ҲАЙВОНЛАРНИ БОҚИШ МАХСУЛДОРЛИГИНИГА ТАСИР ҚИЛУВЧИ ОМИЛЛАР

74

Чорва молларининг яхши ўсиши ва уларнинг маҳсулдорлигини оширишда ташқи муҳит катта таъсир қилади.
Чорвачиликни ривожлантиришда иқлим, шу жойининг ўзига хос шароитлари ҳал қилувчи рол ўйнайди. Иқлимнинг ҳайвонларга ҳам, ем-хашак базасига ҳам таъсири бўлади. Молхоналардаги ҳавонинг иссиқлиги, намлик даражаси, таркибидаги газларнинг алмашинуви ҳам молхонанинг ёритилиш даражаси қишлоқ хўжалик ҳайвонларига таъсир қилади.

Ҳарорат. Ҳайвонлар совуқда қолса, танасидан иссиқлик ажралиши кучаяди, унинг ўрнини тўлдириш учун эса организм кўпроқ ем-хашак талаб қилади, бундай ҳолда озиқ модда етишмаса маҳсулдорлиги камаяди ва сифати ёмонлашади. Шунингдек, ҳайвонлар совуқда узоқ муддат қолиб кетса шамоллайди, касалланади ва ҳатто нобуд бўлади. Ҳайвонларнинг тери остидаги ёғ қатлами ва терининг қалин жун билан қопланиши танадан иссиқликнинг тарқалишига ва организмга совуқнинг таъсир этишига йўл қўймайди, аммо ҳароратнинг нормадан пасайиши ҳам ҳайвонга ёмон таъсир қилади. Ёш ҳайвонлар катта ёшдаги ҳайвонларга нисбатан совуққа чидамсиз бўлади.
Чорва молларига юқори ҳарорат ҳам ёмон таъсир қилади. Юқори ҳароратда ҳайвонлар терлайди, натижада ҳайвонда сув ва энергия кўп сарфланади. Қуёш остида қолган молларни офтоб уради ва касалга чалинади.
Намлик. Чорва моллари боқиладиган хоналарда маълум миқдорда намлик бўлиши керак. Бу намлик ҳароратга ва молхонадаги ҳавонинг алмашинишига боғлиқ бўлади. Полдаги, сувдонлардаги ва ҳўл ем-хашакдаги намнинг буғланиши натижасида молхонада ҳавонинг намлиги ортади. Шунингдек, ҳайвонлар нафас чиқарганда ва терлаганда ҳам кўп миқдорда сув буғланади. Масалан, 400-500 кг келадиган сигир бир суткада 8-12 кг намликни буғлантириши аниқланган.
Молхонада намликнинг кўп бўлиши ҳам, ортиқча қуруқ бўлиши ҳам ҳайвонларга ёмон таъсир қилади. Совуқ, нам ҳавода ҳайвонлар иссиқликни кўп тарқатиши натижасида совуқ қотади ва шамоллаб касал бўлади. Айниқса, совуқ нам ҳаво ёш ҳайвонлар учун анча хавфли.
Жуда иссиқ ва нам ҳавода ҳайвонлардан намлик кам буғланади, натижада танадан иссиқлик кам тарқалади, шу сабабли ҳайвонни иссиқлик элтади. Бундай шароитда ҳайвонларнинг иштаҳаси йўқолади ва маҳсулдорлиги камаяди.
Иссиқлик ва ҳаво намлигини камайтириш учун молхоналарни шамоллатиб туриш муҳим аҳамиятга эга. Молхонада намликни камайтириш учун ҳайвон тагига қуруқ қипиқ, майда похол ва шу каби тўшамалар солинади. Бу тўшамалар намликни камайтириш билан бирга, гўнгнинг сифатини яхшилайди.
Молхона ҳавоси ҳаддан ташқари қуруқ бўлса, молларнинг томоғи қуриб қолади ҳамда чанг кўпайиб касалланишига сабабчи бўлади.
Ёруғлик. Молхонага ёруғлик яхши тушиб туриши лозим. Ёруғ хоналарда моллар ем-хашакни яхши топиб ейди. Ёруғлик тушиб турадиган хоналарда паррандалар, отлар, қорамоллар ва чўчқалар яхши ривожланади. Лекин молхонага кечаси лампалар ёқиб қўйиш молларнинг яхши дам олишига халақит беради.
Молхоналарга қўйиладиган талаблар. Чорва моллари учун мўлжалланган фермалар шамол томондан ҳимояланган, ер ости сувлари чуқурлиги 4 м дан кам бўлмаган баландроқ жойга қурилиши лозим. Шунингдек, молхоналар аҳоли яшайдиган бинолардан камида 500-1000 м нарида, шамолга тескари ва пастроқ томонда, темир йўл ва автомобиллар қатнайдиган катта йўллардан 300 м узоқда бўлиши мақсадга мувофиқ.
Молхоналарни қуришда иссиқликни кам ўтказадиган материаллардан фойдаланиш лозим. Бетон, ёғочга қараганда иссиқликни тез ўтказади. Шунинг учун молхоналар ёғочдан қурилса яхши бўлади. Ёғоч иссиқликни кам ўтказади, лекин ўзига нагл тортади. Шунинг учун ёғочдан қурилган биноларнинг ҳавоси нисбатан қуруқ ва иссиқроқ бўлади, лекин ёғоч тез чирийди.
Бетон чиримайди, ёнмайди ва чидамли бўлади. Шунинг учун молхоналарни йиғма темир-бетонли, ичи ғовак плиталардан фойдаланиб қуриш мумкин.
Молхоналарнинг поли пишиқ, совуқ ўтказмайдиган, текис, ҳайвонлар тийғаниб йиқилмаслиги учун бир оз ғадир-будур бўлиши лозим. Дераза ва эшиклари жипс ёпиладиган, молларнинг чиқиши ва киришига имкон берадиган ҳамда ем хашакни тарқатиш машиналари кира оладиган кенг бўлиши, лозим.
Молхоналарни шамоллатиб туриш учун ҳаво тортадиган трубалар ёки махсус ҳаво алмаштиргич ўрнатилади. Натижада молхонадаги зарарли газлар, сув буғлари чиқиб, у тоза ҳаво билан алмашинади ва ҳайвонлар учун қулай шароит вужудга келади.
Чорва молларини соғлом ва бақувват ўстириш учун улар сақланадиган хоналар гўнгидан ва шалтоғидан доим тозалаб турилади.
Сувнинг аҳамияти. Сув ҳайвонлар ҳаётида жуда муҳим ахамиятга эга. Ҳайвонлар организмининг 65-70 % ини сув ташкил этади.Айниқса, ёш моллар танасида катта ёшдаги ҳайвонларга нисбатан сув кўпроқ бўлади.
Ҳайвонларда кечадиган барча жараёнлар сув туфайли содир бўлади. Ҳайвонлар танасидаги заҳарли моддалар сув билан бирга ташқарига чиқиб кетади ҳамда сувнинг буғланиш натижасида ҳайвонлар танасидаги иссиқлик пасаяди. Ҳайвонлар сувсиз ҳаёт кечира олмайди. Шунинг учун ҳайвонларни сув билан ўз вақтида таъминлаш, уларнинг маҳсулдорлигини оширади.
Бир суткада соғин сиғирлар 80 литр, олти ойликкача бўлган бузоқлар 20 литр, катта ёшдаги қўйлар 10 литр, чўчқалар 25 литр, болали чўчқалар 60 литр ва товуқлар эса бир литр атрофида сув сарфлайди.
Сувнинг тозалиги. Ҳайвонларга бериладиган сув тоза бўлиши лозим. Сувда ҳайвонлар учун зарарли бўлган заҳарли моддалар, касаллик тарқатувчи микроблар ва ҳар хил тузлар бўлмаслиги керак. Чорва моллари ичадиган сув тиниқ, рангсиз, ҳидсиз ва мазали бўлиши лозим. Сувда ҳар хил тузлар бўлса, уларнинг мазаси тахир, аччиқ, шўр ёки қўланса ҳидли бўлади. Бундай сувни ҳайвонлар яхши ичмайди ёки мутлақо истеъмол қилмайди.
Ҳовуз ва кўл сувларидан баъзан балиқ ёки балчиқ ҳиди, сувдаги ҳар хил моддаларнинг чириши натижасида ундан моғор ёки қўланса, ёқимсиз ҳид келади, бундай сувларни ҳайвонлар истеъмол қилмайди.
Сув манбалари. Чорва молларига бериладиган сувнинг асосий манбалари дарйодан оқиб келадиган, қор ва ёмғир, кўл ва ҳавза, булоқ ва ер ости сувлари ҳисобланади.
Дарё сувлари баҳорги ёғингарчилик ва сув тошқини туфайли лойқаланади, унда ҳар хил аралашмалар кўпайиб кетади. Шунингдек, улар саноат ва аҳоли чиқиндиларининг қўшилиши натижасида ифлосланиши ҳам мумкин. Ҳайвонларга сув беришда ана шуларни ҳисобга олиш лозим.
Ёмғир ва қор сувларининг таркибида тузлар кам бўлганлигидан уларнинг сифати тез бузилади.
Чорва моллари учун булоқ суви тушадиган кўллардан фойдаланиш мумкин. Оқмайдиган, таги саёз ва ботқоқли кўл сувлари ҳамда бузилган ва ифлосланган ҳовуз сувлари ҳайвонларнинг ичиши учун ярамайди.
Ер ости сувларидан чорва молларини суғоришда фойдаланиш учун унинг таркибини текшириб кўриш лозим. Ер ости сувлари ифлосланмаган ва тузлари кўп бўлмаса ундан фойдаланиш мумкин.
Ер остидаги сув ўтказмайдиган берч қатламда тоза сув бўлиб, улар сифат жиҳатидан анча юқори бўлади. Булар баъзан булоқ сувлари цингари ер бетига чиқиши мумкин, айрим ҳолларда ерни ковлаб қудуқ қилинади ёки сув насослари ёрдамида тортиб олиниб, чорва моллари учун фойдаланилади.
Сувни тозалаш ва зарарсизлантириш. Сувлар айрим майда ҳайвонлар таъсирида тозаланиб туради. Масалан, майда жониворлар сувдаги органик моддалар билан озиқланади, микроблар ва кислород таъсирида сувдаги аралашмалар парчаланиб сувлар табиий ҳолда тозаланиб туради.
Аммо ўта ифлосланган сувларни қўшимча тозалашга тўғри келади. Бунинг учун сув махсус сув омборларида тиндирилади, ундаги ифлосликлар сув тагига чўкади. Шунингдек, сувни тозалашда филтрлардан фойдаланилади. Сувни қум, шағал, кўмир ва мармартош увоқлари орасидан ўтказилса сув тоза бўлади.
Ифлос сув орқали ҳар хил касалликлар тарқалмаслиги учун уларни кимёвий моддалар билан зарарсизлантирилади.
Чорва моллари учун ишлатиладиган сув жуда иссиқ ёки ҳаддан ташқари совуқ бўлмаслиги лозим. Сувнинг ҳарорати 12° атрофида бўлса яхши ҳисобланади.

Манба: «ЧОРВАЧИЛИК ВА ПАРРАНДАЧИЛИК АСОСЛАРИ» — М.З.МУРТОЗАЕВ, А.А.КУШАКОВ, Т.А.АЛИБОЕВ

Дўстларингизга ҳам улашинг!