Сигирларнинг голланд зоти ва унинг тарқалиши

Голланд зоти — сут йўналишидаги энг кадимий ва маҳсулдор зот бўлиб, бошқа зотларнинг қатнашувисиз ўзи соф ҳолда яратилган. Голландиянинг майин
ва ёқимли иқлими, катта миқдордаги ҳаво намлиги, қишнинг қисқалиги ва юмшоклиги, кенг майдонлардаги серўт ўтлоқ ва яйловлари сут йўналишидаги
қорамолларни шакллантиришда қулай имкониятлар яратди.
Голландия чорвадорлари томонидан ҳозирда сут йўналишида бўлган қора-ола, қизил-ола ва гронинген зотлари урчитилмоқда. Улардан энг кўп тарқалгани — голланд қора-ола зотидир. Бу зотнинг энг маҳсулдор ва танилган подалари Голландиянинг Фрисляндия вилоятида урчитилади. Голландия қора-ола
моллари Англия, Франция, АҚШ, Канада, Япония ва бошка давлатларида соф ҳолда урчитилмокда. Молларнинг АҚШ, Канада, Япония ва бошқа
мамлакатлардаги селекция гуруҳлари фриз, голштин-фриз ёки голштин номи билан маълум.
Бу зотли моллар қора-ола моллар ичида энг маҳсулдор, йирик, сут безлари яхши ривожланган, сутдор тана тузилишли ҳилидан ҳисобланади.
Ҳозирги даврда урчитилаётган голланд зотли қорамолларнинг танаси йириклашган ва серсутлиги кўтарилган. Голланд сигирларнинг яғрин баландлиги
130-132 см, танаси пропорционал ривожланган. Елка, орқа ва белининг устки чизиғи тўғри, суяги мустаҳкам, мускуллари яхши ривожланган. Териси
юпқа ва эластиксимон, елини яхши ривожланган ва косасимон шаклда бўлади. Бузоқларнинг туғилгандаги вазни 36-42 килограммга тенг. Катта ёшдаги
сигирларнинг вазни 550-650 килограмм, буқаларнинг вазни 800-1000 килограмм га етади. Бўрдоқига боқилган молларнинг сўйим чиқими 55-60% ни
ташкил этади.
Голланд сигирлари юқори сут маҳсулдорлик билан характерланади. Назоратда бўлган сигирларнинг сут маҳсулдорлиги йилига 5500-6000 килограмм га
етади. Ёғлилик даражаси 4,0-4,2 фоизга тенг бўлади. Сут таркибидаги оқсил миқдори эса 3,4-3,6% ни ташкил этади.
Манба: «Қорамолчилик», У.Н.Носиров

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!