Қорамолчиликда урчитиш усуллари

Қорамолчиликда бошқа чорвачилик соҳаларида cингари соф зотли, чатиштириш, дурагайлаш урчитиш усуллари қўлланилади.
Соф зотли урчитиш – бир зотга мансуб эркак ва урғочи ҳайвонларни жуфтлашга айтилади. Урчитиш асосий вазифаси соф зотли ҳайвонларни сақлаб
қолиш ва уларнинг такомиллаштиришдан иборат. Бу усул асосан наслчилик ва қисман товар хўжаликларида қўлланилиб, соф зотли ҳайвонлар кўп
тарқалган ҳудудларда кенг жорий қилинган. Соф зотли урчитиш усули орқали зотли такомиллаштириш, унда янги йўналиш, қатор ва оилалар барпо
қилишда муҳим ўрин тутади.
Чатиштириш. Қорамолчиликда хўжаликнинг йўналиши, иқлим ва озиқа шароити, қўйилган мақсадларга қараб қон қуйиш, қон сингдириш, зот яратиш,
галма-гал ва саноат чатиштириш усуллари қўлланилади:
Қон қуйиб чатиштириш қорамолчиликда ҳайвонларнинг алоҳида олинган бир белгисини яхшилаш учун қўлланилади. Бир зотнинг сигирлари
иккинчи зотнинг буқаси билан қочирилади. Кейинги 3-4 бўғинда эса яна асосий зот буқалари билан қочирилади. Биринчи бўғин дурагайларида
белги яхшиланади. Лекин кейинги бўғинларда сўниб боради. Шунинг учун ҳар 4-5 бўғинда яхшиловчи зотнинг қони қуйиб борилади.
Қон сингдириб чатиштириш — бу усул кўпроқ бир зотни иккинчи зот билан тўлиқ қайта қуришни тақозо қилади. Бир зот сигирлари 4 – 5 бўғин
давомида иккинчи зот буқалари билан қочирилади. Натижада биринча зот қони авлодга камайиб, иккинчи зот қони кўпайиб боради. Ёки у бўғин
дурагайларида 31/32 ташкил қилади, ёки бундай ҳайвонлар тоза қонли қабул қилинади. Бу усул кўпроқ маҳаллий зотларни тубдан яхшилашда ёки
ўзини оқламаган зотларни қайта тиклашда кўпроқ қўлланилади.
Галма-гал чатиштиришда биринчи ва иккинчи зот буқалари алмашиб келади. Биринчи йили биринчи зот буқалари билан чатиштирилади.
Иккинчи йил эса олинган дурагайлар биринчи зот буқалар билан чатиштирилади. Керак бўлса бу тадбир шу навбат билан давом этади. Бу
чатиштириш усули маълум шароитда ижобий натижалар берган хўжаликларда кенг фойдаланиш мумкин.
Саноат чатиштириши асосан гетерозисга асосланиб икки зот ҳайвонлари чатиштирилиб, олинган дурагайлар 100% гўшт учун ўстирилади. Бу усул
асосан гўштдор қорамолчиликда ишлатилади. Сут қорамолчилигида подани тўлдириш учун яроқсиз урғочи ҳайвонлар гўштдор буқалар билан
чатиштирилиб олинган дурагайлар гўшт учун боқилади. Бу ҳайвонлар асосий зотга нисбатан 8-10 % озиқани кам сарфлаб, 10- 15 кўпроқ қўшимча
вазн қўшади.
Дурагайлаш қорамолларни бошқа турдаги ёввойи аждодлари билан чатиштиришда рўй беради. Айниқса бу усул қорамолларни зебу билан
чатиштиришда ёрқин намоён бўлади. Чунки бу дурагайлар тўлиқ урчиш ёрқин қобилиятига эга. Бошқа дурагайлар «қорамол X қўтос», «қорамол Х
бизон», «қорамол Х буйвол» жуфтлашлари ҳозир ижобий натижаларини бергани йўқ. Чет элларда дурагайлаш натижасида ўнлаб қорамол зотлари
яратилган. Шулардан санта-гертруда зоти АҚШ да яратилган бўлиб, Ўзбекистон учун режали зот ҳисобланади.
Манба: «Чорвачилик асослари», И.Мақсудов, Ж.Жўраев, Ш.Амиров

Дўстларингизга ҳам улашинг!