Қўйчиликда учрайдиган инвазион касалликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш тадбирлари» тўғрисидаги 02.09.2020 йил ПФ–6059 сонли фармонида. Давлатимизда қўйчилик, қоракўлчиликни ривожлантириш ва бош сонини кўпайтириш, экспортга мўлжалланган тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, шунингдек, халқни ишлаб чиқарилган
сифатли ва арзон, қўйлардан олинадиган маҳсулотлар билан таъминлаш буйича босқичма-босқич тадбирлар олиб борилмоқда.
Республикамиз иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги алоҳида ўринга эга ва бу соҳани ривожлантиришга катта аҳамият берилмоқда. Қишлоқ хўжалигининг асосий тармоғи бўлган чорвачиликни ривожлантиришда ва рентабеллигини оширишда давлат, фермер ҳамда хусусий хўжаликларда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалик ҳайвонлари сонини кўпайтириш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш, соғлом авлод олиш, уларни тўғри парваришлаш, турли касалликлардан сақлаш каби омилларга боғлиқлигидир.
Олимлар томонидан бугунги кунда ҳайвонлар орасида учрайдиган деярли барча касалликларни аниқлаш, даволаш ҳамда олдини олишнинг илмий асослари ишлаб чиқилган ва амалиётда кенг қўлланилиб келинмоқда. Қишлоқ хўжалик
ҳайвонларнинг паразитар касалликлари, айниқса, чорвачиликда бу касалликлар катта зарар келтирувчи касалликлар бўлиб, қишлоқ хўжалик ҳайвонлар орасида содир бўладиган паразитар касалликларнинг катта иқтисодий зарар келтириши чорвачиликда асосий муаммолардан бири бўлиб келмоқда. Инвазион касалликлар билан жаҳондаги барча ҳайвон ва одамлар касалланади.
Илмий объектлар сифатида фермер хўжаликлари ва хўжаликларда инвазион касаллик билан касалланган қуйлардан фойдаланилди. Қўйларда учрайдиган инвазион касалликларига қарши курашишда, ветеринар олимларнинг олиб борган илмий кузатишлари, шунингдек, ҳайвонлар касалликларини ташхислаш, даволаш ҳамда профилактика қилишга бағишланган тадқиқот ҳамда амалий клиник ишлари
натижаларидан фойдаланилди.
Олиб борилган илмий тадқиқотлар натижаларимиз мобайнида қўйлар орасида касалликлар ҳайвон ўзининг ахлати билан ташқи муҳитни, айниқса тупроқ, яйловлар ва сувни ифлослантиради. Қўзғатувчи алиментар йўллар озуқа ва сув орқали, овқат ҳазм қилиш тизими шиллиқ пардалари орқали киради. Профилактика учун қўтонларни, яйлов ва сув ичиш жойларининг ветеринария-санитария ҳолатини назорат этиш талаб қилинади. Касалликнинг ривожланишига кўмак берувчи омиллар бартараф этилиши зарур.
Инвазион касалликларнинг таърифи ҳайвонот дунёсига кирувчи паразитлар (бир ҳужайрали содда ҳайвонлар, гельминтлар, ўргимчаксимонлар, ҳашаротлар ва уларнинг
личинкалари) томонидан чақириладиган барча касалликлар инвазион ёки паразитар касалликлар деб юритилади (invasion – лотинча ёриб кириш ёки ҳужум қилиш демакдир).
Айнан бир ҳудудда инвазион касалликларнинг содир бўлиши учун касалликка мойил бўлган ҳайвонлар, касалликнинг қўзғатувчиси ва унинг ривожланиши, тарқалиши,
юқиши учун ташқи муҳитнинг биотик ва абиотик омиллари мавжуд бўлиши керак. Биотик омилларга касалликка чалинувчи организмлардан ташқари паразитнинг ривожланиши, тарқалиши учун зарур бўлган оралиқ хўжайинлар (умуртқасиз
ва умуртқали ҳайвонлар) ҳам киради.
Инвазион касалликлар клиник жиҳатдан тўлиқ ифодаланган, субклиник яъни клиник белгилар кучсиз ифодаланган, яширин яъни клиник белгилари унча аниқ бўлмаган шаклларда кечади. Буларнинг барчаси касалланган ҳайвонларнинг сонига (инвазия энтенсивлиги), ҳайвонларнинг индивидуал хусусиятларига, шу жумладан, ёшига боғлиқ.
Кўпчилик протозой касалликлар ва арахнозлар аниқ ифодаланган клиник белгиларга эга. Айрим гельминтозларда клиник белгилар унчалик аниқ ифодаланмайди.
Инвазион касалликлар одатда ўткир ҳамда сурункали оқимларда кечади. Уларнинг қайси оқимда содир этилиши ҳайвон организмидаги паразитларнинг миқдорига, касаллик қўзғатувчисининг патогенли хусусиятига ва паразит-хўжайин ўртасидаги муносабатларни қайси даражада ривожланишига боғлиқ. Кўпчилик гельминтозларда ўткир оқим паразитларнинг ёшлик даврида кузатади.
Паразит ва хўжайин организмлари бир-бирлари билан мустаҳкам алоқада ҳамда ўзаро чамбарчас боғлиқ ҳолда бўлади. Агар паразит хўжайин организмига турли туман
таъсир кўрсатадиган бўлса, айни пайтда хўжайин организми ҳам ўз навбатида ҳимояланиш мақсадида унга қарши таъсир кўрсатади. Бу омиллар паразитларнинг ҳаётий жараёнларига бирмунча салбий таъсир этади. Паразитларни хўжайин организмига таъсир этиш хусусияти турли шароитларга боғлиқ бўлади: бир томондан паразитнинг турига, унинг морфо-физиологик хусусиятига ва инвазионлик даражасига боғлиқ бўлса, иккинчи томондан хўжайин организмининг индивидуал хусусиятлари ва касалликка қарши туриш қобилиятига, қўзғатувчиларнинг жойлашган ўрнига (аъзо, тўқима) ва хўжайин организми ҳимояланиш реакциясининг тезлигига боғлиқ бўлади. Паразитнинг хўжайин организмини қуйидагича ифодалаш мумкин:
1. Механик таъсир;
2. Токсик таъсир ва аллергик ҳолатларни (ҳодисаларни) пайдо бўлиши;
3. Патогенли микробларни ёриб кириши ва активлашиши;
4. Хўжайин организми учун ҳаётий зарур озиқ моддаларни текинхўрларча ўзлаштириши;
5. Маълум орган ва бутун организмга салбий таъсир этадиган турли заҳарли моддаларни ажратиши;
6. Хўжайин организмига хилма-хил патоген микроорганизм ва вирусларни кириши учун йўл очиши;
7. Организмнинг умумий кучсизланиши (чидамлиликнинг пасайиши) ва унинг турли касалликларга чалинишига мойиллигининг ортиши.
Шуни қайд этиш лозимки, паразитларни хўжайин организмига бундай турлича таъсир этиш усуллари кўпинча бирбирлари билан ўзаро боғлиқ ва бу таъсирлардан бири одатда бошқачароқ кўринишда (юқори даражада) намоён бўлиши мумкин. Бу ҳолат организмга умумий таъсир кўрсатишда яққол ифодаланади.
Бу касалликлар етказадиган иқтисодий зарар қуйидагилардан иборат:
Эпизоотия даврида моллар қирилиб кетади, касаллик сурункали ўтиши туфайли ҳайвонлар ориқлайди, касалланган ёш моллар ўсиш ва ривожланишдан орқада қолади, касал ҳайвонларнинг маҳсулдорлиги яъни гўшт, сут, жун, бола туғиши кескин пасаяди, инвазия билан зарарланган ҳайвонларнинг гўшти, ички органлари кўплаб брак қилинади, ниҳоят, инвазион касалликлар қишлоқ хўжалик ҳайвонларини
кучсизлантириб, уларнинг ҳар хил юқумли ҳамда юқумсиз касалликларга мойиллигини орттиради, айрим инвазион касалликлар социал аҳамиятга эга бўлиб, инсон саломатлигига катта зарар етказади. Гельминтозоонозлар деб аталган бундай гельминтоз касалликларига эхинакоккоз, финноз, трихинеллез ва бошқалар мисол бўлиши мумкин.
Паразитлар касалликларнинг эпизоотологияси инвазион касалликларнинг пайдо бўлиш сабаблари, тарқалиш йўллари, ривожланиш қонуниятлари ва оқибатини ўрганади.
Инвазион касалликларининг тарқалиши табиий шароитга (иқлим, тупроқ, ҳаво, сув манбалари, яйлов, умуртқасиз ҳайвонларнинг кўп-озлиги, ўсимликлар тури ва хоказо),
ҳайвоннинг ёшига, жинсига,зотига, ёввойи ҳайвонлар ва уларнинг қишлоқ хўжалик ҳайвонлари билан бўлган муносабатига.
ҳайвонларни боқиш, асраш, озиқлантириш, ёш молларни парвариш қилиш ва бошқа омилларга боғлиқ. Шунинг учун ҳам ҳайвонларда ҳар бир инвазион касалликнинг мавжуд ташқи шароитига кўра тарқалиши ҳар хил бўлади. Инвазион касалликларнинг ҳар хил даражада тарқалиши иккита кўрсаткич: экстенсив ва интенсивлиги билан ифодаланади.
Паразит гельминтлар қўзғайдиган касалликларни ва уларга қарши кураш чораларини ўрганадиган фан гельминтология дейилади.
Гельминтлар жуда кўп учрайдиган организмлар бўлиб, улар беш типга бўлинади. Улардан қуйидаги уч тип вакиллари ветеринарияда катта аҳамиятга эга.
I. Ясси гельминтлар (трематода ва цестода синфлари)
II. Юмалоқ гельминтлар (нематода синфи)
III. Хартумли (илмоқ бош) гельминтлар (акантоцефал
синфи).
Бу гельминтлар қишлоқ хўжалик ҳайвонлари, ёввойи ҳайвонлар, қушлар ҳамда одамларда трематадоз, цестодоз, нематодоз ва акантоцефалёз касалликларини қўзғайди.
Қишлоқ хўжалик ҳайвонларида 800 дан ортиқ тур гельминтлар паразитлик қилади. Ҳар бир тур гельминт ҳайвон танасида кўп нусхада паразитлик қилиб, турли гельминтоз касалликларини қўзғайди. Одам, қорамол ёки чўчқаларнинг цистицеркоз (финноз) билан зарарланган гўштини яхши пиширмасдан истеъмол қилса тениидоз ёки тениоз билан касалланади.
Эхинакоккоз, ценуроз ва бир қанча бошқа касалликлар одамга итлардан юқади. Гельминтозлар билан курашда ветеринария врачлари билан зоотехник мутахассисларнинг роли каттадир.
Айниқса, одамлар ва ҳайвонларда учрайдиган гельмин тозооноз касалликларнинг ривожланиш ва тарқалиш йўлларини аҳолига тушунтириш ва уларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар катта аҳамиятга эга.
Инвазион касалликларга қарши кураш чора-тадбирлари инфекцион касалликларда олиб бориладиган тадбирлардан фарқ қилади. Инфекцион касалликларнинг олдини олишда эмлаш, серотерапия, дезинфекция ва карантин кенг қўлланилади. Инвазион касалликларда эса эмлаш ва серотерапияни қўллаш амалиётда кенг тарқалмаган. Карантин ва баъзи бир чеклашлар бир қатор антропозооноз касалликларда ўрнатилади. Одамларда учрайдиган баъзи инвазион ва инфекцион касалликлар қўзғатувчиларининг тарқатувчилари кўп ҳолларда ҳайвонларда паразитлик қилади. Шунинг учун ҳайвонлар танасидан бундай тарқатувчиларни йўқ қилиш касалликларнинг олдини олиш тадбирларидан бири ҳисобланади. Бинобарин, паразитларга қарши олиб бориладиган ветеринария тадбирлари нафақат ҳайвонларга, балки одамларга ҳам қаратилгандир.
Инвазион касалликларнинг олдини олишга қаратилган умумий чора-тадбирларга ҳайвонларни тўла қийматли озиқлантириш, қулай зоогигиеник шарт-шароитлар яратиш
ва яхши сақлаш, кун тартибига риоя қилиш, ветеринариясанитария қоидаларига қаттиқ амал қилиш, табиий яйловларни яхшилаш ва сунъий маданий яйловлар ташкил этиш, сув ичадиган жойларнинг гигиеник ҳолатини яхшилаш, гўнгларни биологик қайта ишлаш, хўжаликлардан молларни олиб чиқишда уларни паразитар касалликларга текшириш, хўжаликка олиб келинаётган янги ҳайвонларни текшириш ва карантин жорий етиш, зарур ҳолатларда бундай ҳайвонларни емлаш ва дегелминтизация қилиш ишлари киради. Инвазион касалликлар қўзғатувчиларига қарши кураш чора-тадбирларининг асоси бўлиб, биологик ва кимёвий кураш чоралари
киради. Биологик кураш чораларига гўнгни биотермик усулда зарарсизлантириш, яйловларда ҳайдаш ва мелиорация ишларини олиб боришлар, сув ҳавзаларини қуритиш, яйлов майдонларини алмаштиришлар киради.
Инвазион касалликларга қарши курашнинг кимёвий усулида инсектоакарицидлардан фойдаланилади. Уларни ҳайвоннинг терисига суртиш орқали, каналар ва паразит
ҳашаротлар йўқотилади. Гелминтозларни профлактика қилишда ҳайвонларнинг озиқасига махсус кимёвий воситаларни қўшиб бериш тавсия этилади. Баъзи протозой касалликларни профилактика қилиш учун ҳайвоннинг териси остига ёки қонга қўзғатувчиларни ўлдирувчи ёки унинг фаоллигини чекловчи воситалар юборилади.
Гелминсизлантириш деганда кимёвий дори-дармонларни қўллаш йўли билан ҳайвонлар организмини гелминтлардан тозалаш ишларини олиб бориш талаб этилади.
Хулоса шундан иборатки, ем-хашак базасини мустаҳкамлаш учун янги яйловлар тузиш ва улардан самарали фойдаланиш орқали қўйчилик борасида унумдорлик сифатини яхшилаш.
Чорвачилик хўжаликларида қўйчиликда учрайдиган паразитар ва инвазион касалликларнинг олдини олиш ва қарши курашиш буйича зооветеринария тарафдан таклифлар киритиб бориш.

Aрыслан ДЖУМАМУРАТОВ, ветеринария фанлари номзоди,
Рахман АЖИНИЯЗОВ, магистрант, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва
агротехнологиялар институти.

Манба: «AGRO ILM – O‘ZBEKISTON QISHLOQ VA SUV XO‘JALIGI» журнал 2021 йил,
Махсус сон (78)-сон