Қишлоқ хўжалик ҳайвонларининг ўсиши ва ривожланиши

Исталган хилдаги молларни яратиш учун индивидуал ривожланиш қонуниятларни, молни ўстиришда таъсир омилларига эътибор қилингандагина имкон бўлади. Организмнинг индивидуал ривожланиши (онтогенез), тухум хужайраси оталанган вақтдан ва зигота (муртак), ҳосил бўлишидан бошланади ва наслий қобилият (генотип), ва ташқи муҳит шароитларни, (озуқа, сув, ҳаво, сақлаш шароитлари ҳамда иқлим, тупроқ ва ҳоказолар),, организмга бўлган таъсири учун ҳаёт давомида ўтади.

Қишлоқ хўжалик ҳайвонларининг ўсиши ва ривожланишига нотекислик ва даврийлик хосдир. Улар кўпинча олий сут эмизувчиларга киради, онтогенези она қорнидаги (эмбрионал), ва туғилганидан сўнгги (постэмбрионал), даврларга бўлинади. Шу даврлардаги ўсиш ва ривожланиш қонуниятларини билиш чорвадорларга бу қонуниятларни ишлаб чиқариш талабига қараб бошқаришга имкон беради. Ҳайвон қониқарли озиқлантирилса унинг ҳамма органлари нормада ривожланади, ўсиш тезлиги ортади, қониқарсиз боқилган да ўсиш жараёни бутунлай тўхтаб қолиши мумкин.

Она қорнида ҳомила органларининг етарлича ривожланмасдан қолган ҳодисасига эмбрионализм дейилади. Бу ҳодиса ҳайвон туғилганда умумий вазнини камлиги, оёқлари қисқалиги, боши катталиги, бошқа камчиликлар кўплиги, юрак қон айланиш системаси ва овқат ҳазм қилиш органлари ҳам яхши тараққий этмаганлиги яққол кўриниб туради.

Бузоқ туғилганидан кейинги парвариш қилиш даврида яхши ривожланмай қолиш ҳодисаси инфантилизм деб номланади. Молни озиқлантириш ва сақлаш шароитларини яхшилаш яхши ривожланмаслик оқибатларини бартараф қилиш имконини беради. Лекин ўсишдаги узоқ давом этган тўхташни бутунлай қоплаб бўлмайди.

Молларнинг ўсиш ва ривожланиш жараёнида хоҳлаган типдаги маҳсулдор моллар етиштириш мақсадида қўлланиладиган боқиш, асраш ва машқ қилдириш усуллари йиғиндисига ҳайвонларни мақсадга мувофиқ равишда ўстириш дейилади. Бузоқ туғилгандан сўнг ўсиш қонуниятини ҳисобга олиб ундан хоҳлаган хилдаги молни ўстириш мумкин. Жумладан, серсут сигирни олиш учун молга шундай шароит яратишга интилиш керакки, бузоқларни 6 ойлигигача суткалик ўсиши 750-800 граммга етиши керак.

Қишлоқ хўжалик ҳайвонларининг ўсишини назоратга олиш амалий аҳамиятга эга. Молнинг вазни ортишига қараб бузоқлар тўғри ёки нотўғри ўсаётганлиги тўғрида хулоса қилинади ва боқиш, сақлаш жараёнларига тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Ўсиш тезлиги ҳайвоннинг вазнига нисбатан аниқланади. Мол ўсиб борган сари қўшилган абсолют вазнга нисбатан ўсиш жараёни орқада қолади. Шунинг учун абсолют ўсиш, яъни маълум вақт (сутка, ой), мобайнидаги ўсиш билан нисбий ўсишни, яъни молнинг дастлабки вазнига нисбатан ҳозирги вақтгача бўлган ўсишни бир-биридан фарқ қила билиш керак.

Нисбий ўсиш (%), қуйидаги формула билан ифобаланади:

Н=Б – А х100%,

А

бунда Н – нисбий ўсишни;

А – даврни бошланишидаги тирик вазни;

Б – даврнинг охиридаги тирик вазни билдиради.

Масалан: Бузоқнинг 3 ойлик бўлганида тирик вазни 90 кг бўлган, 4 ойлигида эса – 120 кг га етган. Рақамларни формулага қўямиз

Н=120 – 90 х100% = 30 х100% = 33,3%

90 90

Демак, нисбий ўсиш 33,3% га тенг бўлган.

Чорвачилик амалиётида, одатда барча ҳисобот ишларида молни суткалик ўсишини аниқлайдилар. Бузоқни ўсишига баҳо беришда уни суткада қўшимча вазн олишига қараб хулоса қиладилар.

Молларни ҳаётий ва хўжалик фойдаланиш давомийлиги

Ҳаётий давомийлик ёки молни биологик кўп яшашлиги деб унинг туғилганидан табиий ўлишигача бўлган даврга атайдилар. Масалан, 40 йил яшаб, 30 бузоқ берган сигир, 22 ёшдаги она чўчқа 46 марта туғиб 414 бола,, 21 ёшли қўй 35 қўзи, 67 ёшлик от яшаганлиги маълум. Бу рақамлар албатта молларнинг ёшидаги охирги нуқтадир. Одатда қорамолнинг яшаш давомийлиги 20-25, қўйники 10-15, отники – 35-40, чўчқаники 15-20 йилга тўғри келади. Молни маҳсулот бериш даври умумий яшаш давридан анча камдир. Жумладан, сутлик сигирдан 8-10 йил, чўчқалардан 4-6, қўйлардан 5-6, отлардан 15-18 йил фойдаланадилар. Наслий жиҳатдан қимматли моллар ундан ҳам кўп вақт ишлатилади, чунки улардан кўп сонли юқори сифатли авлод қолдирадилар. Улар эса янги тизимлар ва оилаларни барпо этиб, подани наслий ва маҳсулдорлик сифати яхшиланади.

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!