Қорамолларни гўштга семиртириш жараёни

Қорамолларнинг гўшт маҳсулдорлиги ва унинг сифати ёш молларни ўстириш ва сўқимлашни тўғри ташкил этишга боғлиқдир.  Одатда сўқимга новвослар, подани тўлдиришга лаёқатсиз урғочи таналар, пучак қилинган сигирлар қўйилади. Сўқимлаш муддати молларнинг ёши ва тирик вазнига боғлиқ бўлиб,  3-6 ойни ташкил этади.

Ёш моллар 15-18 ойлигида сўқимланади. Сўқимлаш даврида молларни боғлаб боқиш мақсадга мувофиқдир. Сўқимга боғланадиган молларнинг тирик вазни 300-350 кг бўлиши керак,  ана шунда уларнинг ўртача кунлик семириши 800-1200 г га тенг бўлганда, сўқимлаш якунида,  уларнинг тирик вазни 450-500 кг га етади.

Сут-гўшт йўналишидаги новвосларнинг тирик вазни 18 ойлигида 450 кг,  сут йўналишидагиларники эса 400 кг бўлиши кўзда тутилади. Сут-гўшт йўналишидаги зотли қорамоллар 6 ойлигигача ўстирилганда 250 кг қаймоғи олинмаган,  400 кг қаймоғи олинган сут ичишлари керак, сут йўналишидаги ўртача вазндаги молларга эса 200 кг қаймоғи олинмаган,  400 кг қаймоғи олинган сут берилади. Ана шунда уларнинг ўртача кунлик ўсиши 700-800 г тенг бўлади.

Баҳор ойида туғилган бузоқлар ратсионидаги дағал ва ширали озиқалар, кўк ўтлар билан алмаштирилади. Серўт табиий ва маданий яйловларда боқилса 15-20% ем озиқалар иқтисод қилиб қолинади.

Жадал равишда ўстирилаётган сут-гўшт йўналишидаги молларнинг ўртача кунлик семириши 700-750 г,  сут йўналишидагиларники 600-650 г га тенг бўлиб, 15 ойлигида уларнинг тирик вазни мос равишда 375 кг ва 325 кг етказиш мумкин.

Гўшт учун ўстирилаётган ёш моллар ратсионининг асосий қисмини силос ташкил этиш  керак.  Бунда унинг ратсионидаги тўйимлилик бўйича нисбати 12 ойлик моллар учун 50%, 15 ойлик моллар учун эса 60% га тенг бўлади. Дағал озиқалар эса тўйимлилиги бўйича 40% гача берилади. Омихта емлар берилиши 20-25% қилиб чегараланади.  Баҳор-ёз ойларида яйлов серўт бўлса,  ем бермасдан боқиш мумкин. Иқлим  шароитига қараб ҳар хил озиқалар   берилади.  Бунда ратсион таркибида қайси бир озиқа турининг салмоғи юқори бўлса сўқимлаш усули ўша озиқа номи билан аталади.

Силос билан  сўқимлаш.  Сўқимланаётган молларга маккажўхори, кунгабоқар ёки ҳар ҳил ўтлардан тайёрланган силос берилади. Ратсион таркибининг 50-65% ни силос ташкил этади, 15-20%  дағал озиқа, 23-25% ем берилади.  Бу тартибда бериладиган озиқалар таркибида протеин ва минерал моддаларга эхтиёжининг

25-30% ҳисобида мочевина қўшиб берилади. Новвослар ана шу усулда сўқимланганда ўртача кунлик семириши 850-950 граммни ташкил этади. 1 кг эт олиш учун эса 7,5-8,0 озиқа бирлиги сарфланади.

Сенаж билан сўқимлаш. Ҳайвонлар сенаж ейишга тез    ўрганди ва кунига 20 кг гача истеъмол қилиши мумкин.  Бу усулда сўқимланганда дастлабки даврда ратсион таркибидаги омихта емнинг миқдори тўйимлилиги бўйича 15-20% ни, якунловчи даврда эса 30-35% ни ташкил этади.  Бунда новвосларнинг ўртача кунлик семириши 900-1000 грамм тенг бўлиб,  И кг семириш учун 7,5-6,0 озиқа бирлиги сарфланади.

Омихта ем билан сўқимлаш. Новвосларга фақат  омиҳта емнинг ўзи берилса организмда кечадиган физиологик жараёнлар бузилади. Шунинг учун албатта ратсион таркибига сомон ва беда пичани киритилса ем билан дағал хашакнинг нисбатини 4:1 га тенглаштириш керак. Ана шунда ўртача  кунлик ўсиш 1100-1200 грамм  га тенг бўлиб, 1 кг эт олиш учун 7,0-7,5 озиқа бирлиги сарфланади.

Шўлха билан сўқимлаш. Маълумки,  Республикамизда  чигит шўлхаси кўп миқдорда ишлаб чиқарилади. Новвосларни бўрдоқилашда ундан самарали фойдаланиш мумкин. Лекин ёш молларга 2 ойдан ортиқ бериб бўлмайди, чунки шўлха таркибида госсипол деган заҳарли модда бўлиб,  организмга салбий таъсир кўрсатади, яни қўтир аломатлари юз бериши,  кўз хиралашади,  мувозанат йўқолади. Заҳарланишни олдини олиш учун ратсион таркибига кўк озиқалар киритиш ва 1 кг ҳисобига 0,5 грамм темир кўпороси қўшиб бериш керак. Новвосларга 1012 кг шўлха берилади, у ратсионнинг 35-40 % ни ташкил этади.

Тўппалар билан сўқимлаш. Қорамолларни сўқимлашда  этил спирти, асетон ишлаб чиқариш чиқиндилари ҳисобланган дон, картошка, маккажўхори, жавдар ва буғдой тўппасидан фойдаланиш мумкин. Бошланғич даврда ҳайвонларга озроқ нордон тўппа бериб ейишга ўргатилади,  ҳафтанинг охирига бориб ҳар бош ҳайвонга 40-50 кг га шундай озиқа едирилади. Ҳазмланиш жараёнини меъёрда сақлаш ва иштаҳани яхшилаш мақсадида ратсион таркибига 3-4 кг дағал озиқалар ва минерал озиқа қўшилган омихта ем киритилади.

Протеин етишмаса таркибида азоти кўп бўлган синтетик моддалар берилади.

Ўртача кунлик ўсиш 800-1000 грамм  бўлади .

Барда билан сўқимлаш.    Қорамолларни барда билан сўқимлаш техникаси  ҳам тўппа билан сўқимлаш техникасидек амалга оширилади.  Барда билан сўқимланганда ҳайвонларнинг ўртача кунлик ўсиши 750-850 граммга тенг бўлади.

Пучак қилинган сигирларни сўқимлаш.   Катта ёшдаги  пучак қилинган сигирлар юқори семизлик даражасига етгунча сўқимланади. Уларга бериладиган озиқа турлари ва сифати унча фарқланмайди.  Бундай вақтда суви сиқиб олинган маҳсулотлар  (жом.),  барда,  ички пўстлоқ (мезга), шўлха, силос,  сенаж, полиз маҳсулотлари ва илдиз мевалардан фойдаланиш мумкин. Кўк озиқалардан фойдаланиш катта ёшдаги молларни сўқимга боқишни арзонлаштиради. Бериладиган озиқаларнинг турлари ва сигирларни кг ориқ-семизлигига қараб сўқимлаш муддати 80120 кун    оралиғида бўлиши мумкин.

Сўқимлашнинг бошлангич даврида камроқ омиҳта ем берилади. Якуний даврда эса гўшт сифатини яхшилаш  мақсадида ем миқдорини бир оз кўпайтириш лозим, лекин ратсион  таркибидаги ем даражаси 30% оширилмайди. Молларнинг бир  кунлик ўртача семириши 800-1200 г ни ташкил этади.