Сигирлар сут маҳсулдорлиги нималарга боғлиқ?

Сигирлар сут маҳсулдорлиги ва унинг хусусиятлари, сутнинг таркиби каби ирсий белги ҳисобланади.
Генотип томонидан белгиланган юқори сут маҳсулдорлиги генетик имконий кўрсаткичдир. Сигирларнинг ирсий белгилари юқори сут маҳсулдорлиги ташқи муҳитнинг қулай шароитларда рўёбга чиқади.
Барча қорамол зотларида сигирлар сут маҳсулдорлиги жуда ўзгарувчан бўлади. Айрим зотли сигирлар сут йиллик маҳсулдорлиги 4000-5000 кг дан 27000 кг гача бўлганлиги қайд этилган.
Сигирлар сут маҳсулдорлиги маълум даражада унинг тирик вазнига боғлиқ, чунки у ривожланиш ва семизлик мезони ҳисобланади. Кўпинча йирик сигирлар кўп озиқа истеъмол қилиб уларни ҳазмлаш қобилиятига эга. Бу эса юқори сут маҳсулдорлигини таъминлайди. Бежиз эмас кўпгина рекордчи сигирлар вазни нормадан анча юқори
бўлган.
Сигирлар сут маҳсулдорлиги урғочи молларнинг қочириш муддатига боғлиқ бўлади. Сут йўналишидаги урғочи сигирларни 16-18 ойлигида қочириш мақсадга мувофиқдир. Лекин бу борада уларнинг вазни подадаги вояга еттан сигирлар вазнининг 65-70% ташкил қилганда амалга ошириш керак.
Жадал ўстирилган ва меъёрларда қочирилиб, туғишга тўғри тайёрланган сигирлардан йилига ўртача 3000-4000 кг сут соғиб олиш мумкин.
Биринчи туғган сигирлар сут маҳсулдорлигига уларни ийдириш муҳим таъсир кўрсатади. Агарда биринчи туғим натижаларига кўра сигирнинг сут маҳсулдорлиги поданинг ўртача кўрсаткичидан 30% кам бўлса, улар сигирлар подасига қўшилмай пучак қилинади.
Энг муҳим сутдорлик омили бўлиб сигирларни озиқлантириш даражаси ва усусиятлари ҳисобланади. Чунки бу омилсиз сигирнинг ирсий имкониятлари рўёбга чиқмайди.
Айниқса янги туққан ва сермаҳсул сигирлар озиқлантириш даражасига жуда талабчан бўлади. Сигирларни юқори ва тўла қийматли озиқалар билан таъминлаб, яхши асрамаса улардан юқори сут маҳсулдорлигини кутиб бўлмайди. Сигирлар сут маҳсулдорлиги улар лактасия даврининг давомийлигига ҳам боғлиқ бўлиб, у сервис ва қуруқлик даврларининг натижаси ҳисобланади.
Сигирлар бўғозлигининг иккинчи даврида без ҳужайраларининг жадал тикланиши кузатилади. Бунда эски алвеолалар сўрилиб янги без тўқималари пайдо бўлишни бошлайди. Бу жараён туғишга 1,5-2 ой қолганда жадал кечади. Шунинг учун бу даврда сигирни сутдан чиқариш талаб қилинади.
Бу тадбир сигир қорнида ҳомилани яхши ривожланишига ҳам ижобий таъсир қилади. Сигирлар сут маҳсулдорлиги уларнинг туғим фаслларига ҳам боғлиқ. Ўзбекистон шароитида қиш охири ва эрта баҳорда туққан сигирлар ёзда туққан сигирлар нисбатан 300-500 кг кўп сут беради. Сигирларнинг сут маҳсулдорлиги уларнинг саломатлигига боғлиқ бўлиб, елин касалликлари салбий таъсир кўрсатади.
Манба: «Чорвачилик асослари», И.Мақсудов, Ж.Жўраев, Ш.Амиров

Дўстларингизга ҳам улашинг!