Қорамолларда некробактериоз касаллиги ва даволаш чоралари

НекробактериозNecrobacteriosis Necrobacillosis қишлоқ хўжалик, уй ва ёввойи ҳайвонлар ҳамда паррандаларнинг юқумли касаллиги бўлиб, одатда, ҳайвонларнинг туёқларида йирингли-некротик жараёнларни ривожланиши билан тавсифланади. Айрим ҳолатларда ушбу жараён ҳайвоннинг оғиз бўшлиғида, елинида, жинсий аъзоларида, жигар, ўпка, буйрак ва бошқа аъзолари ва тўқималарида жойлашиши мумкин. Бу асосан жароҳат касаллигидир.

Касалликнинг иқтисодий зарари. Некробактериоздан келадиган иқтисодий зарар катта. Ўлим 70-75 фоизгача етиб, касал ҳайвонлар озиб кетади. Соғин сигирларнинг сути кескин камаяди. Даволаш ва олдини олиш учун катта миқдорда маблағ сарфлаш талаб этилади.

Касаллик қўзғатувчиси ва унинг чидамлилиги. Касалликнинг қўзғатувчиси Fusobacterum nekrophorum, ҳаракатсиз, спора ва капсула ҳосил қилмайди. Қатъий анаэроб ва жуда ҳам полиморф микроорганизм. Қўзғатувчи ўзидан гемотоксин чиқаради.

Қўзғатувчи гўнгда 40-50 кун, сувда ва сийдикда 15 кун, сутда 35 кун, нам тупроқда 3 ойгача фаол сақланади. Қўзғатувчи билан ифлосланган бинода бактерия 18 °С да 2 кун, 60-65 °С иссиқликда 15 дақ., 100 °С да бир дақиқада, қуёш нурида 8-10 соатда ўлади.

Касаллик сабаблари ва тарқалиши. Бу касаллик билан ҳамма тур ҳайвонлар, жумладан, қорамоллар ҳам касалланади. Ҳамма ёшдаги, бироқ ёш ҳайвонлар кўпроқ касалланади. Бунинг асосий сабаби ёш ҳайвонлар териси юпқа ва бўш бўлганлиги туфайли жароҳатга тез берилувчанлигидир.

Касал ҳайвондан қўзғатувчи ташқи муҳитга некроз бўлган тери ва тўқималар, оғиз ва бурун бўшлиғи, сўлак, орқа тешик орқали ажралиб чиқади ва тупроқ, ўт, хашак, озуқа, тўшама ва барча атроф муҳитдаги предметларни ифлослантиради. Касаллик йилнинг намгарчилик ойларида яъни кеч куз, қиш ва эрта баҳор ойларида ривожланади.

Касалликни кечиши. Соғлом тўқималар қон ва кислород билан яхши таъминланганлиги учун уларда бу бактерия ривожланмайди. Жароҳатланган тўқималарни қон орқали кислород билан таъминланишининг бузилиши оқибатида анаэроб муҳитда бактерия жуда тез ривожлана бошлайди. Улар кўпайиш жараёнида ўзидан токсин ажратиб, соғлом ҳужайраларни лизисга (эритиш) учратади ва ўша жойда кучли яллиғланиш бошланади.

Nekrophorum бактериялари қонга ўтиб септик жараёнга айланиши ёки ички аъзоларга тарқалиши оқибатида некроз жараёнлари уларда ривожланиши натижасида касал ҳайвон нобуд бўлади.

Оёқларга тушган микроорганизм экссудат пайдо қилади, тупроқ, лой ва бошқа ифлосликлар туфайли бу жойда қоплама ҳосил бўлиб, анаэроб муҳит юзага келади. Бундай шароитда бактерия бемалол ўсиб ривожланади.

Касалликнинг клиник белгилари ва шакллари. Катта ёшдаги молларда ярим ўткир ва сурункали, ёш ҳайвонларда эса ўткир кечади. Касалликнинг яширин даври 1-3 кун давом этади. Некробактериоз ҳайвонларда 4 шаклда: тери ва тери ости тўқималари, шиллиқ пардалар ва улар ости тўқималари, ички аъзолар, остит ва остеиомиелит (суяк некробактериози) намоён бўлади.

Тери некробактериози энг кўп тарқалган касаллик шакли ҳисобланади. У организмнинг ташқи тери тўқимасида, асосан ҳайвоннинг оёқларида жойлашади (59-расм).

Қорамолларнинг бўйнида, гавдасида ва елинида, ёш ҳайвонларнинг киндигида, қулоқ учида ва думида бўлади. Кўпроқ орқа оёқларида, аввал биттасида, кейин иккинчисида кузатилади. Патологик жараён кичкина жароҳат ёки тилинган жойда бошланади. Ўша жой қизаради ва шишади. Ҳайвон касал оёғини тортиб-тортиб қўяди. У одатда лоҳас, иштаҳаси бўлмайди, тана ҳарорати 40 °С ва ундан юқорига кўтарилади. Бу ҳолат 1-2 кун давом этади ва кейин яна ўз ҳолига қайтади. Кейин оқсаш бошланади. Туёқлар ораси юзасидаги

яллиғланиш жараёни туёқнинг ички томонига тарқалади. Туёқ босиб пайпасланганда оғриқ сезади, тери қизариб шишади.

Оқсаш кучая бориб, ҳайвон ётиб қолади. Патологик жараён оғир кечса, флегмонали яллиғланиш кузатилади ва у туёқнинг чуқурроқ жойлашган мускул, чандир ва пайларини ҳам қамраб олади. У ерда йирингли, қўланса ҳидли яра ҳосил бўлади. Туёқ тушади, унинг атрофи ва орасида яралар пайдо бўлади. Касаллик ойлаб давом этиб, некротик жараён кучайиб бораверади.

Ўпка ва жигарда йирингли некротик ўчоқ пайдо бўлади.

Шиллиқ пардалар некробактериози асосан янги туғилган ёш ҳайвонларнинг бир ҳафталигида некротик- стоматит кўринишида қайд қилинади. Оғиз бўшлиғи, бурун, милк, тил, жинсий аъзолар ва ичак шиллиқ пардаларида некротик яллиғланиш кўзга ташланади. Милк, тил ва жағ шиллиқ пардаларини жароҳатланиши ёш ҳайвонларда тиш ёриб чиққанда содир бўлади. Ҳайвон оғзи очиқ ҳолда туради ва нафас олиш тезлашади. Оғиздан пуфакли- чўзилувчан сассиқ сўлак оқади. Патологик жараён тишларга ўтиб, периостит ва периодонтит бошланади ва тишлар туша бошлайди. Жароҳатланган тил оғиздан ташқарига чиқади. Касал ҳайвон одатда 7-10 кун орасида сепсис ва юрак фаолиятининг тўхташи оқибатида ўлади (60 расм).

Ички аъзолар некробактериози тана ҳароратининг юқори кўтарилиши ва кучли диарея (фекали яшил кулранг) билан намоён бўлади. Қорин бўшлиғида, айниқса жигар ҳудудида қаттиқ оғриқ бўлади. Жуни ҳурпайгани ва қорни тортилгани аниқланади. Некротик энтерит кузатилган ҳайвонлар сўйилади, чунки у тузалмайди.

Суяк некробактериози-остит ва остеомиелит 6 ойликдан 3 ёшгача қорамолларда учрайди. Некроз бактерияси суякнинг қизил илигида ва мочалкасимон қисмида жуда кўп миқдорда бўлади. Некротик жараён оёқларнинг барча найсимон суякларида ва умуртқа поғонасида ривожланади. Касалликда оқсаш, пульсни тезлашиши ва тана ҳароратининг 41 °С гача кўтарилиши кузатилади. Касалланган оёқни букиб бўлмайди, ерга босиш жуда оғриқли бўлади. Кейинчалик суяк бўртиб чиқади, суяк юзасидаги мускуллар атрофияга учрайди, ҳайвон озади ва алмашиб турувчи иситма кузатилади.

Патологоанатомик ўзгаришлар. Қорамоллар некроз ўчоқлари асосан оёқларнинг пастки қисмида ва туёғида жойлашади. Некрозга учраган жойлар кесилганда яшилроқ кулранг, қўнғир рангли йирингли ўлган тўқималар массаси кўзга ташланади.

Некроз жараёни оғиз шиллиқ пардаларида жойлашган ҳайвонлар жасадида кахексия – орриқлаш кузатилади. Томоқ, ҳиқилдоқ, тил, милк, танглайда некротик ўчоқлар кўзга ташланади. Томоқ орти ва бронхиал лимфа тугунлари каттарган ва қонга тўлган бўлади.

Ташхиси. Касалликка дастлабки ташхис клиник белгилар, эпизоотологик маълумотлар ва патоморфологик ўзгаришлар асосида қўйилади. Якуний ташхис лаборатор усулларда амалга оширилади. Бунинг учун текширишга

ички аъзоларидан некрозга учраган ва соғлом тўқима билан бирга кесиб олинган бўлакчалар юборилади. Материал тезлик билан ёки 40% ли глицеринда консервация қилиб жўнатилади.

Дифференциал ташхиси. Некробактериозни оқсил, чечак, ўлат, вирусли диарея, контагиозли плевропневмония касалликларидан фарқлаш керак.

Даволаш. Касал ҳайвонлар соғлом ҳайвонлардан ажратилади ва якка ва умумий тарзда даволанилади. Даволаш махсус жиҳозланган қуруқ полли, шамол, ёмғирдан ҳимояланган майдонда ўтказилади. Жароҳатланган жой оёқда бўлса, у ўлган тўқималардан, йиринглардан обдон тозаланади ва бирорта дезинфекцияловчи эритма (2-3% ли пергидрол, 1% ли калий перманганат, 3-5 % ли мис сульфати, 1% ли трипофлавиннинг спиртдаги эритмаси, АСД препарати) билан ишлов берилади. Кейин антибиотик малҳамларининг бирортаси суртилади. Туёқлар кучли зарарланганда эса ҳайвонни 3-5 % ли формалин, 2-3% ли креолин, 2-3% ли рух ва мис сульфати каби препаратларнинг бири солинган дезинфекцион ванналардан ўтказиш яхши самара беради.

Антибиотиклардан 0,02-0,03 г/кг тирик вазн ҳисобида 3-4 кун мобайнида касал молларга сув билан ичириш ёки 4 мг/кг дозада мускул орасига 3-4 кун давомида юбориш мумкин. Некробактериоз жароҳати оғиз бўшлиғи шиллиқ пардасида жойлашган бўлса, уни даволаш учун 3% ли пергидрол, 3-5% ли рух, мис сульфат эритмалари, 5% йод дамламаси, 1% калий перманганат эритмаси ишлатилади. Лаб териси жароҳатланганда, юқорида таъкидланган препаратлардан ташқари йод-глицерин, синтомицин, биомицин ёки бошқа антибиотиклар малҳами суртиш яхши самара беради. Жароҳат бойланмасдан, очиқ ҳолда даволанади (62-расм).

Иммунитет. Организмда фаол иммунитет шаклланти­риш учун 1997 йилда рус олимлари (А.А. Сидорчук ва бошқ.) томонидан яратилган қорамолларнинг некробактериозига қарши фаолсизлантирилган вакцина “Нековак” носоғлом хўжаликларда ушбу касал­ликни кескин камайтириш­га (30-50% дан 1-2% гача ) эришган. Вакцина ҳайвонга 2 марта тизза усти тери бур­маси остига 5 мл бир оёғи­га, 25-30 кун кундан кейин иккинчи оёғига шу дозада юборилади.

Иммунитет 15-20 кунда шаклланади ва 6 ой давом этади. Эпизоотик ҳолатга қа­раб 6 ойдан сўнг ревакцина­ция қилинади (64-расм).

Касалликни олдини олиш ва қарши курашиш чора­лари. Хўжаликда касалликни олдини олиш учун қуйида­ги комплекс тадбирларни амалга ошириш талаб этилади: соғлом хўжаликни касаллик қўзғатувчисидан ҳимоя қилиш, янги келган ҳайвонларни 1 ойлик профилактик карантин­да сақлаш, ҳайвонларнинг резистентлигини доимо юқори даражада сақлаш (тўйимли ва витаминли озуқалар билан боқиш, нормал зоогигиеник сақлаш шароити яратиш, ҳар хил заҳарланиш ва юқумсиз касалликлардан ҳимоя қилиш) талаб қилинади.

Хўжаликда қорамоллар орасида некробактериоз аниқланганда туман (шаҳар) бош ветеринария врачи дало­латномаси асосида ҳоким қарори билан ҳудуд ушбу касал­лик бўйича носоғлом, деб эълон қилинади ва унга чеклов ўрнатилади.

Ҳайвонлар сақланган бинолар, яйраш майдончалари, касаллар турган жойлар гўнгдан тозаланади ва 3-5% ли формалин, 5-10% ли иссиқ ўювчи натрий ёки 5% фаол хлор­ли оҳак билан 1м2 /10 л ҳисобида дезинфекция қилинади.

Манба: Тузувчилар: Қ.Ж. Шакиров – Тошкент давлат аграр университети “Умумий
зоотехника” кафедраси доценти, қ.х.ф.д.
А.И. Амиров – Тошкент давлат аграр университети “Умумий зоотехния”
кафедраси ассистенти.

Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ