Сигирларда эндометрит касаллиги

Эндометрит бу – бачадон шиллиқ қаватининг ўткир яллиғланиши, кўпроқ туғруқдан кейин 8-10 чи кунларида (баъзан 3-6- кунларида ҳам) юзага келади. Ҳатто йирик шохли қорамол боқишнинг замонавий технологиялари ва ветеринария фанининг етук даражасида ҳам, айнан туғруқдан кейинги эндометрит, сигирлардаги акушерлик –гинекологик патологиясида салмоқли ўрин тутади. Бу касаллик вақтинча ёки доимий бепуштликка олиб келади.

Касалликни эрта босқичларда ташхис қилиб аниқлаш ҳар доим ҳам мумкин эмас, даволаш эса одатда кеч қолиб кўпинча бесамар бўлади. Аксарият хўжаликларда эндометритларга етарлича аҳамият берилмайди ва жониворлардаги бу касалликни даволашни ўз ҳолича қолдирадилар.

Охиригача даволанмаган ёки тамоман даволанган эндометрит таъсири қай даражада бўлиши мумкин? Жониворнинг сервис даври чўзилиб кетади. Агарда сигир 180 кун мобайнида қисир бўлса уни даволашга, қайта-қайта уруғлантиришга ва боқишга қўшимча маблағ сарфланиб хўжаликка қанчалик зарар келишини ўзингиз тушунсангиз керак. Бир маротаба уруғлантириш учун ўртача 5000 сўм сарфланади, 3-4 марта қайта уруғлантириш учун-чи? Бундан келиб чиқиб, қайта уруғлантиришга ва шу билан бирга кўрсатиладиган хизматлар учун сарф этиладиган харажатлар ҳамда бой берилган вақт ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Яна бир жиҳат — сутни йўқотишдан келиб чиққан иқтисодий зарар. Ҳар қандай касаллик пайтида жонивор етарлича сут бермай қўяди. Айниқса, даволаш учун тетрациклин қаторидаги бактериал воситаларни қўллаганимизда, бу анча зиён келтиради. Сут етказиб берувчи чорвачиликда антибиотикларни қўллашдан кўрилган зарар ўртача 30% ни ташкил қилади.

Кам бузоқлар туғилишидан ва жониворни чиқимга чиқарилишидан етказилган иқтисодий зарар. Агарда сигир эндометрити мувафаққиятли даволанган тақдирда ҳам, кўпинча учинчи туғруқда уни чиқимга чиқаришга тўғри келади. Статистика маълумотларига қараганда, ҳар иккинчи сигир чиқимга чиқарилади. Чорва моллари четдан келтирилган ҳолатда эса хўжалик ишлаб чиқаришига катта зарар етказилади.

Эндометритни келтириб чиқарувчи сабаблар

Туғруқдан кейин эндометрит билан касалланган молларнинг сони, уларни боқишда ва бўғоз сигирларни нотўғри парвариш қилишда ошиб кетади. Бироқ бошқа турли сабаблар ҳам бўлиши мумкин. Статистика маълумотларига қараганда, эндометритларнинг 49% и йўлдош ажралишининг кечикиши билан боғлиқ. Иккинчи ўринда бачадоннинг субинволюцияси (ўз ҳолига қайтишнинг кечикиши) туради. Одатда, бачадон инволюцияси 14 кунда бўлиб ўтиши керак (бу идеал ҳолат). Аммо реал ҳаётда бу жараён бир ойгача чўзилиб кетади ва бу овқатланиш меъёри ва тартибига ҳамда, бошқа кўрсаткичларга боғлиқ. Бачадоннинг ўз меъёрий ҳолига келмаслиги, унда фасод йиғилиши, бу эса ўз ўрнида эндометритни келтиради. Эндометритни 5% га абортлар сабаб бўлади. Патологик туғруқлар 4% ни ташкил қилади. Патологик туғруқлар пайтида инсон омилига кўп нарса боғлиқлигини эслатиб ўтиш лозим. Мутахассиснинг беэътиборлиги, туғруқ жараёнининг бузилиши ва озодаликка риоя қилинмаслиги, бачадоннинг тушиб қолиши ва бошқа нохуш ҳолатлар эндометритга олиб келади.

Туғруқнинг меъёрда кечишида ҳам эндометритлар келиб чиқиш ҳолати 3% ни ташкил этади. Бундай ҳолат, эндометритларни келтириб чиқарувчи бошқа сабаблар борлигини, лекин ҳар доим ҳам уларни статистик маълумотларда аниқ кўрсатиш имкони йўқлигини билдиради. Хусусан, бу сабабларга қуйидагилар киради:

·         туғруқни меъёрда кечишида эндокрин ўзгаришлар 3% ни ташкил этади;

·         озиқлантиришдаги меъёрнинг ошиб кетиши;

·         интоксикациядаги патологик жараёнлар;

·         текширишда, уруғлантиришда шиллиқ қаватга етказилган жароҳатлар.

Қорамолларни сунъий уруғлантиришда инсон ролини аҳамияти ҳеч кимга сир эмас. Сунъий уруғлантиришда жонивор ичига микроб киритиш ёки шиллиқ қаватини жароҳатланиши ҳолатлари ҳам эндометрит касаллигини келтириб чиқаради.

Қорамоллардаги эндометритларни лаборатор текширишда асосан қуйидаги микрофлоралар аниқланади: стрептококклар 66%, стафилококклар, коли эшерихияси ва замбуруғлар (19,5%).

Табиийки, эндометритларга ташхис қўйишда, бундай лаборатор текширишларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлади, ваҳоланки, даволаш аниқ мақсадга қаратилган бўлиб, вақтни ҳам тежашга ёрдам беради.

Бироқ, бундай текширишларни амалга ошириб, касалликнинг сабаблари замбуруғликми ёки бактериалми аниқлаш учун 2 ҳафта кутиш мақсадга мувофиқ бўлавермайди, аксинча, бошиданоқ барчасига баробар таъсир қилиб, биргаликда даволовчи воситаларни қўллаш яхши самара беради.

Феруза Худоёрова — Ҳайвонлар соғлиғи ва чорвачилик масалалари бўйича маслаҳатчи agromart.uz

 

Дўстларингизга ҳам улашинг!