Лимузин зотли қорамоллар ҳақида

Лимузин зоти Франциянинг Лимузин провинциясида яратилган. Лимузин зотининг тарихи XVIII асрнинг иккинчи ярмидан бошланган. XIX асрнинг биринчи ярмида Лимузин провинциясининг чорвадорлари маҳалли…

Лимузин зоти Франциянинг Лимузин провинциясида яратилган. Лимузин зотининг тарихи XVIII асрнинг иккинчи ярмидан бошланган. XIX асрнинг биринчи ярмида Лимузин провинциясининг чорвадорлари маҳаллий молларнинг гўшт бериш хусусиятларини яхшилашга, бу зотни гўшт-сут йўналишидаги зотга айлантиришга киришадилар. Кейинчалик чорвадорлар бу зотни аввало гўшт йўналишида такомиллаштиришни, шу билан бирга экстерьерини яхшилашни бошладилар. . XIX асрнинг иккинчи ярмида гўшт бериш хусусиятлари ва тез етилиш, гавдаси катталиги ва ёғсиз гўшт олиш бўйича селекция олиб борилди. Наслчилик ишида қорамолларни келиб чиқиши ва буқаларни наслига қараб баҳолашни роли ортиб борди.

Юқори маҳсулдорли лимузен зотини боқиш ва кўпайтириш қийин эмас. Бу зот ҳар қандай шароитга ўрганиши мумкин. Гўшти юмшоқ, мазали ва шу хусусиятлари билан замонавий истеъмолчиларни ўзига тортади. Оғир иқлим шароити ва чорвадорларнинг талабчанлиги оқибатида дунёда энг маҳсулдорлиги юқори  лимузен зоти яратилишига сабаб бўлди.

  • Бу зотли қорамолларнинг боши калта, пешонаси кенг, кўкраги чуқур, қовурғалари думалоқ.
  • Бу зот ранги қизил, қизил-қўнғир.
  • Елкаси жуда кенг, мушаклари яхши ривожланган; думғазаси кенг ва думғаза мушаклари яхши ривожланган.
  • Сигирларнинг яғрин даражасидаги бўйи 127-130 см,
  • Буқаларники яғрин даражасидаги бўйи– 135-140 см;
  • Кўкрак айланаси сигирларники 187-193 ва буқаларники 230-235 см.

Туғилганда бузоқларнинг вазни 36-40 кг, суткасига 800-1000 граммдан семиради. Сигирларнинг тирик вазни 580-600 кг, буқаларники – 1000-1100 кг. Лимузен зоти сигирлари яхши оналик хусусиятларига эга. Болалаш осонлиги 98%. Сигирларнинг сут унумдорлиги 1200 кгдан 1800 кггача, сутининг ёғлилиги 5,0%.

Яйловда боқилиб, бироз миқдорда концентратлар озуқалар билан қўшимча боқилганда лимузен сигирлари тез суръатларда ўсади ва ёшлигидаёқ кўп миқдорда олий сифатли гўшт беради. Сўйилганда осон нимталанади ва жуда мазали гўшт беради. Ёғлилиги юқори эмас. Буқачалар 18 ойлигида сўйилганда тирик вазнининг 68-70% и миқдорида гўшт олинади. Лимузен зотидан хилма-хил якуний маҳсулот олиш мумкин: гўштга сўйиладиган бузоқлардан тортиб, катта вазнли буқалар ва ғунажинларгача. Зотнинг ўзига хос хусусияти – қорамолларнинг ёшидан қатъи назар якуний маҳсулот олиш мумкинлиги ва унинг турли ишлаб чиқариш шароитига мослашувчанлигидир. Маҳсулотнинг бозор қиймати бўйича ҳам, молни боқиш рентабеллиги бўйича ҳам лимузен зоти гўшт чорвачилиги учун энг мақбул зот ҳисобланади.