Наслдор буқаларни боқиш ва парваришлаш

Наслдор буқалардан олинадиган уруғнинг сифати биринчи галда уларнинг боқиш шароитига ва усулига боғлиқ. Наслдор буқаларни боқишни сусайтириш ёки кучайтириш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки кучли озиқлар билан ҳамма вақт тўйдириб боқиш улар танасининг, жинсий органларининг ёғ босиб кетишига олиб келади. Бунинг натижасида уруғ бериш хусусияти ёмонлашади. Ёки аксинча, сифатсиз ем-хашак билан боқиш улар организмини бўшаштириб, қувватсизлантириб қўяди. Бу нинг оқибатида уруғнинг сифати бузилади, буқалар ориқлаб, касалликларга берилувчан бўлиб қолади.
Наслдор буқаларни боқиш учун махсус рацион тузиш керак бўлади. Масалан, буқалар қочириш ишларида фойдаланилмайдиган «тиним» даврида уларнинг ҳар 100 кг тирик вазни ҳисобига 1,1 озиқ бирлиги ва ҳазм бўладиган протеин бериш мумкин.
Наслдор буқалардан авлод олиш учун фойдаланиш вақтида уларнинг ҳар 100 кг тирик вазни ҳисобига 1,3 кг озиқ бирлиги ва 140 г ҳазм бўладиган протеин беришни режалаштириш ижобий натижа беради.
Наслдор буқаларни ёз ойларида боқиш Ёз ойларида иложи борича барча хўжаликларда наслдор буқаларни яйловларда боқиш мақсадга мувофиқ. Ҳамда уларни кўпроқ ҳаракат қилдириш ва талаб этилган вақтда ем ва минерал қўшимчалар бериш тавсия этилади.
Ўзбекистон шароитида ёзнинг иссиқ кунлари насл дор буқаларни 3-4 марта, ҳатто 5-6 марта суғориш керак. Ҳамда салқин, лекин нам ва зах бўлмаган тоза жойда дам олдириш яхши натижа беради.
Парвариш қилиш ишлари барча фаслларда узлуксиз амалга ошириб борилганда наслдор буқалардан 10-12 йил ва айрим ҳолларда ундан ҳам узоқроқ вақт давомида фойдаланиш мумкин.
Барча хўжаликларда ва сунъий қочириш пунктларида вақти-вақти билан уруғ  сифатини назорат қилиб туриш керак. Шунингдек, улардан олинган авлодларни соғлом, бақувват, тетик бўлиб ўсишига эътибор бериш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Манба: «Чорвачилик ва паррандачилик асослари» М.З.Муртозаев, А.А.Кушаков, Т.А.Алибоев

Дўстларингизга ҳам улашинг!