Моли зотлининг рўзғори тотли

Мамлакатимизда чорва моллари наслини яхшилаш ва маҳсулдорлигини ошириш мақсадида соҳа бўйича бой тажрибага эга давлатлардан зотдор қорамоллар келтирилмоқда. Бу борада Самарқанд вилоятида ҳам диққатга молик ишлар амалга оширилмоқда. “Чорванаслбирлашма” масъулияти чекланган жамияти маълумотларига кўра, 2006-2015 йиллар мобайнида вилоятга 7 минг 500 бошга яқин зотдор қорамол олиб келинган.

– Биз кўпроқ Германия, Польша, Голландия, Қозоғистон, Украина, Беларусь ва Австралия чорвадорлари билан ҳамкорлик қиляпмиз, – дейди жамият раиси Шуҳрат Тошпўлатов. – Чорва молларини танлаш ва тақсимлаш чоғида эса, аввало, ўша мамлакатлар ва юртимиз иқлимини, об-ҳавосини ҳисобга оляпмиз. Масалан, вилоятимизга, асосан, “Голштин”, “Симментал”, “Қизил чўл” зотлари келтирилди. Чунки улар бизнинг табиий шароитимизга тез мослашади, маҳсулдорлиги ҳам анча юқори. Муҳими, ўн йил ичида маҳаллийлаштирилган 6 минг 266 бош қорамолдан 10 минг 383 бош бузоқ олинди. Натижада жами зотдор моллар 16 минг 500 бошдан ошди. Бултур уларнинг сони яна 1 минг 800 бошга кўпайди. Шунга кўра, ички бозорни гўшт ва сут маҳсулотлари билан янада бойитиш имконияти анча кенгайди.

Наслли молларни кўпайтириш борасида жомбойлик чорвадорлар кўпчиликка ўрнак бўлишяпти, десак асло хато қилмаймиз. Тумандаги 86 та чорвачилик хўжалиги 2011-2016 йилларда хориждан келтирилган 640 бош наслли қорамолдан сунъий уруғлантириш йўли билан 450 бошдан ортиқ бузоқ олди. Бу сафарги қиш­ловни беталафот ўтказиш учун эса 7051 тонна дағал хашак жамғарилиб, моллар 9 турдаги хавфли касалликка қарши эмланди. Ўша кезлар “Pure Milki Products” масъ­улияти чекланган жамияти томонидан Германиядан “Голштин” зотли 1500 бошга яқин қорамол келтирди.

Биз мутахассислардан наслли ва жайдари қорамоллар ўртасидаги фарқ нималарда кўзга ташланишини сўрадик.

– Айтайлик, бир бош жайдари сигирнинг бозор нархи 3-4,5 миллион сўм, хориждан келтирилган насллисиники эса 9-10 миллион сўм, – дея тушунтирди туман қишлоқ ва сув хўжалиги мутахассиси Равшан Рустамов. – Жайдари сигир бир йилда 1,5-2 тоннагача сут беради. Бузоғи эндигина туғилган пайтда 15-20 килограмм, бир ёшга тўлганда 100-120 килограмм тош босади. 2 тонна сут бозор нархида 4 миллион сўмга сотилади. Унга гўшт пулини ҳам қўшсак, йиллик даромад 8 миллион сўм атрофида бўлади. Наслли молдан эса бир йилда камида 5 тонна сут олинади. Бу 10 миллион сўмлик даромад деганидир. Соддароқ қилиб айтсак, уни сотиб олиш учун сарфланган маблағ қисқа фурсатда, яна денг, биргина сут ҳисобига қопланади. Қолаверса, ундан туғилган бузоқнинг вазни 55 килограммгача бўлиб, 10-12 ойда 200-250 килограммга етади. Бўрдоқига боқилган наслли мол вазни эса 800-900 килограммдан ошади. Кўриб турганингиздек, наслли мол жайдарисига нисбатан анча маҳсулдор.

– Бизнинг хўжалигимиз наслчиликка ихтисослашган, – дейди “Абдураҳмон Мардон чорваси” фермер хўжалиги иш юритувчиси Қаҳрамон Мардонов. – Бурноғи йил ўрталарида Австрия ҳамда Германиядан “Симментал” ва “Голштин” наслли 206 бош қорамол келтиргандик. Натижаси тез сезилди. Бултур 120 бош сигирдан 58 бош бузоқ, 1 тонна гўшт, 158 тонна сут олдик. Албатта, соҳа фаолияти, асосан, чорвачилик озуқа базаси мустаҳкамлигига боғлиқ. Бизнинг эса 63 гектар еримиз бор. Ўтган йили ундан самарали фойдаланиб, қишловни кўнгилдагидек ўтказиш учун 200 тона дағал хашак ва 800 тонна ширали озуқа жамғардик. Ҳозир биринчи марта болалаган сигирлардан кунига ўртача 20-25 литрдан, иккинчи марта туққанларидан 40 литргача сут соғиб оляпмиз. Яна бир муҳим жиҳати, молларни озиқлантириш, соғиш ва бошқа юмушларни компъютер ёрдамида бажаряпмиз.

Фазлиддин Тўрақулов раҳбарлик қилаётган “Т.Камолжог” фермер хўжалигида 42 бош наслли ва жайдари қорамол, 30 бош қўй ва бир нечта от боқилмоқда. 2013 йили Польшадан олинган 4 бош ёш ғунажин кўпайиб, 8 бош сигирга ва 4 бош бўрдоқига айланди. Жамоа аҳли ўз иш фаолиятлари жараёнида “Сигирнинг сути тилида” деган нақл бежиз айтилмаганига яна бир бор ишонч ҳосил қилишди. Агар сигирга 17 хил компонентдаги озуқа вақтида бериб турилса, маҳсулдорлиги пасаймайди, бундан ташқари, сони ортади. Ана шу боис, фермер чорва наслини янгилашга янада жиддийроқ эътибор қарата бошлади. Чунончи, яқинда Тошкент вилоятида бўлиб, оҳангаронлик фермерлар Австриядан олиб келган наслли эчкиларни кўрди. Пировардида келгусида Россиянинг Уфа шаҳридан 200 бош зотдор эчки олиб келиш, ўз хўжалигида чорвачиликнинг бу тармоғини ҳам йўлга қўйиб, истеъмолчиларга шифобахш сут етказиб беришга аҳд қилди.  

Абдурасул САТТОРОВ.

Biznes Daily «Биржа» республика иқтисодий газетаси

biznes-daily.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!