ҚОРАМОЛЛАРДА ОҚСИЛ КАСАЛЛИГИ

Оқсил-(яшур) – ўткир кечувчи, тез тарқалувчи, юқумли вирус касаллик бўлиб, асосан жуфт туёқли уй ҳайвонлари, қорамоллар, қўй-эчкилар, чўчқа ва туялар, кам бўлсада одамлар, айниқса касал ҳайвон билан мулоқотда бўлган ветеринария ходимлари, сут соғувчилар, молбоқарлар касалланади.

Касалликнинг иқтисодий зарари. Касалликдан ўлим нисбати пастлигига қарамасдан, эмланмаган ҳайвонларга юқиш эҳтимоли 100 фоизга яқин. Касалликка чалинган ҳайвонларни хўжаликларда фойдаланиш муддати қисқаради, маҳсулдорлик сут ва бола бериш қобилияти пасаяди ҳамда касалликни даволаш ва олдини олиш учун хўжаликлардан катта маблағ сарфланади. Маълумотларга кўра, касалланган ҳайвонлардан 24,8% да туёқ, 13,2% да мастит, 0,6% да бачадон яллиғланиши касалликлари ривожланади. Ёш бузоқларда касаллик клиник белгиларсиз кечиб, ўз вақтида даволанмаса ўлим юз беради. Касалликда ўлим ўртача 2-3% ни ташкил этади.

Касаллик қўзғатувчиси ва унинг чидамлилиги. Касаллик қўзғатувчиси бўлган вирус ташқи муҳит таъсирига чидамли: ёз ойларида 20 °С да пичанда 7-9 кун, тупроқда 5-7 кун, 37 °С да 20 соат, 43 °С да 5-7 кун, 70-80 °С да эса бир неча дақиқагача; қиш ойларида ер қатламининг 5 см чуқурлигида 50-60 кун; куз ойларида 35 кун, гўнгда 40-60 кун, тузланган ҳайвон терисида 10-15 °С да 50 кун давомида, 25-30 °С да эса 10-15 кун, музлатилган гўштда 320 кун давомида сақланади.

Яйловларда ёз ойларида 20-24 кун, кузда 30 кун, қишда 3 ой давомида сақланади, ҳайвон терисида 20-30 кунгача, кийим кечакда 40-60 кунгача сақланади, Сутда 65 °С да 30 дақиқада, 70-80 °С да эса бир неча дақиқада ўз фаоллигини йўқотади.

Касалланган ҳайвонлар организмидан қўзғатувчи 14 кун давомида ташқи муҳитга сўлаги, балғами, ахлати, сийдиги ва бошқалар орқали ажралиб туради. Касаллик сабаблари ва тарқалиши. Оқсил касаллиги ўзининг тарқалиш тезлиги билан бошқа юқумли касалликлардан кескин фарқ қилади:

• Биринчидан, бу касаллик жуда тез тарқалиб, бир-икки мамлакат ҳаттоки, қитъаларни ҳам қамраб олиши мумкин.

• Иккинчидан, бу касалликни қўзғатувчи вируснинг 7 та типи А, О, С, Сат-1, Сат-2, Сат-3, Осиё-1 ва 80 га яқин сиротиплари мавжуд. Бизнинг юртимизда А, О ва Азия-1 турлари касаллик қўзғатади.

• Учинчидан, бу вирус билан ҳар хил турдаги жуфт туёқли уй ва ёввойи ҳайвонларнинг касалланади, устигаустак табиатда касаллик қўзғатувчининг барқарорлиги ветеринар мутахассисларнинг оқсилга қарши кураш тадбирларини ўтказишига қийинчилик туғдиради.

• Тўртинчидан, касаллик қўзғатувчи вирус бошқа вирусларга нисбатан ташқи муҳит шароитларига чидамли. Касалликни олдини олишда фақат ветеринария ходимлари эмас, балки барча ҳокимият органлари хўжалик, ташкилот раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда ҳайвон эгалари фаол қатнашишлари, жумладан режа асосида ҳайвонларини ўз вақтида эмлаш ва ветеринария-санитария тадбирларини бажаришда масъулиятли бўлишлари лозим.

Касаллик ҳайвонларга қандай юқади?

Касалланган ҳайвонлар билан соғлом ҳайвонларнинг бир жойда сақланиши, касалланган ҳайвонларнинг сўлаги, балғами, сийдик ва ахлати билан ишчи ходимларнинг кийим-кечаклари ҳамда асбоб-ускуналари соғлом ҳайвонларга ишлатилиши; хўжалик атрофи ва ем-хашак сақлаш жойларида кемирувчилар, қушлар ва дайди итларнинг кўпайиши; касалланган ҳайвонлар ташилган транспорт воситалари, ҳайвонларни сақлаш ва озиқлантириш шароитларининг талаб даражасида эмаслиги, суғориш воситалари ва бошқа хўжаликлар билан алоқалар яъни наслли ҳайвонлар, ем-хашак алмашиш ҳамда сунъий уруғлантириш воситалари орқали юқиши мумкин.

Касалликнинг клиник белгилари. Касаллик қўзғатувчиси организмга тушгач клиник белгилар тезда намоён бўлавермайди. Вирус организмда бир муддат кўпаяди. Бунга инкубацион давр дейилади ва бу давр 2-14 кун орасида ўзгариб туради. Ҳайвонда тана ҳароратининг кўтарилиши, маюслик, тил, лаб, лунж, милкларда аввалига қизариш, кейин ичлари сув билан тўла шишлар-афталар пайдо бўлади (1-расм). 24-48 соатдан сўнг бу суюқлик тўла шишлар ёрилиб, ўрнида яра пайдо бўлади. Ҳайвонда иштаҳа йўқолиши, оғзидан сўлак оқиши ва ҳайвон тўхтовсиз оғзини чапиллатиши, титроқ ҳолатлари кузатилади. Туёқлар орасида аввал сувли пуфакчалар пайдо бўлади. Сўнгра бу шишлар ёрилиб, ярага айланади. Ҳайвонда сут бериш камаяди, ҳаттоки иккиламчи касаллик сифатида сут бези касалликлари, маститлар бошланади. . Бўғоз ҳайвонлар бола ташлайди. Касаллик қўзғатувчиси қонга тушиши натижасида ёш бузоқларда ўлим кузатилади.

Қорамолларда (оқсил касаллигида)
оғиз бўшлиғидаги яраларнинг пайдо бўлиши
Қорамолларда (оқсил касаллигида) туёқлардаги ўзгаришлар
Сигирларнинг елин сўрғичларида (оқсил касаллигида)
яра (афта)ларнинг пайдо бўлиши
Қорамолларда (оқсил касаллигида)
оғиз бўшлиғидаги яраларнинг пайдо бўлиши
Қорамолларда (оқсил касаллигида) туёқлардаги ўзгаришлар
Сигирларнинг елин сўрғичларида (оқсил касаллигида)
яра (афта)ларнинг пайдо бўлиши

Касалликни олдини олиш ва қарши курашиш чоралари.

Хўжалик ёки фермага кириш жойларига ҳайвонлар ва транспорт воситалари ўтиши учун дезобарьерлар яъни ҳайвонлар транспорт воситалари кириши учун дезинфекцион воситалар билан ишлов берилган ҳовузчалар, ишчи ходимлар учун дезинфекция воситалар, шимдирилган дезоматлар, яъни гиламчалар ташкил қилиниб, уларни концентрацияси ветеринар томонидан доимий равишда назорат қилиниши шарт! Хўжалик ёки ферма ҳудудига бегона шахслар ҳамда транспорт воситаларининг киришига йўл қўймаслик лозим.

Хўжалик ёки фермаларда ҳайвонларни сақлашда зоогигиеник кўрсаткичлар (намлик, ҳарорат, ҳаво айланиши, табиий ва сунъий ёруғликни тушиши, аммиак-ис гази ва бошқа газларнинг миқдори) меъёрда бўлишига амал қилиш; сифатли озуқа ва сув билан таъминлаш; гўнглари ўз вақтида чиқариб ташлаш; Ишчи ходимлар махсус кийим кечаклар, асбоб-анжомлар билан ўз вақтида таъминлаш; дам олиш, овқатланиш, ювиниш ва санитария хоналарини ташкиллаштириш; ишчи ходимларни режали равишда тиббиёт кўригидан ўтказиш; дайди ҳайвонларни, мушук, ит, қушлар ферма биноси ва қўйхоналарга яқинлаштирмаслик; сичқон ва каламушларга қарши дератизация тадбирларини ўз вақтида ўтказиш зарур!

Касалликка шубҳа қилсангиз Ветеринар етиб келгунга қадар касал ҳайвонни алоҳида сақланг ва касаллик тарқалиб кетишига йўл қўйманг. Бинога кириш жойига “Яқин келинмасин” ёзуви туширилган лавҳа осиб қўйинг. Ҳайвон қаровчиларига молхона ёки турган ҳовлиларидан ташқарига чиқишларига изн берманг! Молхона ва унинг яқинига бегона транспорт воситаларининг киришига йўл қўйманг.

Ҳайвонлар оқсил касаллигига чалинса Албатта ветеринария врачига хабар беринг. Давлат ветеринария бўлими ҳолатни ўрганиб чиқиб, агар касаллик тасдиқланса, карантин чора-тадбирларининг қарор лойиҳаси ишлаб чиқилади ва карантин эълон қилади. Касалланган ва касалликка шубҳа қилинган ҳайвонларни махсус изоляторларга ажратинг! Касалланган ҳайвонларни парваришлаган ходимларни ҳам алоҳида қилинг! Касалланган ҳайвонлар турган молхонада оёқ остига тушган ўтлар ва гўнгларни ёқиб юборинг. Жойларини тозалаш ва дезинфекцияловчи восита билан ювинг! Касаллик чиққан ҳудуд ҳайвонларидан олинган сутларни қайнатмасдан ичманг ва бошқаларга берманг. Иш тугагач, сут йиғиш ва қайта ишлаш идишларини ювинг ва дезинфекция қилинг! Бу ҳудуддаги йўллар, темир йўллар ва сув йўлларида жуфт туёқли ҳайвонларнинг айланиб юриши, ташилиши тақиқланади. Мол бозорлари ва ярмаркалар ташкил қилиш тақиқланади. Ҳайвон маҳсулотлари (сут, гўшт, тери, шох, тирноқ ва бошқа шу ҳудуддан ташқарига чиқарилмайди! Ветеринария врачи сизга буюрган вазифаларни камчиликсиз бажаринг. Ветеринар врачи билан маслаҳатлашмай туриб дори ёки дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланманг.

Дезинфекция ва дезинфекцияловчи воситалар. Касал ҳайвонлар сақланган жойларни яхшилаб гўнглардан тозаланг. Тозаланмаган жойларда дезинфекцияловчи моддаларни қўллаш самарасиз бўлади, яъни таъсир кучини камайтиради ҳамда ишдан чиқаради. Шунинг учун дезинфекциялаш лозим бўлган нарсани тозаланг, кейин сув билан яхшилаб ювинг ва шундан кейингина дезинфекцияловчи дори билан ювиш зарур.

Чорва биноларини тозалаш ва дезинфекция қилиш.
Хўжалик ва фермаларни дезинфекция қилиш

Қуйидаги дезинфектларнинг биридан фойдаланинг!

ЭМЛАШ

Оқсил касаллигига қарши моллар бир йилда икки марта эмланади. Режали равишда қорамоллар ҳар йили баҳор ва кузда бир мартадан эмланади. Қўйлар эса йилда бир марта эмланса етарлидир.

Эпидемияга қарши мажбурий эмлаш касалликнинг тарқалишини тўхтатиш мақсадида белгиланган ҳудудларда туман ветеринария бўлими томонидан 2,5-3 ойликдан катта бўлган барча касалликка мойил ҳайвонларда бажарилади. Бунда ҳайвоннинг аввал эмланган эмланмаганлигига қаралмайди.

Оқсил вакцинацияси йўриқномага тўлиқ амал қилган ҳолда амалга оширилиши лозим!1-эмлаш. Эмланмаган оналардан туғилган болаларга 2 ҳафталигидан, эмланган оналардан туғилган ва илк кунларида оғиз сути ичган болалар эса 2 ойлигидан бошлаб биринчи эмлашни олади.

Қўшимча эмлаш биринчи эмлашдан 1 ой ўтгач, қилинади Кейинги эмлашлар Биринчи ва қўшимча эмлашни олган ҳайвонлар ҳар 6 ойда бир марта эмланиб туриш зарур. Аммо касаллик тезтез учраб турадиган ҳудудларда самаралироқ ҳимоя учун 4 ойда бир марта эмлаш тавсия қилинади.

ОҚСИЛ ВАКЦИНАСИ

Зарарсиз эмлашдан 15-21 кун ўтгач организмда шу касалликка қарши иммунитет ҳосил бўлади. Оқсил касаллигига қарши эмлаш тадбирлари ўтказишга ветеринария врачи ва фельдшерлари ҳақлидир.

https://t.me/SVMITF

https://t.me/mediajamoa

https://t.me/The_Oyatulloh

Фойдаланилган адабиётлар Агробанк 100 китоб. Ва турли интернет малумотларидан фойдаланилди.

Тўланбоев Оайтуллоҳ Самарқанд Ветеринария иниститути 1 курс талабаси