориқлаб кетади, оқибатда соғлиғи билан боғлиқ жиддий муаммоларга дуч келади, маҳсулдор бўлмай қолади, натижада эса сўйиш учун топширилади. Гўштнинг бундай паст навларидан асосан бургерлар ишлаб чиқаришда фойдаланилади.

Бузоқлар сигирлардан 1-3 кунлик ёшда ажратилади, лекин улар бундан кейин яна узоқ вақт оналарига эҳтиёж сезади. Кўплаб фермерлар гўшт учун боқишни хоҳламаганлиги сабабли буқачаларни туғилгандан сўнг бир неча кун ўтгач сўйишади.

Буқаларни парваришлашда кўпинча қуйидагича тизим қўлланилади: ҳайвонларга “махсус” озуқа берилган ҳолда тор катакларда сақланади, “махсус” бузоқ гўшти тайёрланади (Буюк Британияда бу тизим CIWF ташкилотининг махсус кампанияси билан 1990 йилда тақиқланган).

Генетиклар ҳиссаси туфайли ҳозирги сигирлар бузоққа керакли бўлган миқдордан кўра ўн марталар кўпроқ сут бера олади. Масалан, Буюк Британияда кунига 30-35 л. Бундай улкан миқдор соғлиқ билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши табиий: елин ҳажман шу қадар катталашадики, ўз-ўзидан меъёрида қадам ташлашга имкон бермай қўяди, келгусида ушбу омил оқсаш ва орқа билан боғлиқ муаммоларга сабаб бўлади.

Оқсоқлик. Серсут сигирлар бўйича етакчи мутахассислардан бири профессор Жон Вебстер таъкидлашича, оқсоқлик говмиш сигирлар учун ўта жиддий муаммо ҳисобланади. Ливерпул университети олимлари 32 та ферма фаолиятини тадқиқ қилишиб, қилинган ишлар бўйича ҳисобот тайёрлашди. Унда йил давомида 100 та сигирдан 54 тасида оқсоқлик қайд қилинганлиги ҳам эътиборга молик.

Оқсоқликни келтириб чиқарувчи кўплаб омиллар мавжуд. Масалан, қишда сигирлар оғилхоналарда сақланади. Голштин зотли сигирлар учун улар торлик қилди, шунинг учун ҳайвонларнинг орқа туёқлари доимо ўта нам бўлган гўнг тозалаш учун мўлжалланган жойда туради. Кўплаб оғилхоналар цемент полли ихтисослаштирилмаган дам олиш жойига эга бўлади. Яна бир муҳим жиҳат шуки, сигирлар ўзини яйловда яхшироқ ҳис қилади. У ерда улар хотиржам ётиши мумкин, оғилхонада боқиш эса уларни узоқ вақт тик туришга мажбур қилади, бу эса оқсоқликка сабаб бўлади. Шунингдек, силоснинг ҳаддан ташқари кўп берилиши каттақорин ичидаги нарсалар ачишига олиб келади ва таянч-ҳаракатланиш аппарати билан боғлиқ муаммолар юзага келишига замин яратади.

Мастит. Буюк Британиядаги соғин сигирларнинг учдан бир қисмидан кўпроғида ҳар йили мастит билан касалланиш қайд қилинади. Савол туғилади: уч лактация давомида қанча сигир мастит билан касалланмаган? (Шу сабаб мастит фермерлар учун жиддий иқтисодий муаммо эканлигини эътироф этиш жоиз). Ҳайвонлар ушбу касалликни жуда оғир ўтказади. Масалан, соғиш аппаратини елиннинг касалланган қисмига улаш кучли оғриқларни юзага келтиради. Бунинг олдини олиш учун санитария ва ветеринария гигиенаси қоидаларига риоя қилиш, биноларни лойиҳалашда ушбу омилни ҳам ҳисобга олган ҳолда иш юритиш лозим. Шуни ҳам қайд қилиш керакки, соғиш аппаратларининг мукаммал эмаслиги мастит пайдо бўлишидаги сабаблардан бири бўлиши мумкин.

Кетозлар. Серсут сигирларни мунтазам ёки ҳолларда тўсатдан оқсил ва ёғларга бой озуқалар (концентрацияланган озуқалар) билан озиқлантириш сигирлар ацетонемисининг энг эҳтимолий сабабларидан бири саналади. Узоқ вақт оғилхонада сақлаш, моцион мавжуд эмаслиги ва бошқалар ҳам бунга ўзига яраша таъсир кўрсатади. Сигирлар ошқозон-ичак тракти бузилишидан, юрак хасталиклари, асаб ҳодисалари, мушак кучсизлиги, оқсоқлик кабилардан азият чекади. Булар аксарият ҳолларда ўлим билан тугайди.

Кальций етишмаслиги. Нотўғри озиқлантириш, моцион мавжуд эмаслиги оқибатида кўпинча соғин сигирлар кальций етишмаслигидан азият чекади. Ушбу касалликка юқори маҳсулдор говмиш ҳайвонлар мойилроқ бўлиб, гўшт йўналишидаги қорамолларда камдан-кам кузатилади. Мазкур касаллик мушак нимжонлиги, иштаҳанинг ёмонлашуви, суяклар юмшаши кабиларга сабаб бўлади, кучли даражада ориқлаш туфайли ўлим содир бўлади. Англиялик олим Вебстер кўплаб хўжаликларда 5-8% ҳайвонларда гипокальциемия касаллиги кузатилишига ишора қилади, бу эса йилига минглаб ҳайвон деганидир. Бинобарин, селекционерлар юқори маҳсулдор зотлар селекциясида ушбу далилни инкор қилаётган бўлиб чиқади.

Яйлов тетанияси. Магний етишмаслиги оқибатида пайдо бўлади. Томир тортишиши, хомушлик, мушак нимжонлашиши билан бирга кузатилади. Озуқада кальций ва магний етишмаслиги, кескин равишда яйловда боқиш даврига ўтказиш оқибатида пайдо бўлади. Вебстер қайд қилишича, ушбу касалликда сигирлар организмидаги магний миқдори даражасини назорат қилиш учун физиологик механизмга эга бўлмайди. Бунда ушбу механизм яшаб қолиш учун зарур бўлмаган, деб тахмин қилинади (Webster, 1987). Бошқа касалликлардан туёқ касалликлари анча кенг тарқалган.

Барча сигирларнинг қарийб тўртдан бири ушбу касалликдан азият чекади. Вебстер қайд қилишича, кушхона инспекцияси деярли ҳар бир ҳайвон мазкур касалликка чалинганини кўрсатади. У томонидан туёқ касалликлари ҳозирги сут қорамолчилигидаги энг йирик муаммолардан бири сифатида эътироф этилиши ҳам бежиз эмас (Webster, 1987). Ушбу касалликларнинг сабаблари эса кўпинча нотўғри озиқлантириш ва сақлаш ҳисобланади. Сунъий уруғлантиришга ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Пухта ўйлаб амалга оширилмаган сунъий уруғлантириш кўп ҳолларда турли гинекологик муаммолар пайдо бўлишига олиб келади. Хусусан, сигирларнинг индивидуал хусусиятлари (масалан, тос суягининг кичиклиги ёки торлиги) ҳисобга олинмай ўтказилганда туғруқ жараёни жуда қийин кечишига сабаб бўлади, кейинчалик эса йўлдош тутилиши ва бачадон яллиғланишига олиб келади. Куйга келишини тезлаштириш учун гормонал препаратлар қўлланилиши ҳам гинекологик касалликларга сабаб бўлади.

Ҳозирги сигирлар максимал миқдорда сут ишлаб чиқариш учун селекция қилинган. Бу эса елин ҳажми катталашишини келтириб чиқариб, кўпинча туёқ касалликлари ва мастит пайдо бўлишида ўзига хос омилга айланмоқда. Нотўғри озиқлантириш, номақбул сақлаш шароити ўзгартирилиши лозим. Сунъий уруғлантириш ва гормонал препаратларни қўллашдан олдин оқибатлари ҳақида ҳам пухта ўйлаб олиш зарур. Сигирларни сақлашда уларнинг инстинктив хатти-ҳаракат эҳтиёжларини инобатга олиш талаб қилинади: ҳайвонларнинг ҳаёти учун мақбул шароитни таъминлаш лозим.

Манба: Veterinariya Meditsinasi Jurnali

Дўстларингизга ҳам улашинг!