Қорамоллар гўшт маҳсулдорлигига таъсир қилувчи омиллар

323

Қорамолнинг гўшт маҳсулдорлигига таъсир қилувчи асосий омил — ҳайвоннинг зоти ҳисобланади. Айниқса гўшт йўналишидаги қорамоллар юқори
гўшт маҳсулдорлигига эга бўлади. Улар ўзларининг тез етилувчанлиги, сўйим чиқимининг юқори бўлиши ва ажойиб гўшт сифати билан ажралиб
туради. Уларниг тирик вазни 600-1000 кг, сўйим чиқими 65% бўлиб, яхши бўрдоқиланиб, 1 кг вазн ортиши учун кам озиқа сарфланади.
Ўзбекистонда асосий гўшт йўналишидаги зотлар — қозоқи оқбош, санта-гертруда, абердин ангусс зотлари бўлиб улар гўштининг тўйимлилиги, мазалиги жиҳатдан юқори
баҳоланади.
Кўпгина сут ва айниқса сут-гўшт йўналишидаги қорамолларнинг ҳам юқори гўштдорлик имкониятлари борлиги аниқланган. Жадал ўстирилган ёш
қорамоллар 15 ойлигида 450-500 кг вазнга эга бўлиши ва 1кг тирик вазни ортишига 6,5-7,0 озуқа бирлиги сарфлайди. Бу имкониятлардан оқилона
фойдаланиш гўшт етиштиришни кўпайтиришда асосий омил бўлиб ҳисобланади.
Қорамолларнинг гўшт маҳсулдорлигига уларнинг ёши таъсир қилади. Бузоқлар нимта гўшти таркибида суяк ва бириктирувчи тўқималар нисбати юқори
бўлиб, мускул тўқимаси камроқ бўлади. Ёш ортиши билан бу нисбат мускул ва ёғ тўқимаси фойдасига ҳал бўлади. Бундан ташқари вояга етган
ҳайвонлар гўштининг таркибида сув кам бўлиб ёғнинг кўп бўлиши унинг тўйимлилик даражаси юқори бўлишини таъминлайди. Ёш қорамоллар 12-15
ойлигигача мускул тўқималари яхши ривожланади. Шу даврда жадал ўстирилиб, бўрдоқиланиб сўйилган ҳайвонлар мускул ва ёғ тўқималарининг
нисбати талаблар даражасида бўлади.
Қорамолларда ёш улғайиши билан мускул тўқимаси нисбати камайиб, ёғ тўқимаси нисбати ортиб боради. Бу эса гўшт сифатига салбий таъсир кўрсатиб, 1 кг семириш учун
кўпроқ озуқа сарфлашга олиб келади.
Қорамоллар гўшт маҳсулдорлигига озиқлантириш ва сақлаш сезиларли таъсир қилади. Етарли озиқлантирилмаган, ёмон сақланган ҳайвонлар ўсишдан
қолади, яхши ривожланмайди.
Жадал ўстирилган ёш қорамоллар тез етилади. Улар юқори гўшт маҳсулдорлига эга бўлибгина қолмай, гўшт таркибида ижобий нисбатга, кимёвий
таркибга эга бўлади. Ҳамда нимтада қимматли бўлаклар кўпаяди.
Ёш қорамолларни ёшлигидан ҳажмли озиқалар — дағал, ширали озиқаларга ўргатиш улардан кўпроқ самара олишни таъминлайди. Бу ҳолда
қорамолларнинг 18-20 ойлигигача бўрдоқилаб вазнини 500-550 кг га етказиб гўштга сўйиш мақсадга мувофиқ.
Ем-озиқлардан кўп фойдаланиб гўштга боқиш ҳайвонларни етилиш даврини қисқартиради. Бу усулда уларни 14-15 ойлигида гўшт учун сўйиш
мумкин. Қорамол гўшти етиштиришда ҳайвонларни яйловда семиртириш алоҳида ўрин тутади. Бундай ҳайвон гўшти сифати билан ажралиб туради ва у
анча арзонга тушади.
Манба: «Чорвачилик асослари» И.Мақсудов, Ж.Жўраев, Ш.Амиров agronet.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!