Сигирлардаги қисирлик: уруғлантириш ва туғруқ қоидаларининг бузилиши

Уруғлантиришни нотўғри ташкил қилиниши сабаб, кўп ҳолларда сигир ва ғунажинлар организмида репродуктив фаолияти меъёрда бўлса-да, уруғланмай қолиш ҳоллари учраб туради. Бунинг сабаблари қуйидагилардир:

·         подада жонивор сонини кўпайтиришда режа ва ҳисобга олишнинг йўқлиги;

·         наслли буқаларнинг сунъий уруғлантириш станцияларидаги тиғиз иш суръати ва сигирларни табиий қочиришдаги оғир жинсий толиқиш;

·         уруғлантиришда паст кўрсаткичли жониворлардан фойдаланиш;

·         яқин қондош бўлган жониворларни бир-биридан қочириш;

·         наслли буқадан спермани олишдаги технологиянинг бузилиши, сперма олишда, суюлтиришда ҳамда уни сақлашда санитария-гигиена қоидаларига амал қилмаслик;

·         жонивордаги мойилликни ва уруғланишнинг ўз вақтида аниқланмаслиги;

·         сигир ва ғунажинларни сунъий уруғлантириш қоидалари (жониворларга қўполлик қилиш, совуқ уруғлантириш анжомларидан фойдаланиш, сунъий ва табиий уруғлантиришларни аралаштириб юбориш ва ҳоказо) ва санитария-гигиена талабларининг бузилиши.

Сунъий уруғлантириш бўйича техник ходимларнинг малакаси ҳам катта аҳамиятга эга.

Сигирларнинг келажакда кўпайиш қобилияти кўп жиҳатдан уларни туғишга тайёрлаш ва туғруқни тўғри ўтказилишига боғлиқ. Туғруқ жараёнини имкон қадар яхши ўтказилишини таъминлай олиш бу, туғруқдан кейинги даврда тезроқ тикланиш ва икки ой даврида қайта уруғлантиришни мувафаққиятли ўтказилиши демакдир. Ҳомиланинг вақтидан аввалроқ ёки кечиктириб олиниши, асептика ва антисептика қоидаларининг бузилиши, йўлдош ажралмай қолиши, кўп ҳолларда жинсий аъзолар инволюциясининг бузилишига олиб келади.

Туғруқ – бу физиологик жараён, шунинг учун, агар у меъёрда кечаётган бўлса, жониворга ёрдам беришнинг ҳожати йўқ. Туғруқ жараёнини кузатиб туриш керак ва фақат меъёрда кечаётган туғруқ жараёни патологик ҳолатга ўтиб кетиб қолган тақдирда ўз вақтида ёрдам бериш керак холос.

Кўпинча, ҳомила кўрингандан сўнг туғруқни тезлатиш учун ҳомила пуфагини тешадилар, ҳомила оёқларига сиртмоқ (кўпинча булар туғишда ёрдам бермайдиган арқон ва камарлар бўлади) боғлайдилар ва куч билан ҳомилани тортиб оладилар. Бундай ҳаракатлар фақат зарар келтиради холос. Ҳомилани ўз вақтидан олдин ва тез чиқариш туғиш йўллари тўқималарига зарар етказади, бачадон қисқариши функцияси, ретракция механизмини издан чиқаради ҳамда йўлдош ажралишига тўсқинлик қилади, бачадоннинг тушиб қолиши ва ҳоказоларга олиб келади.

Туғиш жараёнига фақатгина аниқ зарурат бўлгандагина аралашиш лозим. Шунинг учун ҳам, сигирлардаги туққандан кейинги даврнинг меъёрда кечишининг асосий шартлари сифатида туғишга бенуқсон тайёрлаш, туғруқ жараёни қоидаларига қаттиқ риоя қилиш, ўз вақтида ва тўғри акушерлик ёрдамини кўрсатиш, туғруқдан кейинги икки ҳафта мобайнида шу даврнинг кечишини ҳар куни назорат қилиш кабиларни кўрсатиб ўтиш зарур. Бу даврда қийинчиликлар келиб чиққан ҳолда эса, ўз вақтида тегишли тиббий ёрдамни кўрсатиб, жониворни парваришлаш ва озиқлантириш шароитларини яхшилаш лозим бўлади.

Хабибулло Хамдамов, ЕХХТ ветеринария ва чорвачилик бўйича консультанти

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!