Сигирларни соғиш ва уларни серсут қилиш

30

Сигирлар сутини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш учун энг аввало, соғиш техникасини тўғри қўллашга риоя қилиш керак. Сигирни соғишга тайёрлаш
жараёнида елинни илиқ сув билан ювиш, тоза сочиқ билан артиш ва уқалашга алоҳида эътибор берилади. Чунки шу усул сигирнинг сут беришини
тезлаштиради ва натижада елинда ҳосил бўлган сут батамом соғиб олинади.
Елиннинг сут бериш тезлиги муҳим сифат кўрсаткичларига киради. Унинг тезлиги 1 килограмм сут олиш учун кетган вақт билан ўлчанади. Биринчи бор
туққан сигирнинг сут бериш тезлиги бир минутга 1,0-1,2 килограмм ва катта сигирларда — 1,2-1,5 килограмм бўлишлиги нормал ҳисобланади.
Сигирнинг сут бериш тезлиги билан сут маҳсулдорлиги ўртасида бевосита боғлиқлик мавжуд.
Сигир қанчалик серсут бўлса, унинг сут бериш тезлиги шунча юқори бўлади. Серсут сигирларни кунига 3-4 маротаба соғиш ва соғишдан аввал елинини уқалаш сут
безларининг фаолиятини кучайтиради.
Сут маҳсулдорлигини оширишда соғиш техникаси ўз таъсирини кўрсатади. Соғиш техникаси 2 усулда бажарилади: қўлда ва машинада. Қўлда соғиш
усулининг 2 хили мавжуд. Биринчисида бармоқлар билан елин сўрғичларини юқоридан пастга қараб чўзиб соғилади. Иккинчисида қўлни муштум ҳолида
елин сўрғичларини тутамлаб бармоқлар билан сиқиб соғилади. Муштум услубида соғиш қулай ва мақбул ҳисобланади. Чунки бу усулда елин холатига ва
ишлашига яхши таъсир кўрсатиш билан бирга сутнинг ёғлилигини оширади.
Хўжаликлар, фермерлар ва хаттоки аҳолининг шахсий хўжаликларида хам сигирларни аппаратлар билан соғиш тавсия этилади. Бунда биринчидан, ишлаб
чиқариш унумдорлиги ошади ва соғувчилар унчалик чарчашмайди. Иккинчидан елиннинг жами палласидан бир йўла сут соғиб олинади.
Маълумки, соғишни бошлашда елин паллаларидан бир вақтнинг ўзида сут келади. Қўлда эса елиннинг 4 палласи 2 тадан навбатма-навбат соғилади.
Натижада сутнинг маълум бир миқдори соғишга навбат кутиб турган елин паллаларида қолиб кетиши ва тўлиқ соғилмай қолиши мумкин.
Сигирларни серсут қилиш — сут маҳсулдорлигини кўтаришда ва наслчилик ишларида катта аҳамиятга эга. Сигирлар серсутлигини кўтариш учун
соғимни режалаштириш, буғоз сигирларни дам олиш даврида парваришлаш ва туғишга тайёрлаш, соғин сигирларни тўйимли озиклантириш, сигирларни
ўз вактида уруғлантириш тавсия этилади.
Буғоз сигирларни дам олиш учун ўз вактида сутдан чиқаришга аҳамият берилади. Бунинг учун уларнинг қочирилган вақтини аниқлаб, ҳомиланинг
етгинчи ойлиги охири ва саккизинчи ойлиги бошида 5-6 кун давомида сигирлар сутдан чиқарилади. Сутдан чиқаришда озиклантириш меъёрини
пасайтиришга, озуканинг ширали ва кучли қисмини камайтиришга эътибор каратилади. Сигир елини маститга чалинганлигига текширилади. Соғиш сони
камайтирилган ҳолда кунора соғилиб сутдан чикарилади. Дам олишга чиққан сигирларни алохида сақлаш, махсулдорлиги, ёши ва тирик вазнига қараб
озиклантиришга эътибор берилади.

Манба: «Қорамолчилик», У.Н.Носиров

Дўстларингизга ҳам улашинг!