Қорамолларни сунъий уруғлантиришнинг афзалликлари

Сунъий уруғлантиришнинг табиий усулдан афзалликлари:
1. Асосийси бу битта яхши буқанинг уруғини кўпроқ хўжаликларга етказиб бериш имкониятидир. Одатда табиий усулда бир буқа фақат битта фермер молларига хизмат қилади.
2. Кенг кўламда селекция ишларини олиб бориш мумкин бўлади.
3. Халмидиоз, бурцеллёз, трихомоноз каби юқумли касалликлар тарқалишининг олди олинади.
4. Сунъий уруғлантириш орқали “яхшиловчи” буқадан минглаб наслдор бузоқлар олиниши мумкин, ваҳоланки, табиий услубда бир буқа бир йилда бор – йўғи 50 дан 60 гача сигирни қочириш имкониятига эга ва наслининг маҳсулдорлиги пастроқ бўлишининг эҳтимоли катта.
5. Чорвадор хўжаликда ўз сигирлари учун тирик буқани ушлаб туришдан ҳалос бўлади, чунки буқа ушлашнинг ташвишлари кўп: озиқлантириш, сақлаш, парваришлаш, қолаверса, буқалар молбоқарларга жиддий жароҳатлар етказиши мумкин.
6. Тирик буқадан фойдаланадиган чорвадорлар ҳар икки йилда бир янги буқа излаш ва харид қилиш муаммосини бошдан кечирадилар, акс ҳолда хўжаликда инбридинг
(яқин қариндош ҳайвонларнинг жинсий жуфтлашиши) ҳоллари кўпайиб кетиши мумкин. Сунъий уруғлантиришда улар фақат уруғ етказиб берувчининг рўйхатидан ўзига мос буқа номини танлаб олса кифоя.
7. Чатиштириш ишларини амалга оширишда сунъий уруғлантириш усули қўл келади, бунда уруғни ҳаво транспорти орқали бир қитъадан иккинчи қитъага етказиш мумкин.
8. Бу услуб тирик ва йирик буқалардан фойдаланиш ҳавфини йўқотади, чунки буқалар сигирлардан анча йирик бўлганлиги сабабли жисмонан катта хавф келтириб чиқаради.
9. Уруғ сақлаш технологияси талаблари бузилмаса, узоқ муддат, илгари яшаб ўтиб кетган буқа уруғларидан ҳам фойдаланса бўлади.
Сунъий уруғлантириш техник жиҳатдан жуда нозик жараён бўлиб, унинг самарадорлиги ушбу ишда иштирок этадиган барча кишиларнинг малакасига бевосита боғлиқ.
Куйикиш ҳолатининг тўғри аниқланиши ушбу жараёнда жуда муҳим.
Фермада инбридинг эҳтимоли доимо ва қаттиқ назорат қилиб борилиши лозим.
Турли тизим ва наслга мансуб бўлган буқалардан фойдаланишни маслаҳат берамиз.
Бир зот ичида хилма-хилликни ошириш учун сунъий уруғлантириш саноати вакилларидан ва наслчилик корхоналаридан иложи борича кўп миқдорда яхшиловчи наслдор буқалар парвариш қилиш талаб қилинади.
Чорвачилик фермаларида ҳам бир неча буқалар уруғидан фойдаланиш зарур.

Манба: «ҚОРАМОЛЛАРНИ СУНЪИЙ УРУҒЛАНТИРИШ» Тузувчилар: Қ.Ж. Шакиров – Тошкент давлат аграр университети “Умумий зоотехния” кафедраси доценти, қ.х.ф.д. А.И. Амиров – Тошкент давлат аграр университети “Умумий зоотехния” кафедраси ассистенти. Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.