Сигирларда тўйимли моддаларнинг алмашинуви

Оқсил алмашинуви. Қорамолларда азот алмашинуви бир камерали ошқозонга эга ҳайвонларга ўхшаш кечади.
Фақат катта, тўр ва қат қориндаги азот алмашинуви бир камерали ошқозонга эга ҳайвонлардан фарқ қилиб қуйидаги босқичларда кечади:
• оқсилнинг парчаланиши;
• аммиакнинг ажраб чиқиши;
• оқсил ҳосил бўлиши ва сўрилиши.
Ушбу босқичлар сўрилишдан ташқарисида, микроорганизмлар иштирокида рўй беради.

Серсут сигирлар лактациясининг жадал даврларида оқсилга бўлган талаб кескин ортиши, сут оқсили ҳосил бўлишини таъминлайди, ушбу харажатлар озуқа таркибидаги протеин ҳисобига тўлдирилиши лозим. Акс ҳолда сигир ўз танасидаги оқсиллардан фойдаланиб сут ишлаб чиқаришни таъминлайди. Лекин бу ҳол ҳар доим ҳам қўл келмайди, чунки:
• тананинг осон сарфланувчи оқсил захиралари лактациянинг 2-3 ҳафтасидаёқ тугайди;
• биологик жиҳатдан ферментатив йўл билан ҳосил бўлган оқсил, мушак оқсилларидан устун туради;
• ҳамма тана оқсиллари сут оқсилига айланмай, бир қисми сут қандига айланади.
Макроэлементлар алмашинуви
• Кальций сигир танасида энг кўп учрайдиган минерал модда ҳисобланади. У танада суяк ҳосил бўлиши нерв импульсларини берилишида, қон уюши ва ичакнинг тўйимли
моддаларни ўтказиш қобилиятини таъминлашда иштирок этади.
• Фосфор танада буфер вазифасини бажаришда, суяк ҳосил бўлиши, энергия ташишда, аминокислоталарини синтезида қатнашади.
• Магнийнинг 70% захиралари суякда бўлади. У карбоксилаза, фосфатаза ва сийдик кислотасини ҳосил бўлишида қатнашади. Шунингдек, ацитилхолин ҳосил бўлиши ва парчаланишида қатнашиб, хабарларни ўтказишда иштирок этади. Танада магнийнинг кўп бўлиши қўзғолишни сусайтиради, етишмаслиги эса тортишиб қолишга сабаб бўлади.

Микроэлементлар алмашинуви
• Микроэлементлар металл ва нометалл элементлар бўлиб, ўсимлик ва ҳайвон танасида жуда кам учрайди. Улар оқсиллар билан бирлашиб организмнинг муҳим ферментларини синтез қилишда, шунингдек, модда алмашинувида қатнашувчи қатор гормонларни ҳосил бўлишида иштирок этади. Шу боис микроэлементлар ҳам витаминлар сингари ҳаёт учун зарур биологик фаол моддалар дейилади.
Темир элементнинг асосий қисми танада оқсиллар билан бириккан ҳолда учрайди, қарийб 50% темир моддаси қоннинг гемоглобини таркибида учрайди. Унинг захираси ферротин оқсил бирикмаси ҳолида талоқ, жигар, буйрак ва суяк илигида учрайди. Темир кўплаб ферментлар ва ҳужайра пигментлари ҳосил бўлишида иштирок этади. Озуқалар билан тананинг темирга бўлган талаби фақат 10% га қондирилади.
Мис. Асосан гемоглобин таркибига киради. Мис етишмаслиги камқонликка сабаб бўлиб, сигирларнинг сут маҳсулдорлигини пасайишига олиб келади. Сигирлар қонида
0,8-1 мкг/г бўлиши керак, унинг 0,3-0,6 мкг/г га пасайиши сигирларнинг биринчи уруғлантиришдан оталанишини 2 баравар пасайтириб юборади.
Сигирларнинг мисга бўлган талаби бир кеча-кундузда озуқанинг 1 кг қуруқ моддаси ҳисобига 8-10мг/кг ни ташкил этиши керак. Мис кўпроқ дон, уруғ, шротда кўп учраб, яйлов ўтлари, сомон ва сутда кам учрайди.
Кобальт. Сигирлар танасида кобальт етишмаслиги углеводлар алмашинувида муҳим ўрин тутувчи учувчи ёғ кислоталаридан фойдаланишни пасайтиради. Бундай ҳолларда
қонда пропианат миқдори кўпайиши натижасида сигирнинг иштаҳаси йўқолиб маҳсулдорлиги пасаяди.

Бир кеча-кундузлик кобальтга бўлган талаб озуқалар қуруқ моддасининг ҳар 1 кг га 0,1 мг ни ташкил этади, ёки бир бош сигирга кунига 2 мг кобалт талаб этилади.
Рационда кобальт етишмаслиги, таркибида кобальт мавжуд озуқа қўшимчалари (премикс) билан тўлдирилади.
Йод. Бу элемент тўқима ва без шираларида ҳам учрабасосан қалқонсимон без гормони тироксин таркибига киради.
Унинг мунтазам етишмаслиги қалқонсимон без фаолиятини бузади ва у катталашиб буқоқ касаллигига сабаб бўлади. Сигирларни кўпайиш хусусиятларига салбий таъсир этиб баъзан бузоқлар ўлик туғилади.
Сигирни йодга бўлган талаби рационнинг 1 кг қуруқ моддаси ҳисобига 0,6-0,8 мг ни ташкил этиш. Унга бўлган талабини йодланган ялама туз эвазига қондирса бўлади.

Манба: «СУТДОР ҚОРАМОЛЛАРНИ ПАРВАРИШЛАШ» Қ.Ж. Шакиров (Агробанкдан 100 китоб тўплами)

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.