Қорамолларни қон-паразитар касалликлардан ҳимоялаш

138

Чорвачиликни ривожлантиришда қон-паразитар касалликларига (тейлериоз, пироплазмоз, бабезиоз) қарши кураш долзарб вазифа
ҳисобланади. Қорамолларнинг қон-паразитар касалликлари ориқлаш, қон айланиш ва нафас олиш системалари фаолиятининг бузилиши каби клиник
белгилар орқали намоён бўлади. Касаллик тарқатувчилари H.anatolicum ва H.detritum каналари ҳисобланади.
Қон-паразитар касалликларига чалинган қорамоллар ўз вақтида махсус дорилар билан даволанмаса 80-90% нобуд бўлади ва қолган 10-20% яроқсиз
бўлиб қолади. Қорамолларнинг қон-паразитар касалликлари мавсумий (март-октябрь) касалликлар турига киради.
Кана чаққанидан кейинги 16-20 кунлари молнинг тана ҳарорати 41,2-42°С гача кўтарилиб иштаҳаси йўқолади. Кавш қайтармайди, йўталади, ташқи
лимфатик (курак олди, сон ва елин усти) безлари 3-4 баробаргача катталашганлиги кўзга ташланади ва пайпаслаганда оғриқ сезилади. Юрак-қон томир
фаолияти сустлашади, камқонлик ва интоксикация натижасида шиллиқ пардалар сарғаяди. Қон қуйилишлар, қовоқнинг шишиши ҳамда кўздан ёш оқиши
кузатилади. Mол ориқлаб кетади, сигирлар сут бермай қўяди, бўғозлари кўпинча бола ташлайди.
Кана личинкаси молга ёпишгач 2 кун давомида сўлак безларидаги касаллик қўзғатувчиларини ҳайвон танасига ўтказади. Орадан 9–10 кун ўтгач
ҳайвоннинг тана ҳарорати 40,2–40,8°С гача кўтарилиши, иштаҳасининг бузилиши, анемия ва гемоглобинурия ҳолатлари кузатилади.
Қорамолларнинг қон-паразитар касалликларини даволаш ишларини олиб боришдан олдин уларни салқин ва осойишта жойга ўтказиб енгил ҳазм бўладиган барра ўт,
майдаланган лавлаги, эндигина соғилган сут, омухта ем қўшиб атала ҳолида берилиши лозим.
Кимё-профилактика қилиш учун диамидинни 4 % ли сувдаги эритмаси тайёрланади. Тайёрланган 4% ли диамидинни сувдаги эритмасидан касаллик
тарқатувчи каналарининг фаол ҳаётий даврида молни 100 кг тирик вазни ҳисобига 10 кунда бир мартадан 5 мл (2 мг/кг) дан тери остига ишлатиш зарур.
Қорамолларни пироплазмоз ва бабезиозини профилактика қилишда касаллик тарқатувчи каналарни фаол ҳаётий даврида молни 100 кг тирик вазни
ҳисобига ҳар 15 кунда бир мартадан 5 мл. дан Полиамидин-п препаратини қўллаш мақсадга мувофиқдир.
Тейлериозни тарқатувчи каналарга қарши кураш, уларнинг биологик ва экологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда олиб борилиши лозим. Олдин
эслатганимиздек, касаллик тарқатувчи каналар молхоналарда, молларда ҳамда яйловларда яшаб, ривожланиши мумкин. Шунинг учун каналарга қарши
курашишда акарицид препаратларини қўллаш, молларни молхоналарга киритишдан олдин биноларнинг ичи ва ташқари барча ахлатлардан тозалаш ва шундан сўнг акарицид препаратлари билан ювилиши зарур.
Манба: agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!