Онасидан ажратилган қулунларни ўстириш ва асраш

Онасидан ажратилган қулунлар биттадан ёки иккитадан қилиб бўлмаларга жойлаштирилади, бўлмадаги жойни кенглиги 9 м2 дан кам бўлмаслиги керак. Бўлмалар автоматик сувдонлар билан жиҳозланган, қуруқ ва ёруғ бўлиши керак. Асрашнинг таннархини пасайтириш мақсадида уларни группа-группа қилиб бўлмаларда асраш мумкин. Бунда бўлмалар залларга бўлинган бўлиб, ҳар бир зал 75 м2 дан кам бўлмаслиги керак. Бундай залларни ҳар бирига бир хил жинсдаги 10— 15 бош қулунни жойлаштириш мумкин. Бўлмаларнинг тагига поя ёки ёғоч қириндисидан тўшама солинади. Бўлмалар эрталаб ва кечқурун, заллар эса асраш давомида 1—2 марта тозаланади. Тўшама ҳар куни алмаштирилади. Кулунлар ҳам кунига тозаланади. Залларнинг ҳавоси тоза ва қуруқ бўлиши керак, бунинг учун ҳаво вентиляцияси яхши бўлиши лозим.

Онасидан ажратилган қулунлар сифатли пичан ва ўт уни билан озиқлантирилиши лозим, уларга ўтга бой бўлган яйловлар ажратилади. Концентрат озиқалардан буғдой кепаги, сули, арпа кепаги, кунгабоқар кунжараси берилади. Рационда кальций моддаси етишмаса концентрат  озиқларга ҳар бир бош ҳисобига 20—30 г дан бор қўшиб берилади.

Ёш тойлар суткасига 4 марта озиқлантирилади: концентрат  озиқлар эрталаб, пешинда ва кечқурун берилади, концентрат  озиқлар беришда тойлар охурга боғланади (кучлилари, кучсизларини сиқиб чиқармаслиги учун). Пичан суткасига 3 марта, ширали озиқлар 2 марта берилади.

Кеч ва нимжон бўлиб туғилган қулунлар алоҳида группаланади, уларнинг асосий рационига суткасига ҳар бир бош ҳисобига 3—8 л дан абрат ёки иссиқ сувга аралаштирилган сигир сути қўшиб берилади. Бунда ҳар л сут ҳисобига 20—25 г дан қанд ҳам қўшилади.

Тойлар бир-бирларига яхши ўрганиб кетгунларига қадар улар мунтазам равишда кузатилиб борилади. Бунда 4—5 кундан сўнг (бир-бирларига яхши ўрганганларидан сўнг) улар яйловга сайр учун чиқарилади. Айғирчалар яйловда биячалардан алоҳида қилиб боқилади. Тойлар яйловда яхши ўтлаши учун уларнинг тўдасига ахта қилинган қари от қушиб қўйилади. Тойларни группа-группа қилиб асраш кўпинча оғир юк тортувчи ва дурагай отлардан ташкил топган йилқичиликда қўлланилади. Ҳаво яхши кунлари ёш тойлар куни бўйи яйловда боқилади.

Ўстириш даврида айғирчалар ва биячаларнинг ривожланиши алоҳида кузатилади. Айғирчалар биячаларга нисбатан озиққa ва унинг сифатига талабчан бўлади. Яхши озиқланиш шароитида айғирчалар ривожланишида биячалардан ўзиб кетади. Шунинг учун айғирчаларни озиқлантириш нормаси биячаларникидан устун бўлиши керак. Бундай ҳолат то улар 2 ёшга тўлгунларига қадар давом этиши керак. Интенсив машқ қилдириш даврига келганда айғирчалар ва биячаларнинг озиқлантириш нормаси деярли бир хил бўлади.

Октябрдан то январь ойигача айғирчаларнинг ҳар 100 кг тирик вазнига 2,8, биячаларнинг ҳар 100 кг тирик вазнига 2,5 озиқа бирлиги берилади, январь ойидан бошлаб бу кўрсаткич 2,5—2,3 кг ни ташкил қилиши керак. Бунда ҳар бир озиқа бирлигига 105— 106 г ҳазмланувчи оқсил, 6,5—7,5 г кальций, 5,5— 6,0 г фосфор ва 20 мг каротин тўғри келиши керак. Дастлабки ойларда тойлар рационининг 50—60% ини (тўйимлилиги бўйича) концентрат озиқлар ташкил этиши керак. Рациондаги дағал озиқлар миқдори аста-секин ошиб боради.

Ёз кунлари тойлар куни билан яйловда бўлиб, фақат кун жуда исиб кетган вақтлардагина уларни ошхонага ҳайдаб кирилади, концентрат озиқлар билан боқилади. Юқори озиқлантириш нормасида улар отхоналарда кўп сақланса семириб кетади, конституцияси бўшашади. Тоза ҳавода эркин ҳаракат қилиб юриш нафас олишни чуқурлаштиради, ўпкаси катталашади, суяги мустаҳкамланади, мускул ва пайлар яхши ривожланади, юрак ва қон айланиш системаси яхши ривожланади, гавдаси гармоник ривожланиб, соғлиги мустаҳкамланади. Агар хўжаликда табиий яйлов бўлмаса, маданий яйлов ташкил этиб ҳар бир загонни 2—4 гектар қилиш керак. Бундай загонлар кам деганда 10 та бўлиши керак. Ҳар бир ёш той 1 дан 2 ёшга қадар бундай яйловлардан суткасига 70 кг ўт истеъмол қилади. Сунъий яйловлар табиий яйловлардан серўтлиги, ўтларнинг хилма-хиллиги, ойлар бўйича ўтларнинг бир текисда ўсишлиги ва ўтларнинг ўсишини бошқариш мумкинлиги билан фарқланади. Бундай яйловларни Ўзбекистоннинг суғориладиган зоналарида ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ёш тойлар бир-бирига яхши ўрганганларидан сўнг улар группа-группа қилиб машқ қилдирилади. Бундай машқ қилдириш кенглиги 15—20 м ва узунлиги 800-1000 м бўлган айланма йўлдан иборат махсус жойларда ўтказилади. Айғирчалар ва биячалар алоҳида-алоҳида группа қилиб ҳар бир зот учун белгиланган махсус схемада машқ қилдирилади. Машқни икки чавандоз бошқаради: биттаси от билан группанинг олдида боради, иккинчиси от билан группанинг орқасидан юради. Машқни биринчи кунлари масофанинг узунлиги 2-3 км дан ошмаслиги керак. 10-15 кундан сўнг масофа 4-5 км га узайтирилади. Ёзда ёш отлар ҳар соатда 10-12 км масофани ҳар хил аллюрда босишлари керак.

Ёзнинг илиқ кунларида машқдаги ёш отлар оқар сувларда чўмилтирилади. Ёш отларнинг тозалигига алоҳида эътибор берилади, 1-2 ойда туёқлари тозаланиб, текислаб қирқилиб турилади.

Манба: З.Т. Тўрақулов, А.З. Мухторов, Д.Х. Холмирзаев (1985). Йилқичилик.

Дўстларингизга ҳам улашинг!