Қўйларни урчитиш усуллари

Қўйчиликда подани қайта тиклаш совлиқлардан кўпроқ қўзи олиб уларни сақлаб қолиш эвазига таъминланади.
Қўйчиликда ишни ташкил қилиш отарлар асосида амалга оширилади. Отарлар қўйларнинг зоти, жинси, ёши, наслдорлиги ва махсулдорлигига қараб тузилади. Қоракўлчилик отарларини тузганда юқоридагилардан ташқари ранги ва барра типи, класслари инобатга олинади.
Бундай иш ташкил қилиш қўйларни озиқлантириш, сақлаш, танлаш ва жуфтлаш, ҳамда эмлаш ишларини осонлаштиради.
Ўзбекистон шароитида совлиқ, қўчқор ва қўзи отарларини тузиш одат тусига кирган. Бу отарларнинг катта-кичиклиги қўйларнинг зоти, ёши, географик жойлашиши ва маҳсулот йўналишига қараб муайян шароитда ҳар хил бўлади.
Қоракўлчилик хўжаликлари асосан кенг саҳро ва чўлларда жойлашган бўлиб отарларда қўйлар сони анча кўп бўлади.Совлиқ отарларида қўйлар сони 600-700, қўчқор отарларида 200-300, қўзи отарларида эса 800-1000 бошдан иборат бўлади.
Думбали қўйлар асосан тоғ ва тоғ ёнбагри яйловларида боқилишини инобатга олиб бош сонлари бироз кам бўлади: 300-400; 100-200; 400-600 бош.
Қўйларни қочириш. Қўзиларда жинсий балоғат 5-8 ойлигида рўй беради, лекин бу даврда уларни қочириш мумкин эмас, чунки улар ҳали жисмонан тайёр эмас. Урғочи қўйлар асосан мамлакатимиз шароитида 1,5 ёшда ёки совлиқлар вазнининг 70 %ига эришган пайтда дастлаб қочирилади, ёки шу вақтда улар жисмоний балоғатга етади. Қўйларни қочиришнинг энг қулай фурсати куз мавсуми ҳисобланади. Чунки бу даврда қўйлар яхши семизликка эга бўлиб жинсий жараёни жўш урган бўлади. Қочириш муддати эса қўзилатиш мавсумига асосан амалга оширилади.
Думбали қўйчиликда суғориладиган ҳудудларда қўзилатиш қиш – эрта баҳорда ўтказилишини инобатга олиб қочиришни август, сентябр ойида ўтказилса, қоракўлчилик хўжаликларида саҳро ва дашт шароитида кўк ўтлар пайдо бўлишини инобатга олиб, март-апрел ойларида қўзилатишни ўтказиш мақсадида совлиқлар октябр-ноябр ойларида қочирилади.
Зоотехника ва ташкилий томондан қўзилатиш мавсуми 1 ойдан ошмаслигини инобатга олиб қочириш мавсуми ҳам тиғиз 2 куюкиш даврида ташкил қилинади. Қочириш мавсумидан олдин йилнинг келишига қараб совлиқлар қўзилардан ажратилади. Ориқ совлиқлар қўшимча озиқлантирилиб, мавсум бошида ҳамма совлиқларнинг хўжалик семизлиги таъминланади.
Мавсум олдидан совлиқларни сифатли озиқалар билан таъминлаш уларнинг жинсий фаолиятига ижобий таъсир этиб, сифатли ва аксарият кўп тухум ҳужайраси ажраб чиқишига сабаб бўлади, оталаниш юқори бўлиб, ҳомила меъёрда ривожланади.
Қўчқорларни тайёрлаш.Қочириш мавсуми бошланмасдан қўчқорларни яйратишни ва омихта ем беришни бошлаш керак, уларнинг мунтазам ҳаракати жинсий фаолияти ва уруғининг сифатига ижобий таъсир кўрсатади.
Қочириш мавсуми олдидан отарларни қайси пунктда қочирилиши ва қайси қудуқдан сув ичиши режалаштирилади.
Қочириш мавсумига 1,5 ой қолганда қўчқорларнинг уруғ сифатини текшириш бошланади. Дастлабки ҳафта 3 кунда бир марта, келгуси ҳафталар кун аро,охирги мавсум бошланишидан олдинги ҳафтада эса ҳар куни 2 мартадан уруғ олинади. Барча қочириш учун ажратилган қўчқорлар уруғининг ҳажми меъёрда 1 см³ дан кам бўлмаслиги, «Қуюқ» бўлиб, 80 %дан кам бўлмаган уруғ ҳужайралари фаол ҳаракатда бўлиши шарт. Ушбу талабларга жавоб бермаган наслли қўчқорлар қочиришга, айниқса сунъий уруғлантиришга қўйилмайди. Ёш қўчқорлардан олинган уруғ сифати аниқлангандан кейин қочиришда фойдаланиб, авлодарининг сифати баҳолангандан кейин кенг фойдаланилади.
Қочириш усуллари. Сунъий уруғлантириш қўйчиликда асосий қочириш усули бўлиб ҳисобланади.
Республикамиз қоракўлчилик хўжаликларида ушбу усул асосий бўлиб қолиши ва қоракўлчилик маҳсулотларини сифатини оширишда туртки бўлиб хизмат қилади.
Ушбу усул зоотехникавий, иқтисодий ва ветеринария нуқтаи назардан ижобий ҳисобланади,яъни қочиришда фақат насли яхши қўчқорлардан кенг фойдаланиш эвазига сифатли авлод олишни таъминлаш, қўйлар наслини мунтазам яхшилаб бориш имконини беради. Иқтисодий жиҳатдан хўжаликда эркин қочиришга нисбатан 5-10 баробар кам қўчқор сақлаш имконини беради.
Ветеринария нуқтаи назаридан эса ўткир юқумли ва жинсий касалликларни тарқалишини олдини олади.
Ўртача оддий шароитда бир қўчқор уруғи билан 500-600 бош совлиқни, уруғ суюлтирилиб ишлатилганда эса 5-6 минг бош совлиқни қочириш имконияти туғилади.
Қўчқорларга совлиқлар наслчилик режаси ва қўйилган мақсадга асосан олдиндан белгилаб қўйилади. Бир отарга 1-2 асосий ва 1-2 заҳира қўчқор белгилаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Куюккан совлиқларни ажратиш. Куюкка келган совлиқларни ажратиш қочириш мавсумида маъсулиятли иш ҳисобланади. Куюкиш даврида совлиқ жинсий жиҳатдан қўзғалиб ўзига бемалол қўчқорни қочириш учун қўяди.
Жинсий куюкиш қўйларда 20-24 соат (баъзан 3 кунгача) давом этиб, ташқи жинсий аъзолар шишиб қизаради, биринчи куни тиниқ, иккинчи куни эса хира ва оқ шилимшиқ оқади.
Агар совлиқ қочирилганда оталанмаса яна 2 ҳафтадан кейин қайтиб куюкади, қачонки оталаниш рўй бермагунча бу хол давом этаверади.
Сунъий уруғлантириш жорий қилинган хўжаликларда қочириш мавсуми 40 кун қилиб белгиланишнинг боиси асосий совлиқлар 20-25 кунда куюкиб, мавсум давомида икки марта 2 ҳафталик даврни кечиришини назарда тутади.
Куюкка келган совлиқ ҳар совлиқ отарга эрталаб ва кечқурун искаб топувчи (пробник) қўчқорлар қўйиш билан ажратиб олинади. Бундай қўчқорларга фартук боғлаб қўйилади. Қўчқор куюккан совлиқни излаб топади, чопади, лекин жуфтлашиш бўлмайди, чунки қўчқорнинг жинсий аъзосини фартук тўсиб туради.
Отардаги совлиқларни куюкка келганларини топиш учун ҳар 70-80 совлиққа меъёрда битта искаб топувчи қўчқор ажратилади.
Куюкка келган совлиқлар ажратиб олингандан кейин, исковчи қўчқорлардан фартук ечиб олиниб ювилади.
Совлиқлар бир куюкканда икки марта қочирилиб кейин қочган совлиқлар гуруҳига қўшиб юборилади.
Қўлдан қочириш. Бу усул анча илғор усул бўлиб сунъий уруғлантириш одат булгунча асосий қочириш усули бўлган. Унда куюккан совлиқ олдиндан белгиланган қўчқор билан қочирилади. Қочириш пайтида совлиқ ушлаб турилади, яхшиси махсус дуконлардан (станок) фойдаланган маъқул.
Эртаси куни куюкиш сунмаси ўша қўчқор билан иккинчи марта қочирилади.
Бундай қочириш усулида мавсум давомида 1 бош қўчқорга 60-80 бош совлиқ беркитилади.
Бу усул сунъий уруғлантириш цингари наслчилик ишларини мақсадли олиб боришни таъминлайди.
Класслаб қочириш. Майин жунли қўйчиликда маълум гуруҳ совлиқларга мос қўчқорлар қўшилиб, қочириш мавсуми давомида бирга юради.
Бу усул билан гуруҳлаб танлаш ва жуфтлашга эришиш мумкин. Унинг камчиликлари ҳам бор: қочмай қолган совлиқларни аниқлаб бўлмайди; бир неча қўчқорлардан фойдаланиш натижасида авлоднинг келиб чиқишини аниқлаб бўлмайди; қўчқорлардан фойдаланиш муддатлари қисқаради.
Эркин қочириш. Совлиқларни қўчқорлар билан назоратсиз қочириш усули бўлиб, улар умумий гуруҳда сақланади. Бу усулда ҳеч қандай наслчилик ишини олиб бориб бўлмайди. Ҳар 30-40 бош совлиқка битта қўчқор ажратилади.
Харамда (гаремда) қочириш. Эркин ва класслаб қочириш оралиғидаги усул. Бунда 50-60 ош совлиқ ажратилиб унга 1 ош қўчқор беркитиб қўйилади. Бу усулнинг устунлиги совлиқларнинг қайси қўчқордан оталанганлиги аниқ бўлади.
Бўғоз совлиқларни асраш. Бўғоз қўйлар биринчи навбатда тўла қийматли озиқлантиришга муҳтож. Бўғозлик даврида совлиқларни тўйимли озиқалар билан таъминлаш нафақат ҳомиланинг меъёрда ўсиши, балки туққандан кейин совлиқни серсут бўлишини таъминлайди. Ориқ бўғоз совлиқларда туғиш қийин кечади, қўзилар нимжон туғилади.
Бўғоз совлиқларни яйловларда боқиш яхши натижалар беради, лекин уларни чарчатиш, босди-босди, қўпол муомала қилиш ярамайди, улар бола ташлашга ёки қийин туғишга сабаб бўлиши мумкин. Совуқ кунлари бўғоз совлиқлар нам, елвизакли жойларда сақланмаслиги керак.
Яйлов ўтлари бўғоз совлиқларнинг талабини қондирмаса уларга қўшимча озиқалар берилади. Уларга қўшимча озиқа сифатида пичан, омихта ем бериш мумкин.
Бўғоз совлиқлар етарли минерал моддалар ва қудуқдан ҳозир тортиб олинган илиқ сув билан таъминланади. Бўғоз совлиқларга музлаган ва совуқ сув ичириш уларнинг бола ташлашига сабаб бўлиши мумкин.

Манба: «Чорвачилик асослари» Мақсудов И. Жо‟раэв Ж. Я.,Амиров Ш.Қ

Дўстларингизга ҳам улашинг!