Қўй ва эчкиларда мастит касаллиги ва даволаш чоралари

Мастит (Mastitis) – бутун сут эмизувчи ҳайвонларда учрайдиган, елин тўқималарининг яллиғланиши бўлиб, аста-секин елин тўқималарида патологик ўзгаришларга
йўл очиб, елиннинг қисман ёхуд бутунлай емирилишига ва баъзи ҳолларда ҳайвоннинг ўлимига ҳам олиб келади.
Касалликни даволаш харажатларининг кўпайиши ва баъзан ҳайвонларни эрта бракка чиқаришга сабаб бўлиб, қўйчилик хўжаликларига катта иқтисодий зарба берувчи касаллик эканлиги билан характерланади.
Қўй ва эчкиларда мастит касаллиги сигирларда бўлганидек икки хил: клиник ва субклиник (яширин) кечади, аммо клиник мастит бу тур ҳайвонлар учун жуда аҳамиятли.
Чунки клиник маститлар “гангренали мастит” ва “гангренали бўлмаган мастит” ўлароқ икки турга бўлинади. Гангренали мастит нисбатан кўпроқ учраб, ҳайвоннинг умумий ҳолатига шикаст етказади ва бунда ҳайвоннинг соғайиш имконияти кам. Гангренали бўлмаган мастит эса енгилроқ ўтади ва ҳайвоннинг соғайиш эҳтимоли нисбатан юқори.
Касалликнинг сабаблари. Касаллик кўпинча ҳайвонлар антисанитария шароитларида боқилганда, яъни тўшамалар ифлос, намлик юқори, бўлган шароитда сақланган ҳайвонларда, жуда тор молхоналарда сақланганда, бутали, харсанг тошлар ҳамда тўнкалар кўп бўлган нотекис, ўнқир-чўнқир жойлар-яйловларда ўтлатилганда елиннинг лат ейиши ва жароҳатланиши натижасида, елиннинг совуқ уриши ҳамда ҳайвонларни сифатсиз озуқалар билан боқиш натижасида мастит касаллиги келиб чиқади.
Микроорганизмлар елинга ташқаридан елин канали орқали ҳамда қон ва лимфа йўллари орқали ўтиши мумкин. Бундан ташқари, сут бези сил, актиномикоз ва оқсил сингари юқумли касалликлар оқибатида иккиламчи касаллик сифатида учраши мумкин. Елиннинг яллиғланиш сабабларидан бири заҳарланишлардир
(интоксикация).
Маститларнинг келиб чиқишига биологик, механик, климатик, алиментар ва термик омиллар сабаб бўлади. Касаллик асосан организм табиий резистентлигининг пасайиши оқибатида юзага келади. Касалликнинг асосий чақирувчилари 26,9% ҳолларда стафилакокк, 25% ҳолда стрептококк, 28,2% ичак таёқчаси ва шунингдек, сальмонелла, диплококк, бактерия ва замбуруғлар бўлиши мумкин. Микроорганизмлар елинга асосан 3 йўл орқали: елин сўрғичлари орқали (галактоген), қон томирлари
(гематоген) ва лимфа йўллари (лимфоген) орқали ўтади.
Маститлар ўткир (5-7 кунгача), яримўткир (3 ҳафтагача) ва сурункали (20-25 кунгача ва ундан кўпроқ) тарзда кечади.

Маститларнинг таснифланиши: 1) зардобли мастит; 2) катарал мастит (сут цистернаси, сут йўллари ва альвеолалар катари); 3) фибринли мастит; 4) йирингли мастит (йирингли-катарал мастит, елин абсцесси ва елин флегмонаси); 5) қонли мастит; 6) специфик маститлар (елин оқсили, актиномикози, елин сили); 7) маститнинг асоратлари (елин индурацияси, елин гангренаси).
Касалликни аниқлаш. Касалликни аниқлашда асосан анамнез маълумотлари яъни касаллик сабаблари хақида суриштирув клиник ва лаборатор текширишлар натижаларига асосланилади. Маститлар клиник намоён бўлишига кўра,
2 шаклда кечади:
1. Клиник мастит – клиник белгилари аниқ намоён бўлади.
2. Субклиник (яширин) мастит – клиник белгилари намоён бўлмайди. Яширин маститлар қуйидагича аниқланади:
1. Клиник текширишлар.
2. Елин бўлакларини солиштириш.
Анамнез маълумотларини тўплашда ҳайвоннинг касал бўлишидан олдин ва касаллик вақтида қандай парваришланганлиги ва озиқлантирилганлиги, кейинги марта қачон туққанлиги, касалликнинг қачон бошланганлиги, кузатилган клиник белгилар ва қандай даво қилинганлиги аниқланади.

Клиник текширишлар билан елин катталашиши, қизариши, маҳаллий ҳароратнинг кўтарилиши, кейинчалик сут миқдорининг камайиши, сутнинг ташқи кўриниши
ўзгариши ва бошқа белгилар аниқланади. Елин кўздан кечириш, пайпаслаб кўриш ва соғиб кўриш йўли билан текширилади (15-16 расм).

Касалликнинг олдини олиш. Ҳайвонларнинг елин ва сутлари мунатазам равишда назорат қилиб борилиши керак. Клиник маститли ҳайвонларни тўдадан ажратилган ҳолда даволаш талаб этилади.
Даволаш. Қўй-эчкиларда касалликни даволаш бевосита елинда амалга оширилади. Асосан мастит учун ишлаб чиқарилган антибиотиклардан фойдаланилади.
Даволаш чораларини бошлашдан олдин микроорганизмлар изоляция қилиниши ва аниқланиши керак бўлади.
Антибиотограмма тести қилиниб, энг таъсирли антибиотик аниқлангач, даволаш бошланади. Дорини елин ичига юборишдан аввал елин ичи сутдан бутунлай бўшатилиши ва елин дезинфекцияси амалга оширилиши шарт. Айниқса, елин учини спиртли тампон билан тозалаш лозим. Дори юборилгач, елинларни қўл билан енгил уқалаш ҳам дорининг тўқималар орасида тарқалишига ёрдам беради. 12-24 соат ўтгач елинлар яна соғилиб бўшатилади ва инъекция такроран қилинади. Даволаш жараёнида маститли сутни инсон ёки ҳайвонларга озуқа сифатида бериш асло мумкин
эмас.

Манба: «Қўй ва эчки касалликлари» (100 китоб тўплами) лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ