Қўзиларда аралаш инфексион касалликларнинг патоморфологияси

Аннотация: Ушбу мақолада қишлоқ хўжалик ҳайвонларининг колибактериоз, салмонеллѐз ва пастереллѐз касалликларининг қўзилар организмида аралаш ҳолда кечгандаги патогистологик диагностикаси ѐритилган. Ушбу мавзунинг мақсади мазкур касалликларни олдини олиш ва қарши курашиш бўйича маҳаллий препарат (вакцина) яратиш ва жорий этишга қаратилган. Калит сўзлар: вакцина, орган, тўқима, ҳужайралар, патоморфология, иммунитет, диагностика, колибактериоз, сальмонеллѐз, пастереллѐз. Мавзунинг долзарблиги. Мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантиришга ҳозирги кунда асосий тўсиқ бўлаѐтган юқумли касалликларни бартараф этиш ва олдини олиш, даволаш чора тадбирларини ишлаб чиқиш, хайвонлар бош сонини кўпайтириш муҳим аҳамиятга эгадир.
Ёш ҳайвонларнинг бактериал юқумли касалликлари чорвачилик учун катта хавф бўлиб ҳисобланади. Ёш ҳайвонлар орасида кўп учрайдиган пастереллѐз, салмонеллѐз ва колибактериоз каби юқумли касалликларнинг катта иқтисодий зарар келтириши чорвачиликда муҳим муаммо бўлиб келмокда. Ветеринария фани олдида турган энг муҳим муаммолардан бири қишлок хўжалик ҳайвонлари, айникса, ѐш ҳайвонлар орасида учрайдиган ва катта иктисодий зарар етказадиган юқумли касалликларга ташхис қўйиш, олдини олиш ва қарши кураш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш ҳамда амалиѐтга жорий этишдир. Юқорида кўрсатилган муаммоларни бартараф этиш учун ветеринария – санитария талабларига риоя қилишдан ташқари, юзага келган вазиятни чуқурроқ ва атрофлича илмий талқин қилиш лозим. Шунинг учун хам чорва ҳайвонларининг юқумли бактериал касалликларига қарши самарали усул ҳамда воситаларни яратиш ва тадбиқ этиш тадқиқотларимизнинг долзарб вазифаларидан биридир. Тадқиқот материаллари ва услублари. Патологик намуналардан тайѐрланган суртмалар Грам ва Романовский-Гимза усулларида бўялиб, микроскопда кўрилади. Топилган бактерияларнинг шакли ва бўялиши қайд қилинади. Бу орқали бактериалар дифференсация қилинади ҳамда кайси бир қўзғатувчи ѐки серовариант кўпрок учраши аникланади, натижалари таҳлил килинди. Патологик намуналардан сунъий озуқа муҳитларига бактериологик экма экилади ва термостатларда ўстирилади. Озуқа муҳитларига экилган бактерия культураларининг ўсиши назорат килинади, колониялар тури, хилма-хиллиги, ранги, ўлчами аниқланади. Ушбу хусусиятлар оддий ГПБ, ГПА, Китт-Тароцци ҳамда селектив Эндо ва Плоскирев муҳитларида экиб кўрилади. Бактериялар колонияларининг хусусиятларига қараб ажратилади.
Патологоанатомик текширишларда қуйидаги ўзгаришларига эьтибор каратилади: ички аъзоларнинг ҳолатига, шиллиқ пардаларнинг ўзгаришига, гавданинг ва қоннинг ҳолатига, унинг рангига ҳамда бошқа белгиларига алоҳида эътибор қаратилади.

Ички аьзоларни текширганимизда тери ости клечаткаси, лимфа тугунлари, қон томирлари ва паренхиматоз аъзолар жигар, буйраклар, ўпка, юрак, талоқ, кўпайиш органлари, ички чиқарув безлари бош ва орқа миянинг ташки кўринишига аҳамият берилди. Организмда бўладиган ўзгаришларни кузатганимизда асосий диккатимизни аьзоларнинг ҳажмига, зичлигига, рангига ва юзасидаги ўзгаришларга, кесиб кўрилганда эса тўқималарнинг ҳолатига, тўлақонлигига ва бўкканлигига қаратилди. Ошқозон-ичак бўлимининг сероз ва шиллик пардаларига, ингичка ва йўғон ичакларнинг ҳолатига, геморрагик яллиғланишлар, дистрофия, атрофия ва некротик ўчоқларга эьтибор берилди.
Барча тадқиқотлар юзасидан гистологик текширишлар ўтказилди. Бунда аьзолардан: жигарнинг жароҳатланган ва соғ тўқималари орасидан ҳар жойидан, буйраклардан, талоқдан, юракдан, ўпка ва ошқозон ости безидан, 0,5 см қалинликдаги бўлакчалар олинди. Ҳар бир ичакдан узунлиги 2-3 см бўлган намуналар олинди. Олинган натижалар ва уларнинг таҳлили. Аралаш юқумли касалликларда клиник белгилар касалликнинг оқимига ва кўзғатувчиларнинг вирулентлигига қараб ўзгаради. Касалликлар ўткир оқимда кечса касаллик мураккаблашиб жуда оғир ўтади. Бундан ташқари клиник белгилар организмда касаллик қўзғатувчиларининг турига ва миқдорига боғлиқ ҳолда ўзгарганлиги қайд этилди. Масалан, пастереллѐз ва колибактериоз касаллик кўзғатувчилари қўзилар организмида қуйидагича клиник манзарани ҳосил қилганлиги аниқланди: уларда ҳолсизланиш, қалтираш, озуқадан бош тортиш, иккинчи куни хирриллаш, кўп ѐтиш ҳолатлари, шиллиқ пардаларнинг қизариши, тана ҳароратининг 42,0-42,5 °С гача кўтарилиши ҳамда қонли ич кетиш ҳолатлари кузатилди.
Пастереллѐз ва салмонеллѐз касаллик қўзғатувчилари биргаликда учраганда эса қўзилар холсизланган, бошини эгиб ѐтиш ҳолатлари, иштаҳанинг йўқолиши, касалликнинг иккинчи куни эса иштахасининг бўлмаслиги эвазига озуқадан бош тортиш ҳамда тана ҳароратининг кўтарилиб кетиши, нафас олишнинг кучайиши каби ҳолатлар кузатилди. Уларда суюқ кўкимтир ич кетиши билан биргаликда оѐкларнинг фалажланиши ҳам намоѐн бўлди.
Пастереллѐз, колибактериоз, салмонеллѐз касалликлари биргаликда кечганда қўзиларда клиник белгилар мураккаб кечганлиги кузатилди. Уларда қонли ич кетиш, бурун бўшлиғидан йирингли эксудатларнинг окиши, тўш олди ва қорин бўшликдарида шишларнинг бўлиши, тана ҳароратининг 40,5-41,5 °С гача кўтарилиши, шунингдек қонли ва йирингли ич кетиш кузатилиб оѐкларнинг фалажланиш ҳолатлари намоѐн булди, қўзиларда ўлим ҳолатлари қайд этилди.
Клиник белгилари жиҳатидан икки ѐки ундан ортиқ учта касаллик кўзғатувчилари билан зарарланган қўзиларда шунингдек бошқа ѐш ҳайвонларда, алоҳида касаллик қўзғатувчилари билан зарарланган ҳайвонларга нисбатан мураккаб ва чуқур ўзгаришлар кузатилади. Аммо фақат клиник белгилари билан чекланиб бу касалликларни бир биридан фарклаш жуда қийин, шунинг учун хам уларни патологоанатомик ва патогистологик текшириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Патологоанатомик ўзгаришлар. Қўзиларда пастереллѐз ва колибактериоз касалликлари биргаликда кечганда патологоанатомик ўзгаришлар мураккаб ва доимийлиги кузатилмоқда. Бунда касал ҳайвонларнинг жуда ориклаши, гавданинг қотмаганлиги, оғиз ва бурун бўшлиқларидан кўпикли суюқлик оққанлиги, айримларида бу суюқлик қон аралаш бўлиши, шиллиқ пардаларда айниқса қоньюктивада гиперимия ҳосил бўлганлиги, анал тешиги атрофлари суюқ, сариқ рангли фекали билан ифлосланганлиги, терининг рангсизланганлиги яққол намоѐн бўлмоқда. Асосан тери ости клетчаткаларида ва ошқозон-ичакларида қон томирларининг тўлақонлиги аниқланди. Сероз пардаларида нуқтали қон қуйилишлар, қон томирларининг қон билан тўлганлиги, барча касалланган ҳайвонларда кузатилди. Юракнинг катталашганлиги ва нуқтали қон қуйилишларнинг кучайганлиги, упкада эса бронх ва альвеолалар бушликларида кўпикли шилимшик модданинг тўпланганлиги, шунингдек бир неча ателиктатик ўчоқларнинг мавжудлиги кузга ташланди. Асосий ва доимий ўзгаришлар талоқда бўлиб, унинг ҳажми катталашган, юзасида нуқтали ва доғсимон қон қуйилишлар қайд этилди.
Пастереллѐз ва салмонеллѐз касалликлари биргаликда учраганда қўзилар гавдасида, яьни, бош, бўйин, анал тешиги атрофи тери ости клетчаткаларида шишлар ҳосил бўлганлигини, оғиз бўшлиғидан қон аралаш кўпикли суюқлик оққанлиги намаѐн бўлди. Ёриб кўрилганда бузоқларнинг ўпка ва ошқозон-ичакларида қон томирларининг тўлақонлиги, сероз пардаларида нуқтали ва доғли қон қуйилишлар кенг тарқалган. Ўпканинг ҳажми катталашган, оч қизил рангда, юзасида нуқтали қон қуйилишлар борлиги, жигар ҳам анча катталашиб унинг ҳам юзасида нуқтали ва доғли қон қуйилишлар, гиперимия ҳолатлари ва буйракларда геморрагик жараѐнлар кузатилди. Ошқозон шиллиқ пардаларида шилимшик аралаш қорамтир модда йиғилган, майда нуқтали қон қуйилишлар, эррозия ва яралар мавжудлиги аниқланди. Талоқ ҳажми бироз катталашган, юзасида майда қон қуйилишлар бўлиб, кесганда пульпаси тўқ кизил рангда эканлиги аниқланди. Ичакларнинг шиллиқ пардаларида катарал-геморрагик яллиғланиш, доғли қон қуйилишлар, айниқса ичакларда 1-2 см катталикдаги бир нечта яралар борлиги аникланди.
Пастереллѐз, салмонеллѐз, колибактериоз касалликлари биргаликда аралаш ҳолда кечганда қўзилар гавдаси жуда ориқ, ташқи шиллиқ пардалари гиперемиялашган, анал тешиги атрофи суюқ, қўланса ҳидли фекали билан ифлосланган, лимфа тугунлари катталашган. Касалликнинг ўткир оқимида жигар, талоқ катталашган, қон томирларида қон турғунлиги, паренхиматоз органлар юзасида кўп сонли қон қуйилишлар, жигарда салмонеллѐзга хос паратифоз тугунчалар ҳосил бўлганлиги, буйраклар катталашиб, юзасида доғсимон қон қуйилишлар кузатилди.
Касалликнинг сурункали оқимида ўпканинг дифтеритик яллиғланиши, зичланиши, жигар, талоқ ҳажмининг кичрайиши, ошқозон ичакларнинг шиллиқ қаватларида нуқтали, доғли қон қуйилишлар ва ширдонда шилимшик модданинг кўп тўпланганлиги, дистрофик-некротик узгаришлар, геморрагик яллигланишлар ва яралар кўп учрайди. Талокнинг айрим жойларида майда қон қуйилишлар, ичакларнинг тутқичларидаги лимфа тугунлари яллиғланган, буйракларда гемодинамик ва дистрофик ўзгаришлар кучли ривожланган, капсуласи ҳам кенгайган, фибринли суюқлик билан тўлган. Хулоса. Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки қўзилар ва ѐш ҳайвонларда учрайдиган аралаш ҳолда кечувчи инфекцион касалликларнинг клиник белгилари ва патоморфологик манзараси жуда мураккаб бўлиб, бошқа касалликлардан тубдан фарқ килади. Аммо яхши эътибор билан таҳлил этилса, ўз вақтида тўғри диагноз қўйилиб, ушбу касалликларга қарши кечиктирмасдан олдини олиш ва қарши курашиш чораларини кўриш мумкин.

Б.А.Кулиев, С.Аҳмедов, К.Ш.Акрамов Самарқанд ветеринария медицинаси институти