СИГИР СУТИ МИҚДОРИ ВА СИФАТИНИ ЯХШИЛАШДА ҚАНДАЙ ҚОИДА ВА АМАЛЛАРГА ЭЪТИБОР БЕРИШ КЕРАК?

Маълумки, сут жуда мураккаб таркибга эга бўлган, инсонга зарур озиқа маҳсулотларидан бири ҳисобланади. Унинг таркибида 13% гача қуруқ тўйимли моддалар, шу жумладан, инсон учун зарур бўлган турли оқсил, ёғ, қанд, минерал тузлар ва витаминлар турли миқдорлар ва нисбатларда мавжуддир.
Ҳозирги даврда сутнинг таркибида 250 хилга яқин биокимёвий моддаларнинг борлиги аниқланган ва сут ёғида 140 турдаги ёғ кислоталари мавжуддир. Сут таркибидаги айрим тўйимли моддалар табиатда бошқа маҳсулотлар таркибида учрамайди
ва қайтарилмайди. Сигир бамисоли кичкина табиий заводдир. Масалан, сигирдан йилига ўртача 300 кун сут беради ва ундан шу даврда 3625 кг. сут соғиб олдик, дейлик, бундай ҳажмдаги сутдан: 120 кг. оқсил, 182 кг. сут қанди, 136 кг. сариёғ ва 25,4 кг. турли минерал моддалар олинади. Шу билан бир қаторда, сигир сутининг таркибида инсон организми учун керакли бўлган бир қатор биологик фаол моддалар мавжуд. Сутнинг таркибидаги бу моддаларни кўп ва кам бўлиши бир қатор омилларга, шу жумладан, сигирнинг зоти, тирик вазни, сут бериш даврининг муддати, рацион асосида боқилишига ва унда тўйимли моддаларнинг етарлилиги ва тўлақонлиги, уларнинг ўзаро мувозанатлашганлиги, сўрилиши ва ҳазмланиши, озуқавий қиймати, сигирларнинг ёшига, соғломлиги, туғишдан олдинги семизлик ҳолатига, йилнинг фаслларига, соғимлар сони, тўлиқ ва тоза соғиб олинишига, куюкиш даврига, ташқи
муҳитнинг ҳарорат даражасига ва бошқа шу каби бир қатор омилларга боғлиқ. Биз ана шу омилларнинг айримлари ҳақида гап юритмоқчимиз:
Сигирларнинг зоти. Сут етиштириш мақсадида республикамиз шароитида қорамоллардан; қора-ола, голштин, қизил чўл, швиц ва бушуев зотидаги қорамоллар вилоятларда районлаштирилган. Улар орасидан қора-ола зотли моллар ўзининг маҳсулдорлиги ҳамда бош сони жиҳатидан биринчи ўринни эгаллайди. Бу зотга мансуб сигирдан кўпгина хўжаликларда йилига 3500-4500 кг-гача сут соғиб олинади.
Уларнинг сутини ёғлилик даражаси 3,4-3,7%, оқсили 3,2-3,3% ни ташкил этади. Улардан гўшт чиқиш миқдори ва унинг сифати ҳам яхши.
Айни даврда Ўзбекистонда Қора ола, Голштин, Қизил чўл, Щвиц ва Бушуев зотлари турли хўжаликларда етиштирилмоқда. Улардан зотига қараб маҳсулдорлиги йилига ўртача 2700-4300 кг, сут таркибидаги ёғ миқдори 3,6-4,0 фоиз ва ундан кўпни ташкил этмоқда.
Ушбу зотлар бўйича келтирилган маълумотлар республикамизнинг айрим хўжаликларида, озуқа таъминоти яхши йўлга қўйилган хўжаликларда илмий асосланган. Озиқлантириш ва зооветеринария тадбирларини ўрнатилган тартибда ўтказиш натижасида эришилган.
Ҳозирги даврда республикамизнинг кўпгина фермер хўжаликларида ва аҳоли хонадонларида чорва моллари ва паррандаларнинг озуқа базасини яратилмаганлиги, уларни озиқлантириш кўпгина тўйимли моддалар бўйича тўлақонлиги ва мувозанатлашганлиги озуқалар етишмаслиги натижасида талабларга жавоб бермаслиги, селекция-наслчилик ишларининг ўрнатилган тартиблар олиб бормаслиги сабабли уларнинг маҳсулдорлиги бўйича генетик имкониятлари тўлиқ очилмаяпти.
Зарур озуқаларни етиштириш ва чорва молларини тўғри озиқлантиришни йўлга қўйиш келгусида тур ва зотларнинг маҳсулдор кўрсаткичларини намоён этиши ва  кўпайтириш, хўжаликларда сут ишлаб чиқаришни ва уни қайта ишлаш
маҳсулотларининг янада кўпайишига олиб келади.
Озуқа. Соғин сигирлардан белгиланган миқдорда сифатли сут соғиб олиш учун уларнинг озуқа рационида мавжуд тўйимли моддалар, биологик фаол моддаларга ва турли микроэлементлар мавжудлигини ва уларнинг чорва моллари талабларини қондириб олишига катта эътибор бериш керак.
Сигирларнинг сут маҳсулдорлигини ва озуқаларнинг тўйимли моддаларнинг сутга айланиши сигирнинг тўйимли моддаларнинг сўрилиши, ҳазмлана олишига, озуқалардаги алмашинув энергиясининг миқдорлари ва сифатларига тўғридан-тўғри
боғлиқдир. Бозор иқтисодиёти даврида озиқаларнинг нархи доимо ўзгариб туриши табиий ҳолдир. Шу сабабли, чорвадорлар доимо бу нарх-наволарни кузатиб бориши ва сигирлар учун мўлжалланган тўйимли озуқа рационини тузишда сутнинг тўйимли моддаларга бой бўлишни ва бошқа ҳамма омилларни эътиборга олишлари керак бўлади.
Сут бериш даври. Сигирларнинг туққанидан кейинги даврини тахминан икки даврга биринчи 100 кунликгача ва ундан кейин то янги туғишигача 60 кун қолгунга қадар даврларга бўлиш мумкин. Биринчи 100 кунликда озиқлантиришга қараб сигирнинг сут маҳсулдорлиги ошса-да, ундаги ёғ ҳамда оқсил моддалари камайиб боради, сўнгра аста-секин сут бериш даврининг охиригача кўпайиб боради.
Сигирларни сут бериш давридаги озиқлантиришни, уларнинг физиологик ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда уни 3 га бўлиш мумкин. Айтайлик, сигирларни 60 кунгача бўлган сут бериш биринчи даврда рационнинг таркибидаги озуқаларнинг тўйимли моддаларга бўлган талаби, уларни нормал яшаши учун белгиланган рационга нисбатан 3-4 баробар, оқсилга бўлган талаби эса 6-7 мартага кўп бўлади. Бу вақтда озуқа
рациони таркибига клетчаткага бой озуқалардан (беда пичани) киритиш, ишқорий кислота миқдорини доимий ушлаш муҳимдир. Акс ҳолда сигирларда ацидоз касаллигини келиб чиқиши, уларни сут маҳсулдорлиги ва ундаги ёғ ва бошқа
кўрсаткичларининг камайиб кетишига олиб келиши мумкин.
Иккинчи даврда (61-110 кунгача) сигирларни сут маҳсулдорлиги энг юқори кўрсаткичларга кўтарилган давр бўлиб, бунда озуқа рационини тузишда уларни сут
маҳсулдорлигини ҳамда вазнини ўсишини ҳисобга олиниши лозим. Бу даврда бериладиган озуқа рациони таркибида кўпроқ энергияга бой озуқаларни қўшиб бериш тавсия эти-
лади, акс ҳолда, организмдаги модда алмашинуви бузилиб, соғиб олинаётган сутнинг ёғлилик даражаси пасайиб кетиши мумкин. Яна бу даврда сигирларни вазнининг кўпайиши учун озуқа рационида қуруқ моддаларга бой озуқалардан фойда ланиш тавсия этилади.
Учинчи давр (111 кундан ва қейингиларида) уларни сутдан аста-секинлик билан чиқиш даврига тўғри келади. Бу даврда сигирларга бериладиган озуқа рационлари витамин ҳамда минерал моддалар билан тўла таъминланишлари жуда муҳимдир.
Бундай озиқлантириш сигирларнинг сут бериш даврининг 7-ойларидан бошланиши керак. Туғишга 5 ой қолганида сигирлар ўз вазнини бу давр ичида камида 90 кг оширишларини кўзда тутилиб озиқлантиришни ташкил этиш лозим.
Сигирларни соғиш сонлари ва оралиқлари. Бу оралиқ қанча кўп ва узоқ бўлса, у сут таркибидаги ёғни кўпроқ ўзгаришига сабаб бўлади, лекин соғин вақтини узун ва қисқа
бўлишини оқсил моддаси миқдорига таъсир кўрсатмайди.
Агарда сигир кунига 3 марта соғилса, бунда сут таркибидаги ёғ ҳамда оқсил моддалари эрталабки соғинда кам, тушки ва кечқурунги соғинларда эса уларнинг миқдори кўп бўлади. Сигирларни тўла соғиб олиш ундаги ёғ миқдорининг кўпайишига
олиб келади. Елиндан охирги сут қолдиқлари соғиб олинганда ёғлилик даражаси 12% гача етади. Демак, соғин сигир сутини охиригача соғиб олмаса, уни таркибидаги ёғ, оқсил ва бошқа тўйимли моддалар камайиб кетиши мумкин.
Сигирнинг ёши. Сигирларнинг ёши катталашган сари унинг сутидаги ёғ миқдори ҳам камайиб боради. Лекин сутдаги қуруқ модда миқдори (СОМО) эса жуда ҳам камаяди.
Куюкиш даври. Бу даврни бошланиш олдидан сут таркибидаги ёғ миқдори ҳам сут маҳсулдорлиги билан бир қаторда ўзгаришлар кузатилади ва улар организмида содир этилаётган гормонлар миқдорларининг ўзгариши билан боғлиқ бўлади ва сигирдаги куюкиш жараёни тугаши билан сут ва ундаги ёғнинг миқдори ўз ҳолига келади.
Хулоса. Сигирларнинг сут маҳсулдорлигини оширишда ҳамда сут таркибидаги тўйимли моддаларнинг кўпайишига уларнинг рационларидаги тўйимли моддалар ва алмашинув
энергиясига боғлиқлиги сабабли уларни тўлақонли қийматли озиқлантириш, вақти-вақти билан махсус яйратиш майдончаларига чиқариб туриш, кунига камида 5-6 км. масофада юришини таъминлаш, имкон қадар яйловларда боқиш муҳим омилларга киради.
Бу юқорида келтирилган ишлардан ташқари, ҳар бир хўжаликда ҳар хил озуқаларни қайта ишлаш, уларни майдалаб аралаштириб, якка кўринишда беришни ташкил этиш,
етиштирилган озуқаларнинг чорвачилик маҳсулотлари учун чиқитсиз сарфланишини, уларнинг сифатини оширишни таъминлайди ва сут ва гўшт ишлаб чиқариш самарадорлигини ҳам оширади.

Шавкат АКМАЛХОНОВ, академик, Бурхон ЖУМАДУЛЛАЕВ, қ.х.ф.н., Дилшод ЮЛДАШЕВ, қ.х.ф.н., Комила ИМАНКУЛОВА, илмий ходим, Наргиза ГУЛМАТОВА, лаборант, Чорвачилик ИТИ.

АДАБИЁТЛАР
1. Акмальханов Ш.А. Биологические и зоотехнические основы ведения молочного скотоводства в Узбекистане.
Ташкент. “Мехнат” 1993. с. 89-92.
2. Аширов Б.М. Сигирлар маҳсулдорлигининг сервис даврига боғлиқлиги. “Зооветеринария” журнали, №3. 2014
й. 31-бет.
3. Носиров У.Н. ва бошқалар. “Бўғоз сигирларни парваришлаш ва туғишга тайёрлаш”. “Зооветеринария” журнали,
№12. 2014 й. 29-31-бетлар.
4. Сайитқулов Б. “Юқори сифатли сут”. “Зооветеринария” журнали, №6-7. 2008 й. 37-39-бетлар.

Дўстларингизга ҳам улашинг!