Молларнинг мандолонг зоти ҳақида

Австралиянинг Мандолог фермасида яратилган. Бу зот бир қанча дурагай молларни зебу билан дурагайлаштириш асосида шакллантирилган. 1975 йилдан бошлаб дурагай моллар “ўз ичида” урчитилган ва зот бўлиб 1979 йилда тасдиқланган.
Зотнинг муаллифларидан бири Рик Писатуронинг маълумотига кўра, беш зотнинг энг юқори хусусиятларидан фойдаланилган. Унинг қонида 25-31% шароле, 25% киан, 12,5% британ окзоти, 12,5% шортгорн, 6,5% австралия фризи ва 12,5% зебу қони мавжуд. Зот ўзининг юқори гўштдорлиги ва серсутлиги билан характерланади.
Молларнинг туси малла рангда ва 40 фоизга яқини шохсиз. Улар оғир вазнли, баланд оёқли бўлиб яйлов шароитига яхши мослашган.
Янги туғилган бузокларнинг вазни 37-38 кг, 8 ойлигида 325-500кг,12 ойлигида 500-530 кг. 12 ойлигида сўйилган буқачаларнинг гўшти 360-370 килограммга ва унинг сўйим чиқими 67-70 фоизга тўғри келади. Гўшти майин ва олий сифатли бўлиб, бошка молар гўштига нисбатан баҳоси 8-10 фоизга қиммат. Айрим бузокларнинг вазни 8 ойлигида 420-450 килограммга етади ва уларни гўштга сўйиш мумкин. Австралиянинг бу зотли қорамоли Ўрта Осиё давлатларини қизиқгириши мумкин ва уларнинг иш тажрибаларини ўрганиб, амалиётга татбиқ қилиш яхши самара беради.

Манба: «Қорамолчилик» (У.Н.Носиров)