Қўйларнинг брадзот касаллиги

Брадзот Hepatizis infectiosa necrotica қўй ва эчкиларда ўткир кечувчи юқумли касаллик бўлиб, ширдон ва 12 бармоқли ичак шиллиқ пардаларининг яллиғланиши ва паренхиматоз органларининг ўз хусусиятларини бузилиши билан белгиланади.

Касалликнинг қўзғатувчиси ва унинг чидамлилиги. Қўзғатувчининг Clostridium septicum, Cl.Оеdematiens А тури мавжуд. Клостридиумларнинг спорали шакллари физикавий ва кимёвий таъсирларга жуда чидамли. Тупроқда, ерда йиллаб фаол яшай олади. Қайнатилганда қўзғатувчи 30-60 дақиқада нобуд бўлади. Тупроқда айрим ҳолларда йиллаб ўз фаоллигини сақлайди. Дезинфекцияловчи воситалардан 3-5% фаол хлорли оҳак, 5% ли ўювчи натрий, 10% ли сульфат-корбол кислоталари аралашмаси, 2-10% ли формальдегид эритмалари ишлатилади.
Касалликнинг тарқалиши ва сабаблари. Табиий ҳолатда касаллик билан қўйлар насли ва ёшидан қатъи назар касалланади. Асосан кам ҳаракат қилувчи ва семизроқ қўйлар касалланади. Яйловда боқилаётганда катта қўйлар, қўтонда ёки уй шароитида эса ёш қўзилар касалликга тез чалинади.
Касаллик йилнинг барча фаслларида асосан куз, қиш ва баҳорда кўпроқ кузатилади. Касалликнинг пайдо бўлишига қўйларни қор, қиров ва шудрингда боқиш, гельминтлар билан зарарланиши, организмда оқсил ва минерал моддаларнинг етишмаслиги, резистентликни пастлиги имкон яратади. Касалликнинг манбаи бўлиб, касал ва касалдан тузалган ҳайвонлар ҳисобланади. Қўзғатувчи алиментар-овқат ҳазм
қилиш тизими шиллиқ пардалари орқали организмга киради. Касал ҳайвон ўзининг ахлати билан ташқи муҳитни, айниқса, тупроқ, яйловлар ва сувни ифлослантиради. Табиий шароитда ҳайвонлар яйловда боқилганда асосан касаллик қўзғатувчиси билан ифлосланган тупроқли озуқаларни (хашак), ўтни еганда ёки сувни ичганда зарарланади. Брадзот одатда қўй ва қўзиларда жуда тез кечади. Кечқурун клиник соғлом бўлган ҳайвон эрталаб ўлган бўлади. Касаллик чиққан вақтда касалланиш 30-35%, ўлим 90-100% бўлади.

Касалликнинг кечиши. Брадзотнинг кечишида ҳайвон резистентлигининг пасайиши, овқат ҳазм қилиш тизимининг секретор ва ҳаракатланиш фаолиятининг бузилиши,
бир хил озиқланиш, ортиқча озиқлантириш, жуда совқотиш ёки иссиқлик ва жигар гельминтлари муҳим роль ўйнайди.
Бу ҳолатлар овқат ҳазм қилиш тизимидаги қўзғатувчининг кўпайишига олиб келади. Ширдон ва 12 бармоқли ичак деворига қўзғатувчи кириб тез кўпаяди ва кучли токсин ишлаб чиқаради. Улар қонга ўтиб организмни заҳарлайди (токсико-инфекция) ва касал ҳайвонни ўлимга олиб келади.
Касалликнинг клиник белгилари. Брадзот яшин тезлигида (ўта ўткир) ва ўткир кечади. Ўта ўткир кечганда улар тўсатдан клиник белгиларсиз ўлади. Айрим ҳолларда қўй қўтондан чиқаётганда тўсатдан йиқилиб, кучли қалтираб, кўз шиллиқ пардалари қизариб, оғзидан кўпик келиб, тимпания ва тана ҳарорати озроқ кўтарилган ҳолда тезда ўлим юз беради.

Касаллик ўткир кечганда уларда умумий ҳолсизлик, ланжлик, анорекция, 41 °С гача иситма кузатилади. Бурун ва оғзидан кўпик келади, пульс ва нафас олиши тезлашади.
Айрим ҳолларда қонли диарея, тез сийиш, тимпания, колик, тишларини ғижирлатиш, томоқ ва бошида шиш кузатилади.
Касал ҳайвон қийинчилик билан юради. Бошқа ҳолларда асабий ҳолат: нотинчлик, ҳаяжонланиш, айланма ва тўлқинсимон ҳаракат кузатилиб, ҳайвон йиқилади ва оёқла-
ри сузма ҳаракат қилади. Уларда тиришиш ва ҳушдан кетиш кузатилади. Шу ҳолатда 8-14 соатда ўлади. Касаллик чўзилса, 3-5 кун давом этиши мумкин.

Патологоанатомик ўзгаришлари. Ўлган жасад 2-5 соат орасида ҳавога тўлади, тезда шишади, ирий бошлайди ва ўткир қўланса ҳид чиқаради.
Табиий тешиклардан қонли кўпик оқади. Бош, бўйин, кўкрак тери остида газли геморрагик инфильтрат кузатилади. Жуни енгил юлинади.
Ташхиси. Касалликга ташхис қўйишда унинг эпизоотологияси (қўйлар касалланади, жинси ва ёшининг аҳамияти йўқ, эпизоотия кузатилади), клиник белгилари (шиддатли,
ўткир кечади, айрим ҳолларда безовталаниш, қон аралаш ич кетиши, қалтираш кузатилади), патологоанотомик ўзгаришлари (ўлган жасад тез шишади, чириган сассиқ ҳид чиқади), лаборатор текшириш натижалари ҳисобга олинади.
Фақат ташхис қўйиш учун ўлган жасадни махсус жойда очиш мумкин. Лабораторияга паренхиматоз аъзолар (жигарнинг некрозга учраган жойи), ширдоннинг жароҳатланган жойи, шишган тўқималар, ўн икки бармоқ ичак жўнатилади.
Дифференциал ташхиси. Касалликни куйдирги, юқумли энтеротоксемия, пастереллёз, қорасон, пироплазмоз ва заҳарланишлардан фарқлаш керак.
Даволаш. Касал ҳайвонларнинг сақлаш ва озиқлантириш шароити яхшиланади. Ўта ўткир шаклда кечса, даволаш самарасиз. Агар касаллик чўзилса, антибиотиклар, сульфаниламид ва нитрофуран препаратлари билан даволанади. Антибиотиклардан биомицин, синтомицин, террамицинлар катта қўйларга 1 кг оғирлигига 0,1-0,2 қўзиларга 0,2 миқдорда, биоветин озуқа билан ҳар бошга суткасига 1,0 гр берилади.
Иммунитет. Брадзот, энтеротоксемия, хавфли шиш ва қўзиларнинг дезинтерия касалликларига қарши қўзилар 3 ойликдан бошлаб қуюқлаштирилган поливалент алюминий гидроксидли вакцина билан эмланади. Ориқ, касал қўйлар ва бичишдан 2 ҳафта олдин эркак қўзилар эмланмайди. Вакцина мускул орасига юборилади, мажбурий эмлашда орадаги муддат 12-14 кун, профилактик эмлашда эса 20-30 кун бўлади. Иммунитет 12-14 кундан кейин пайдо бўлиб, 6 ойгача давом этади.

Касалликнинг олдини олиш ва қарши курашиш чоралари. Касалликнинг олдини олиш учун қўйхоналар, яйлов ва сув ичиш жойларининг ветеринария-санитария ҳолатини
назорат этиш зарур. Барча брадзот касаллиги чиққан ҳудудлар ҳисобга олиниши ва баҳор бошида, яйловга чиқаришдан 30-45 кун олдин соғлом қўйлар эмланиши зарур.
Ушбу касаллик қўйлар орасида клиник, патологоанатомик, бактериологик аниқланса, ветеринария низоми доирасида сурув ёки ферма носоғлом, деб эълон қилинади ва унга
карантин чекловлари қўйилади.
Қўйхоналар ҳар ҳафта 5% ли фаол хлорли оҳак, 3-5% ли ўювчи натрий ёки 10% ли формальдегид билан дезинфекция қилинади. Ўлган жасадлар териси ва жуни олинмасдан куйдирилади. Касал қўй гўштга сўйилмайди, жуни, сути олинмайди. Касал ҳайвонлар ахлати ва сийдиги билан ифлосланган гўнг ва қолган хашак куйдирилади.

Манбв: «Қўй ва эчки касалликлари»

Тузувчилар: Қ.Ж. Шакиров – Тошкент давлат аграр университети Ипакчилик ва
тутчилик факультети, “Умумий зоотехника” кафедраси доценти, қ.х.ф.д.
А.И. Амиров – Тошкент давлат аграр университети “Умумий зоотехния”
кафедраси ассистенти.

Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ