МАҲСУЛДОР МОЛЛАРНИ ШАРОИТИМИЗГА МОСЛАШТИРИШ ОМИЛЛАРИ ВА ҚОН-ПАРАЗИТАР КАСАЛЛИКЛАРИДАН САҚЛАБ ҚОЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

Деҳқон ва фермер хўжаликларида зотлик ва маҳсулдор қорамолларни кўпайтириш ҳамда шу билан бир вақтда соҳани ривожлантиришда катта тўсқинлик қилаётган ва
катта иқтисодий зарар етказаётган пироплазмидоз (тейлериоз пироплазмоз, бабезиоз) касалликларидан асраб қолиш долзарб муаммо бўлиб ҳисобланади. Хориждан Республикамизга келтирилаётган маҳсулдор ва зотдор моллар салқин ва намгарчилиги бизга нисбатан юқори даражада бўлган муҳитда туғилиб ўсганлиги ва бизда бўлган кўпгина касалликларга иммунитетнинг умуман наслида бўлмаганлиги сабабли уларни авваламбор бизнинг шароитимизга мослашувини (адаптация) таъминлаш, кейин эса уларни қон-паразитар касалликларидан сақлаб қолиш чора-тадбирларини олиб бориш муҳим аҳамият касб этади.
Ёзнинг жазирама иссиқ фаслида бўлмиш иссиқлик хориждан келтирилган зотдор ва маҳсулдор молларнинг организмига, маҳсулдорлигига ва организмнинг касалликларга қарши курашишида салбий таъсир қилади.
Жумладан, иссиқлик молларни ўсиб ривожланишига, сут ва гўшт маҳсулотларининг камайиб кетишига ва сифатининг ёмонлашувига сабабчи бўлади, қон-паразитар
касалликларининг оғир кечишига олиб келади ва унинг натижасида қўлланилган даволаш усулларини самараси пасайиб кетади.
Шунинг учун йилнинг иссиқ фаслига келиб, авваламбор ветеринария-санитария талабларига мос иншоотлар қуриш, ёзги айвонларнинг устини иссиқлик ўтказмайдиган
қамиш ва шох-шаббалар билан ёпиш, молларни офтобда қолдириб офтоб уришдан сақлаб қолиш, молларни зоогигиеник талаблар асосида маданий парваришлаш,
эрталаб ва кечки пайтда кунлик мацион бўлишни таъминлаш, яйловларни алмаштириб туриш ва фермада сифатли озуқа базасини яратиш ва рациондаги озуқаларнинг турли туманлилиги ва уларнинг юқори сифатлилиги ҳайвонларнинг соғлом сақлашнинг асосий омилларидир.
Шунинг учун ижобан сигирлар рациони доимий равишда макро ва микроэлементлар ҳамда витаминлар билан бойитилиб турилиши юқумлик ва паразитар касалликларга
қарши даволаш усулларини самарадорлик даражасини оширилишига олиб келади.
Хориждан келтирилган зотдор ва маҳсулдор қорамолларнинг Республикамиз ҳудудларида ривожлантиришда қон-паразитар касалликлари катта тўсқинлик қилади.
Илмий адабиёт маълумотларига қараганда мавжуд молларни 8-10% йилига қон-паразитар касалликлари билан касалланади. Касалланган моллар дастлабки кунларда
(касаллик оғирлашмасдан) махсус ва сифатли доривор воситалар билан даволанмаганда, айниқса, зотдор ва маҳсулдор молларни 80-90% нобуд бўлади, қолганлари эса ишлаб чиқаришда яроқсиз бўлиб қолади. Бундан ташқари,
касалланиб соғайган моллар узоқ йиллар давомида касаллик қўзғотувчи паразитларни ташувчи бўлиб қолади, бу эса эпизоотик ҳолатни барқарорлаштиради. Бундан кўриниб
турибдики, қорамолларнинг каналар орқали тарқатиладиган қон-паразитар касалликлари – тейлериоз, пироплазмоз, бабезиоз чорвачиликни юритишда, айниқса, зотли ва маҳсулдор молларни ривожлантиришда ҳамда уларни маҳсулдорлигини оширишда катта тўсқинлик қилади.
Пироплазмоз ва бабезиозни тарқатувчи Boophilus calcaratus каналари молларни чаққандан сўнг 1-ва 2-кунлариёқ ўз сўлак безларида бўлмиш касаллик қўзғатувчи-
лари – Piroplasma bigeminum (пироплазмозда) ва Babesia colchica (бабезиозда)ларни мол организмига ўтқазади, шундан сўнг 8-11 кунлари касалликнинг клиник белгилари
намоён бўлади. Натижада касалланган молларнинг тана ҳарорати 40,6-410С гача кўтарилиши, иштаҳанинг ва кавш қайтаришнинг бўлмаслиги, анемия холатининг юз бериши ва касалликни қўзғатувчи паразитлар эритроцитнинг радиусидан катта бўлганлиги сабабли эритроцитни ёриб чиқиши ва ундаги бўлган гемоглобинни қон плазмасига ўтиши натижасида гемоглобинурия (қон сийиш) ҳолатининг юз бериши кузатилади.
Тейлериозни тарқатувчи икки эгалик Hyalomma detritum ва уч эгалик Hy. anatolicum яйлов каналари касалликга моил молларни чаққандан сўнг ўз сўлак безларида мавжуд
касаллик қўзғатувчи – Theileria annulata ни мол организмига ўтқазади ва шундан сўнг 16-20 кунлари касалликнинг клиник белгилари намоён бўлади.
Унда касалланган молларнинг беҳоллашуви, тана ҳароратининг 41-420С гача кўтарилиши, ташқи лимфа тугунларининг, айниқса, кураколди лимфа тугунларининг
3-4 баробаргача каттариши, иштаҳа ва кавш қайтаришнинг бўлмаслиги, организмда интоксикация ва кўриниб турган шиллиқ пардаларида анемия, инфильтрация ва унда қон қуйилишлар ҳамда оғир ва сурункали ҳолатларда терида ташналар кузатилади. Тейлериозда касаллик қўзғатувчи паразитлар эритроцитнинг радиусидан кичик бўлганлиги сабабли эритроцитларни плазмага чиқариб юбормайди ва шу сабабли сийдикда гемоглобинурия ҳолати юз бермайди.
Касалликлардан даволаш. Қон-паразитар касалликлари билан касалланган молларни даволашдан олдин салқин ва осойишта жойга ўтқазиш керак, кейин эса етарли даражада енгил ҳазм бўладиган омихта емдан тайёрланган атала, кўк ўт, лавлаги, айрон ва оғир ҳолларда 2-3 литргача ҳозир соғиб олинган сут билан таъминлаш
лозим. Касал молнинг олдида ҳамма вақт сув туриши лозим. Шундай тақдирда даволаш муолажаларини ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Пироплазмоз ва бабезиозни даволашда – касал мол ажратилган подалар ҳар куни клиник кўрикдан ўтказилиб, кунига 2 марта тана ҳарорати ўлчаб борилади. Клиник
белги ва тана ҳарорати юқори бўлган моллар подадан ажратилиб, алоҳида салқин ва осойишта жойга киритилади ва даволаш ишларини олиб боришга жалб қилинади.
Шундан сўнг молнинг ҳар 1 кг. тирик вазни ҳисобига 2 мг/кг дан диамидин ёки 5 мг/кг дан беренил ёки азидин ёки молни ҳар 100 кг тирик вазнига 2 мл. дан имизол
ёки имкар-120 препаратларини қўллашдан олинадиган самарадорлик ижобий натижа беради. Пироплазмоз ва бабезиозни аралаш шаклида келган вақтида касалликни
кечиши оғирроқ бўлиши сабабли даволаш ишларини 24 соатдан кейин яна бир марта қайтариш тавсия қилинади.
Тейлериозни даволашда – касал мол ажратилган подалар ҳар куни клиник кўрикдан ўтказилиб, кунига 2 марта тана ҳарорати ўлчаб борилади. Клиник белги ва тана ҳа-
рорати юқори бўлган моллар подадан ажратилиб, алоҳида салқин ва осойишта жойга киритилади ва даволаш ишларини олиб боришга жалб қилинади. Тейлериоз ўта оғир
кечувчи касаллик бўлганлиги сабабли даволаш ишларини олиб боришда патогенетик, симптоматик ва гемопоэтик препаратларни ҳам қўллаш муҳим аҳамиятга эга.
Тейлериоз билан касалланган молларни даволашда касаллик қўзғатувчи паразитларни шизогонал босқичига таъсир қилувчи ва шу билан бир вақтда гаметацитар шаклига таъсир қилувчи патогенетик препаратларни комплексда қўллаш алоҳида эътиборга лойиқ. Шуни эътиборга олган ҳолда, тейлериозни даволашда қуйидаги схемалардан бирини қўллаш тавсия қилинади:

1. Даволашнинг 1-2 кунлари дастлаб 2 мг/кг миқдорида диамидин ёки 5 мг/кг миқдорида азидин ёки беренил, шундан 3-4 соат ўтгач, 3-4 кун давомида кунига бир мартадан молни ҳар 100 кг тирик вазнига сульфантролни 3% лик эритмасидан 100 мл дан вена қон томирига қўлланилади. Агарда шу 3% лик эритма 33% лик спиртда тайёрланиб қўлланилса, даволаш натижаси яна ҳам самаралик бўлади.
2. Кейинги йилларда юртимизга Саудия Арабистонидан кириб келган Бутачем, Тейлекс, Индияда ишлаб чиқарилган Бупакон, Телемакс ва Узбиокомбинатда ишлаб
чиқарилган маҳаллий Бупарвалекс каби препаратларнинг бири билан молни ҳар 100 кг тирик вазнига 5,0 мл дан кунаро 2 марта мушаги орасига қўллаш тавсия қилинади.
3. Тейлериоз касаллигининг оғир кечишини ва унинг патогенезида гемопоэзнинг бузилиши, анемия, интоксикация, ҳолсизланиш каби ҳолатлар юз беришини инобатга
олган ҳолда патогенетик препаратларни қўллаш билан бир вақтда симптоматик, гемопоэтик препаратларни ҳам қўллаш муҳим аҳамият касб этади. Унда кофеин-бензоат натрийнинг 20% лик эритмасидан молнинг териси остига 15-20 мл, 300-400 мл гача физиологик эритма вена қон томирига 3-4 кун давомида бир мартадан, гемопоэзни кучайтирувчи ферран препаратидан молнинг ҳар 100 кг тирик вазни ҳисобига 20,0 мл дан мушаги орасига ва тривит каби витамин ва минерал моддалар сақловчи препаратлардан бир марта, тана ҳароратини меъёрлаштирувчи диклофинак ва иккинчи даражали инфекцияни бостирувчи сефтракцион антибиотигини қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади.
Профилактика қилишда – авваламбор қорамолларнинг тейлериоз, пироплазмоз, бабезиоз касалликларини тарқатувчи иксод каналарининг фаол ҳаётий (йилнинг
илиқ фасллари) даври билан чамбарчас бўлганлиги сабабли унга қарши курашишнинг йилнинг барча фаслларида доимий равишда олиб бориш мақсадга мувофиқ бўлади. Бунинг учун йилнинг салқин тушган фаслиданоқ ферма ва унинг атрофини ободонлаштириш, каналарнинг ривожланиши учун қулай бўлган биотопларни йўқотиш, қиш пайтида моллар боқиладиган молхоналарни поллардан тозалаш, деворларни суваш ва оқлаш, моллар боқиладиган яйловларни санация қилишни режалаштириш ҳамда чорвани ривожлантиришни маданийлаштириш ишларини олиб бориш қонаразитар касалликларидан профилактика қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Пироплазмоз, бабезиоз, тейлериозни кимёвий препаратлар билан профилактика қилиш учун молнинг ҳар 100 кг тирик вазнига ҳар 15 кунда 1 мартадан 5,0 мл дан полиамидин ёки поликарб-Ўз препаратидан териси остига қўллаб туриш тавсия этилади. Пироплазмозни биологик усулда профилактика қилиш учун “Пироплазмозга қарши радиовакцина”дан йилнинг феврал-март ойларида ҳар бир бош молнинг териси остига 1,0 мл дан қўлланилади.
Тейлериозни биологик восита ёрдамида профилактика қилиш учун йилига бир марта январ-февраль ойларида ҳар бир бош молни териси остига 1,0 мл дан тейлериозга
қарши суюқ культурал вакцина билан эмланади.
Хулоса. Шундай қилиб, хориждан келтирилган зотдор ва маҳсулдор қорамолларни заминимиз шароитига мослаштириш учун авваламбор уларнинг яшаш шароитини яхшилаш, чорвачилик маданиятини ривожлантириш ҳамда уларни сифатли ва тўйимли озиқ-овқатлар билан таъминлаш зарур, кейин эса юқорида таъкидланган даволаш ва профилактика усулларини қўллаш, айниқса, зотдор ва маҳсулдор қорамоллар учун ўта хавфли бўлган қон-паразитар касалликларидан соғломлаштириш ҳамда маҳсулдорлигини ошириш ва улардан олинадиган маҳсулотларнинг хавфсизлигини таъминлашга олиб келади.

Адҳам ҒАФУРОВ, в.ф.д., профессор, Ширинбека ОТЕГЕНОВА, Қиёс ПИРНАЗАРОВ, Арслан ДЖУМАМУРАТОВ, Ветеринария илмий-тадқиқот институти.

Манба: «AGRO ILM – O‘ZBEKISTON QISHLOQ VA SUV XO‘JALIGI» журнали. №4. 2021