Сигирлардаги қисирлик: қорамоллар репродуктив органлари касалликлари

Кўпинча бепуштлик билан кечадиган жинсий аъзоларнинг патологик жараёнларига вульва, қин кириш қисми ва қин, бачадон бўйни ва бачадон, тухум ўтказиш йўли ва тухумдон касалликлари киради. Жинсий аъзолар касалликлари гениталийлар фаолиятининг бузилиши (персистент сариқ жисмлар, фолликуляр ўсимталар, тухумдонлар гипофункцияси, атрофияси ва склерози, бачадон субинволюцияси ва атонияси, бачадондан қон кетиши ва ҳоказо), шунингдек кўпайиш органларининг яллиғланиш жараёнлари (вульвитлар, вестибуло-вагинитлар, цервицитлар, метритлар, сальпингитлар, оофоритлар)ни ўз ичига олади.

Жинсий аъзолар фаолиятининг издан чиқишига организмда модда алмашинувининг бузилиши ва озиқлантириш, парваришлаш ҳамда улардан фойдаланишидаги хатоликларни деб жинсий жараёнларнинг асаб-эндокрин тартибга солишнинг издан чиқиши, шунингдек, бошқа турли хил касалликлар (жумладан, жинсий аъзоларнинг яллиғланиши, организмнинг асаб, эндокрин ва бошқа тизимлари касалликлари) сабаб бўлади. Жониворларнинг турли касалликлари сабабли репродуктив аъзолар функциясининг бузилиши хасталаниш марказидан келаётган патологик импульсларнинг нохуш таъсири билан характерланади. Аксарият ҳолларда, оғир туғруқ жараёнларидан кейин, йўлдош тутилиши, бачадон тушиб қолиши, ҳамда ошқозон-ичак йўллари касалликлари (жароҳатли ретикулит, ошқозон олди бўлинмалари атонияси ва бошқа), юқумли ва инвазион касалликлар, заҳарланиш натижасида организм интоксикацияси ва бошқалар бачадон фаолиятининг бузилишига олиб келади.

Айрим ҳолларда сигирлар жинсий аъзолари фаолиятининг бузилишига организм гормонал аҳволини ҳисобга олмаган тарзда, даволаш мақсадида қўлланилган гормонал воситалар сабаб бўлади.

Бачадон, тухумдонлар ва тухум ўтказувчи йўллар фаолиятининг бузилиши шу аъзолардаги таркибий ўзгаришларга сабаб бўлади.

Жинсий аъзолардаги яллиғланиш жараёни, организмнинг механик, кимёвий, термик, биологик омилларга жавоб реакцияси сифатида юзага келади. Этиологик хусусиятлар бўйича яллиғланиш жараёни келиб чиқишининг юқумли ва юқумсиз (ёки махсус ва махсус бўлмаган) турлари мавжуд.

Келиб чиқиши юқумли бўлган яллиғланиш жараёнларини асосан жониворларнинг репродуктив аъзолари ва ҳомилаларига зиён етказувчи муайян қўзғатувчилар келтириб чиқариб, у жинсий инфекция ва инвазия деб номланувчи трихомоноз, кампилобактериоз, бруцеллез, юқумли вестибуло-вагинит ва бошқа баъзи касалликларда кузатилади. Ушбу касалликларнинг ҳар бири, у ёки бу даражада клиник намойишга эгадир. Ҳар бир касалликка алоҳида амалга ошириладиган даволаш ва профилактика тадбирлари, этиология ва патогенез хусусиятларига қараб, ўзига хос ўхшашликлари ва фарқланишлар мавжуд.

Жинсий аъзоларнинг келиб чиқиши юқумли бўлмаган яллиғланиш жараёнлари, шартли патоген микроблар, шу жумладан патоген ва токсиген замбуруғлар, шунингдек, механик, термик ёки кимёвий таъсирлар (масалан, жонивор жинсий аъзоси ичида қўпол ҳаракатлар, унинг ичига жуда иссиқ эритмалар ёки кучли қўзғатувчи моддалар киритиш ва ҳк.) орқали келиб чиқади. Шунингдек яллиғланиш сенсибилизацияланган сигирнинг жинсий йўлларига аллерген ташувчилари тушиши туфайли (уруғ билан бирга) аллергик реакциялар сабабли келиб чиқиши мумкин.

Жинсий аъзоларнинг махсус бўлмаган яллиғланишини келтириб чиқарувчи шартли патоген микрофлоранинг турли кўринишлари орасида стрептококклар, стафилококклар, диплококклар, ичак ва кўк йиринг таёқчалари, каринебактериялар, протей ва бошқа шу каби бактериялар кўпчиликни ташкил қилади. Шунингдек, жинсий аъзоларнинг яллиғланишини аспергиллюс турига мансуб турли хил замбуруғлар, кандида, мукор, актиномицес ва бошқалар қўзғатади. Аксарият ҳолларда, касаллик микроблар билан боғлиқ бўлиб, кўпинча эса, бактерия ва замбуруғларнинг боғлиқликлари туфайли юзага келади.

Жинсий аъзога инфекция юқиши асосан туғруқ ёки аборт пайтида, болалагандан сўнг ёки абортдан кейин, шунингдек эструс ва урчитиш даврида рўй беради.

Патоген бактериялар ва замбуруғлар жонивор жинсий аъзоларига ташқи муҳитдан (экзоген йўл орқали) ёки сут безлари, жигар, ўпка, ошқозон-ичак йўллари ва бошқа аъзолар яллиғланганда қон орқали организмга кириши мумкин (эндоген йўл). Бўғозликдан олдин бачадонга тушиб қолган микроорганизмларни фаолияти авж олиши натижасида яллиғланиш кучайиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Жинсий аъзоларга бактериялар ва замбуруғларнинг экзоген йўл (ташқаридан) билан кириб келиши бошқа жониворларда патологик суюқликлар ажраб чиққанда сигирлар жинсий аъзоларнинг бевосита ахлат, тўшамага тегиши орқали бўлиши мумкин.

Туғруқдан кейин сигирларнинг вульваси маълум муддат очилиб туради, шу сабаб у орқали бактерия ва замбуруғлар қин ва бачадон бўшлиғига тушиб қолиши мумкин. Айниқса, йўлдош ажралиши тўхтаб қолганда жинсий аъзоларга ва бачадонга микроорганизмлар қаттиқ ўрнашиб олади.

Бактерия ва замбуруғлар туғруқ йўлларига  ва бачадонга акушерлик ёрдами кўрсатилган пайтда тозаланмаган қўллар ҳамда фойдаланилган иш қуроллари орқали, йўлдошни тезкорлик билан олинганда ва даволаш ёки ташхис қўйиш мақсадида ўтказилган бошқа ҳаракатлар сабабли тушиши мумкин. Шуни инобатга олиш керакки, бачадон бўйнига қўл ёки маҳсус ускунани солган вақтда микробларни нафақат ташқи муҳитдан, балки бачадондан юқтириб олиш эҳтимоли юқори, сабаби, у ерда деярли ҳамиша турли хил микрофлоралар ўрнашиб олган бўлади.

Ima21302596111-12365987451-65321259.jpg (22 KB)

www.agrorus-news.ru

Жониворни сунъий уруғлантирилганда, уруғ ёки ускуналар воситасида микроблар ва замбуруғлар жинсий аъзоларига тушиши мумкин.

Спермани олиш, суюлтириштириш ва қадоқлаш жараёнида асептика қоидаларига амал қилмаслик уруғни микроб ва замбуруғ билан ифлосланишига олиб келиши муқаррар. Уруғлантирувчи буқаларнинг жинсий аъзоларини яллиғланиши ва безлари орқали спермага турли хил унсурлар қаторида кўп миқдорда микроблар тушиши мумкин.

Агар уруғлантириш жараёнида асептика қоидаларига риоя қилинмаса ҳам, сигир ва ғунажинлар жинсий аъзоларига инфекция юқиши мумкин (молхона ҳовлиларида уруғлантириш, стерилланмаган ускуналардан, айниқса уруғ томизгичдан фойдаланиш, уруғ сақланаётган ампулаларни эҳтиётсизлик билан очиш ва бошқалар). Агарда урғочи жониворнинг бачадонига сперма билан биргаликда микроорганизмлар тушиб қолса, улар кўпайиши учун қулай муҳит айни муддао бўлади ва микрорганизмлар шиддат билан кўпаяди, бундай жараён ўз ўрнида яллиғланиш касалликларидан бошқа турли хил патологияларга олиб келади (эндометритлар, цервицитлар ва ҳоказолар). Кўп ҳолларда бола тушиб қолиши, эмбриогенезнинг издан чиқиши, яшай олмайдиган ҳомиланинг туғилиши, йўлдошни тушмай қолиши ва шу каби ҳолатлар кузатилади.

Туғруқдан сўнг биринчи 3-5 кун ичида, қорамол жинсий аъзосига инфекция тушиш эҳтимоли юқори бўлади. Шу давр ичида жонивор бачадонида кўп миқдорда лохиялар (туғруқдан кейин ажраладиган модда) йиғилиб қолади, бу эса микроблар учун яхшигина озуқа ролини ўйнаб беради. Бундан ташқари, туғруқдан кейинги бачадон инволюцияси натижасида, шиллиқ қават эпителийси қайта ривожланади ва янгиланади, оқибатда бу вақтда бачадон ўзининг асосий табиий ҳимоячисидан айрилиб қолади.

Сигирлардаги жинсий аъзоларнинг яллиғланишининг асосий белгилари қуйидагилар: шиллиқ пардаларнинг қизариб қолиши, улардан қон оқиши, маҳаллий ҳароратнинг ошиши, тўқималарнинг шишиши ва оғриқлар пайдо бўлиши, фасод ажралиб чиқиши. Оғир ҳолатларда жонивор ҳолсиз бўлиб қолиши, иштаҳасининг йўқолиши, сути камайиб кетиши, тана ҳароратининг ошиб кетиши кузатилади.

Яллиғланиш жараёнлари бачадон ва тухумдонлар фаолиятининг бузилишига олиб келади. Бундай яллиғланиш ҳолатининг узоқ вақт давом этиши жинсий аъзолар тўқималарида қайтариб бўлмас тузилмавий ўзгаришларга олиб келади, сўнгра эса доимий бепуштлик юзага келади.

Қорамоллардаги уруғлантиришига мойилликни рағбатлантириш учун қисирликнинг юқорида келтирилган сабабларини ҳисобга олиш баробарида қорамолларни озиқлантириш ва парваришлашни яхшилаш, жинсий аъзолардаги яллиғланиш жараёнларини даволаш керак бўлади. Гормонал стимуляторлар сифатида, кўпинча тана оғирлигини ҳисобга олган дозалардаги эстрадиол, эстрофан (клопростенол)лар қўлланилади. Бунда бир вақтнинг ўзида тривитамин ёки Е витаминини қўллаш жинсий гормонлар таъсирини кучайтиради. Шунингдек, айни вақтда бачадонни 10-20 дақиқа давомида ректал массажи жуда яхши натижа беради.

Хабибулло Хамдамов  ЕХХТ ветеринария ва чорвачилик бўйича консультанти

Дўстларингизга ҳам улашинг!