Қўйларни парваришлаш бўйича тавсиялар

Қўй инсон ҳаётида гўшти ва сути, териси ва жуни билан катта аҳамиятга эга.

Зотлари: ҳозирги кунларда аҳоли хонадонларида қўйларнинг жайдари, ҳисори гўштдор- жундор думбали зотлари ва уларнинг дурагайлари боқилмоқда.

Жайдари зотли қўйлар: гўшт-ёғ беришга ихтисослашган дағал жунли, думбали маҳаллий қўй зоти. Бу қўйлар яйлов ҳамда қишлоқ шароитига мослашган Унумдор яйловларга талабчан эмас, ўз семизлигини тезда йўқотмайди. Қўйлар 5–7 ойлигида жинсий етилади. 15–18 ойлигида қочиришга қўйилади. Бўғозлик даври 145–155 кун. Уларда битта ёки иккитадан қўзи олинади. Қўчқорларнинг оғирлиги 60–180, совлиқларники 35–110 кг атрофида. Сўйим чиқими 45–60%. Қўйларнинг жуни йилига 2 марта – баҳорда ва кузда қирқилади. 1–4 кг жун олинади. Жунлар қалин мовут, шолча, гилам тўқишда ва кигиз босишда ишлатилади. Йилига 50 кг гача сут (ёғлилиги 6–7%) беради.

Ҳисори зотли қўйлар: фермер хўжаликларида ҳамда аҳоли томорқа хўжаликларида жадал урчитилмоқда. Чунки бу зотли қўйлар бир жойда муқим сақлаб боқишга жуда мослашган. Ҳисори қўйлар йирик думбаси, тез етилиши билан бошқа думбали қўйлардан фарқ қилади. Қўчқорларининг тирик вазни 110–120 кг, совлиқлариники 80–90 кг, думбаси ўртача 15–20 кг.

Парваришлаш. Қўйхонада бир она қўйга 1,5 м2, ахта қўйларга 1 м2, катта қўчқорларга 2 м2 жой ажратилади. Бир бош қўй ҳар куни 200–300 г омихта ем, 1 кг майдаланган пичан ва сабзавот чиқиндиси, макка силоси, сенаж, сомон ва керагича туз билан боқилади.

Қишда қўйнинг семизлигидан қатъий назар кунига 0,5 кг. дан майдаланган пичан берилади.

Бўғоз қўйларга катта эътибор бериш керак. Уларга туғишида бир ой илгари ҳар куни 0,4 кг. дан омихта ем едирилади.

Қўйларни қочириш. Совлиқларни қочиришга тайёрлаш керак. Улар қанчалик семиз бўлса, шунчалик яхши куйикади ва бақувват қўзи туғади. Август ойидан бошлаб совлиқларнинг кунлик рационига бир килограмдан дон аралашмаси ёки буғдой, сули, икки дона тухум қўшилади. Озиқани тўйимли оқсил ва туз билан бойитиш учун лизунец аралаштирилади. Қочириш учун наслли қўчқорлар танланади. Сунъий қочириш иши иқлим шароитига қараб 17–25 кун давом этади.

    А.Нурматов, Б.Аллашов

Қўйчилик чорвачиликнинг етакчи тармоқларидан бири ҳисобланади. Республикамизда қўйларнинг қоракўл, ҳисори, жайдари ва жундор зотлари урчитилади. Ёз ойларида қўйларни чанқатиб қўйиш ёки иссиқда қолдириш яхши боқилмаганга қарагандан ҳам хавфли. Чунки уларнинг ўпкаси касалланиши мумкин, касаллик эса қишга бориб намоён бўлади.

Ёзги яйловларда иссиқни пасайтирувчи ва чанқовни камайтирувчи шароит яратилиши керак. Ёзда қўйлар очиқ текисликларда, тепаликларда ва дўнгликларда ўтлатилади. Ёш қўзилари бўлган совлиқлар энг яхши яйловларда боқилади. Қўйлар эрталаб ва кечқурун ўтлатилади. Энг иссиқ соатларда очиқ жойда, шамол эсиб турадиган майдонларда дам олдирилади.

Қўйлар яйловларда яхши ўтлатилганда (сут бермайдиган совлиқлар, қўчқорлар ва бичилган қўйлар) қўшимча озиқа берилмаса ҳам ўз вазнини ошириб боради. Ёш қўзилар август ўрталарида онасидан ажратилади. Эмизадиган совлиқлар қочирилгунча яхши дам олиши ва яйратилиши керак, шундагина улар келгусида яхши насл беради. Онасидан ажратилган қўзилар чучук сувли қудуқлар атрофида боқилади. Одатда қўзилар 3,5–4,5 ойлигида онасидан ажратилади.

Қўзилар онасини эмадиган даврда тез ўсади ва тирик вазни она қўйларнинг 60–65 фоиз вазнига етиб қолади. Масалан, яхши ривожланган қўзининг тирик вазни онасидан ажратиш маҳалида 28–32 кг, ўртача ривожланганда 22–27 кг ва суст ривожланганда 15–21 кг бўлади. Ёш қўзилар оналаридан бирин-кетин ажратиб борилади.

Онасидан ажратишдан 10–15 кун аввал ёш қўзилар совлиқлардан алоҳида ўтлатилади, эрталаб эса уларни оналарининг ёнига қўйиб қўйилади. Шунда қўзилар ўтлаб юришга ўрганади, организм ҳолатида айтарлик ўзгаришлар бўлмайди. Қўзиларни ўргатилмасдан туриб, онасидан бирдан ажратиб қўйилса улар она сутидан маҳрум бўлиб фақат яйлов ўтлари билан озиқланишга мажбур бўлади. Ана шундай кескин ўзгариш айрим ножўя ҳодисаларга сабаб бўлади, қўзилар мустақил ҳаётининг дастлабки кунларида яхши ўтламайди, уларда моддалар алмашинуви бир қадар бузилади, оыибатда ёш қўзилар ўсиб-ривожланишда орқада қолади. Бунга йўл қўймаслик учун ёш қўзилар отарларига 15–20 бош совлиқ қўй ва эчки қўшиб қўйиш тавсия этилади.

Зооветеринария талаблари бўйича қўзиларни онасидан ажратгандан кейин урғочиларини алоҳида тўқлилар гуруҳига, зотли эркакларини эса қўчқорчалар гуруҳига ажратиб қўйиш керак. Ривожланмай қолган ва сурункасига касал бўлиб юрадиган заифлари алоҳида гуруҳларга ажратилади.

Шундай қилиб, қўйларни ёз даврида озиқлантириш ва парваришлаш катта эътибор талаб қилади. Муҳим ва масъулиятли тадбирга жойларда етарли эътибор берилса қўйчиликда кутилган мақсадга эришилади.

А.Нурматов, Н.Шоймуродов

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!