Сигирнинг бўғозлигини клиник усул билан аниқлаш

Рефлексологик усул. Сигир уруғлантирилгандан кейин 10 кундан 30 кунгача ҳар куни 1,5-2 соатга синовчи-буқалар билан бирга сақланади. Бу даврда синовчи-буқа томонидан куйикка келганлиги аниқланган сигирлар қисир, куйикиш белгилари бўлмаганлари эса бўғоз ҳисобланади. Бу усул сигирларнинг қисир ёки бўғозлигини 95-100% аниқлайди. Айниқса, бу усулнинг афзаллиги шундаки, уруғлантирилмай қолган сигирларнинг жинсий куйикиш даври ўтиб кетмайди.

Ички томондан текшириш усуллари. Бунда бўғозлик қин орқали ва тўғри ичак орқали (ректал) текширилади.

Қин орқали (вагинал) текшириш қин ва бачадон бўйинчасининг қин қисмини кўриш (осмотр) усулида текширишга асосланади. Бўғоз ҳайвонларда қин ва бачадон бўйинчасининг шиллиқ пардалари оқарган ва қуруқ, ёпишқоқ юпқа шилимшиқ модда билан қопланганлиги сабабли қин ойнаси бироз қийинчилик билан юборилади. Бачадон бўйничаси маҳкам ёпилган ва унинг тешиги қуюқ шилимшиқ модда билан ёпилган (пробка) бўлади. Бўғозликнинг ривожланиши билан бачадон бўйинчаси олдинга қараб, қорин бўшлиғи томон туша башлайди. Қиннинг ён деворларидан ўтаётган артерия (а. uterine caudalis) бўғозликнинг 6- ойидан бошлаб яхши сезилади ва унинг қалинлиги кўрсаткич бармоқ катталигида бўлади. Аммо бу белгилар ҳамма вақт ҳам яққол намоён бўлавермайди. Шунинг учун, бўғозликни қин орқали текшириш кенг қўлланилмайди. Бу усул қисир ҳайвонларни аниқлашда жуда қўл келади.

Тўғри ичак орқали (ректал) текшириш – ички томондан ўтказиладиган текширишларнинг асосийси ҳисобланиб, у бевосита ишлаб чиқариш шароитида йилнинг ҳамма фаслларида бўғозликни тез аниқлабгина қолмай, балки қисир ҳайвонларнинг жинсий аъзолари ҳолатини аниқлашга ҳам имкон беради. Бу усул тўғри ўтказилганда, текширувчи кишига ҳам, текширилаётган ҳайвонга ҳам хавфсиздир.

Ректал текшириш усули тўғри ичак орқали бачадон бўйинчаси, танаси ва шохларини, ҳомилани, тухумдонларни, тос суякларни, бачадон тутқичлари ва ундан ўтадиган бачадон артериясини пайпаслаб кўришга асосланган. Текшириш ўтказишдан олдин тирноқлар калта қирқилиб, унинг ўткир бурчаклари текисланиши керак. Акс ҳолда тўғри ичак шиллиқ пардалари жароҳатланиши мумкин.

Текширишдан олдин албатта халат, резина этик кийиб, этак боғланиб, яланғочланган қўлга енгча кийилади. Ҳайвонга кучли оғриқ сездирмаслик ва тўғри ичакни ёриб юбормаслик учун қўл ёғланади. У текширилаётган ҳайвон тўғри ичак шиллиқ пардаларини қитиқламайди ва текширувчи киши қўлининг терисини яллиғлантирмайди. Бу соҳада бироз тажриба орттирилгач, махсус гинекологик қўлқоплар ёки бир марта ишлатиладиган целлофан қўлқоплардан фойдаланиш мумкин.

Сигирларни ректал текшириш молхоналарда, уларнинг одатдаги жойида, яхшиси эрталаб ошқозон-ичак канали бўшроқ бўлган пайтда ўтказилади. Ёрдамчи киши бир қўли билан тизза атрофи терисидан иккинчи қўли билан елка атрофи терисидан маҳкам ушлаб сигирни фиксация қилади. Сигирлар ҳаракатланмаслиги учун чап қўл билан унинг думи илдизидан чап томонга буриб ушланади. Сигирнинг тўғри ичагига қўл бармоқлари конуссимон йиғилган ҳолда айланма ҳаракатлантириб юборилади. Кейин бармоқлар бироз ёзилиб, тўғри ичакка ҳаво киришига шароит яратилади. Ичакка ҳаво кириши унинг рефлектор равишда қисқаришини таъминлайди ва дефекация натижасида ичакдаги тезак чиқарилади. Дефекация содир бўлмаганда бармоқнинг юмшоқ қисми билан тўғри ичак шиллиқ пардаси пайпасланиб, тўғри ичак тезакдан тозаланади.

Тўғри ичак орқали жинсий аъзоларни пайпаслаб текширишда тўғри ичак деворлари кучли қисқарганда қўлни қимирлатмасдан ҳайвоннинг тинчланишини кутиш керак. Ҳайвон тинчлангач, қўлни олдинга қараб қорин бўшлиғи томон чуқурроқ юбориш лозим, чунки у ерда тўғри ичак узунроқ пардага осилганлиги сабабли ҳаракатчан, у ёки бу томонга осон силжийдиган бўлади. Кейин қўлни тўғри ичакнинг ҳаракатчан қисмида тос бўшлиғи томон тортиб, бачадон бўйинчаси топилади. Бачадон бўйинчасини топиш бошқа жинсий аъзоларни аниқлашга ёрдам беради. Шунинг учун текширишда аввал бачадон бўйинчасини топиш тавсия этилади.

Қисир сигирларнинг бачадони бўйинчаси паталогик ўзгаришлар бўлмаган тақдирда тос бўшлиғида бўлади. Бармоқларнинг юмшоқ қисми билан тос бўшлиғининг остки қисми, айрим ҳайвонларда ўрта қисми, бироз ўнг ва чап томони пайпасланиб, қаттиқ валиксимон шаклдаги бачадон бўйинчаси топилади.

Бачадон бўйинчаси ушлангандан сўнг қўлни бироз олдинга юбориб, жуда қисқа (2-3 см узунликда) ва юмшоқ консистенцияли бачадон танаси топилади. Шу ернинг ўзида олдинга қараб борувчи иккита бачадон шохлари пайпасланади ва бу шохлар орасида яхши билинадиган чуқурчасимон жуяк (бифуркация) сезилади. Жуякка ўрта бармоқни қўйиб, олдинга силжитилиб, бачадон шохлари пайпасланади. Бунинг учун чап бачадон шохи остидан қўлнинг тўрт бармоғини ўтказиб, бош бармоқни унинг устидан ушлаб, аста-секин пайпасланади. Бачадон шохининг учки қисмига етгада, унинг остида ёки ён томонида (3-4 см узоқликда) жуда ҳаракатчан жийда катталигидаги тухумдон топилади. Сўнгра қўлни чап бачадон шохи бўйлаб яна орқага уларнинг бўлинган жойига қайтариб борилади ва шу тартибда бачадоннинг ўнг шохи ва тухумдон текширилади.

Бачадон ва тухумдон пайпасланганда уларнинг ҳолати, катталиги, шакли, юза тузилиши, консистенцияси ва сезувчанлигига эътибор берилади. Бўғоз бўлмаган соғлом сигир бачадонининг характерли белгиси шундан иборатки, у пайпасланганда ёки енгил массаж қилинганда тезда қисқариб, тос бўшлиғининг орқа қисмига тортилади, қаттиқлашади, унинг юмалоқ, деярли бирдай катталикдаги шохлари худди қўчқор шохи шаклини олади. Уларда ҳеч қандай суюқликларнинг қалқиши (флюктуация) кузатилмайди ва оғриқсиз бўлади. Бачадоннинг барча қисмлари қўлга енгил олинади ва бачадон шохлари орасидаги жуяк яхши сезилади. Аммо қари, кўп туққан ёки жуда семирган ва камҳаракат сигирларда бачадон сусайган, ҳаракасиз (атония ҳолатида) ва қорин бўшлиғи томон осилган бўлади. Лекин бундай бачадон бўйинчаси тос бўшлиғига осон тортилади, унинг ичида ҳеч нарса бўлмайди.

Бўғозликнинг биринчи ойида. Бачадон бўйинчаси тос бўшлиғида, бачадон шохи чов суягининг олдинги четида ёки қорин бўшлиғига бироз тушган бўлади. Бачадон худди қисир ҳайвонники сингари қўлга осон ушлнади, бачадон шохлари орасидаги жуяк аниқ сезилади, чов суягининг чоки яхши пайпасланади. Ҳомила ривожланаётган бачадон шохи бироз катталашиб диаметри 5-6 см гача (одатда шохнинг диаметри 2-3 см), юмшоқ консистенцияда, девори юпқа бўлади, бачадон девори пайпасланганда таранглашмайди. Унча катта бўлмаган эмбрион ўсаётган ҳомила пуфаги ҳаракатчан, эластик, пайпасланганда суюқликларни бир жойдан иккинчи жойга енгил қўйилиши содир бўлади. Жуда эҳтиётлик билан ўтказилган пайпаслашда аниқланган флюктуация феномени бўғозлик аломатининг энг асосий белгиси ҳисобланади. Ривожланаётган бачадон шохида 100 мл гача суюқлик бўлади ва тухумдонда бироз катталашган сариқ тана пайпаслаб кўрилади. Бу даврда бўғозлик жуда эҳтиёткорлик билан текширилади. Шубҳаланган пайтда бир ойдан кейин иккинчи марта текширилади.

Дифференциал диагностикада кўп туққан, гипертрофияга учраган ёки эндометрит кассалигининг турли шаклларида ҳам бачадон шохларидан бирининг бироз катталашишини эътиборга олиш керак. Биринчи ҳолда бачадон массаж қилинганда унинг шохи юмалоқлашади, иккинчисида эса бачадон деворлари қалинлашади, пайпаслаганда ғичирлайди ва кўпинча жинсий аъзолардан суюқлик оқади.

Бўғозликнинг иккинчи ойида. Бачадон бўйинчаси тосга кириш қисми томон силжиган, бачадон ва тухумдонлар қорин бўшлиғига тушган бўлади. Бунда бачадон асимметрияси характерлидир – ҳомила ривожланаётган бачадон шохи, иккинчисига қараганда 1,5-2 марта катталашган, унда 400 мл гача суюқлик бўлиб, флюктуация яхши сезилади. Бачадон қисқармайди ёки унинг қисқариши кучсиз бўлади. Бунда чов суягининг олдинги чети пайпасланганда бачадон шохлари орасидаги жуяк деярли сезилмайди.

Бўғозликнинг учинчи ойида. Бачадон бўйинчаси чов суягини олдинги четида, бачадон шохи тухумдон қорин бўшлиғида бўлади. Ҳомила ривожланаётган шохнинг деворлари юпқа, флюктуация яхши сезилади (суюқлик 1,5 л гача) катта одамнинг боши катталигида (3-4 марта катталашган) бўлиб, қўл билан айлантирилиб пайпасланади, аммо шохлар ораси­даги жўякни пайпаслаб бўлмайди (у текисланиб кетган). Бачадон пайпаслангада кўпинча «сузиб» юрадиган ҳомилани аниқлаш мумкин. Айрим сигирларда ҳомила ривожланаётган бачадон шохидаги ўрта бачадон артериясининг тебраниши жуда кучсиз сезилади. Карункулаларни катталиги нўхатдай бўлади.

Айрим ҳолларда сигирнинг сийдик билан тўлган сийдик пуффаги уч ойлик бўғозлик деб қабул қилинади. Адашмаслик учун бачадон бўйнини қўл билан тосни каудал қисми томон олдинга тортиб бачадонни пайпаслаб, ҳолатини аниқлаш мумкин. Уни сийдик халтасидан фарқлаш учун бачадон бифуркациясини пайпаслаб кўриш керак.

Бўғозликнинг тўртинчи ойида. Бачадон бўйинчаси тосга кириш қисмида бўлиб, у ҳомиланинг кучли ривожланиши туфайли яна ҳам кўпроқ қорин бўшлиғига тушади, юпқа деворли, қалқийдиган, қўл билан ушлаб бўлмайдиган халта шаклида бўлади. Ҳомила олди суюқлиги 4 литрга етади. Бўғозликнинг тўрт ойлигидан бошлаб карункула ва кателидонлар ҳажми катталаша боради. Пайпасланганда ловия катталигида бўлади. Кўпинча ҳомила ҳам пайпасланади. Ҳомила ривожланаётган бачадон шохи томонидаги кенг тутқич парда пайпаслаганда ўрта бачадон артериясининг тебраниши сезилади.

Бўғозликнинг бешинчи ойида. Бачадон бўйинчаси, бачадон ва тухумдон қорин бўшлиғида. Плацентомалар (карункула ва кателидонлар) жийда катталигида (2-4 см) бўлади. Ўрта бачадон артериясининг тебраниши аниқ сезилади ва ҳомила ривожланмаётган иккинчи бачадон шохининг шу хилдаги артериясида тебраниш кучсиз бўлади, ҳомила яхши пайпасланади.

Бўғозликнинг олтинчи ойида. Бачадон бўйинчаси айниқса, бачадон қорин бўшлиғига чуқур тушган бўлади. Шунинг учун ҳомила одатда пайпасланмайди. Плацентомалар катталиги каптар тухумидай бўлади. Ҳомила ривожланаётган бачадон шохидаги ўрта бачадон артерияси тебраниши бўғоз бўлмаганига нисбатан кучли сезилади. Болани аниқлаш учун ёрдамчи киши сигир қорин деворини пастдан юқорига қараб силайди.

Бўғозликнинг еттинчи ойида. Бачадон бўйинчаси қайта кўтарилиб тосга кириш қисмида бўлади. Ёнғоқдан товуқ тухуми катталигича бўлган плацентомалар пайпасланади. Ўрта бачадон артериясининг тебраниши айниқса ҳомила ривожланаётган бачадон шохида аниқ сезилади. Айрим ҳолларда ҳомила ўсаётган бачадон шохи томонидан бачадон орқа қисми артериясининг тебраниши сезилади.

Бўғозликнинг саккизинчи ойида. Бачадон бўйинчаси тосга кириш жойида ёки тос қисмида бўлади. Бачадон ва ҳомила яхши пайпасланади. Плацентомалар товуқ тухуми катталигида, иккала ўрта бачадон артерияси ва битта бачадон орқа қисми артерияларида тебраниш кучли бўлади.

Бўғозликнинг тўққизинчи ойида. Бачадон бўйинчаси ва ҳомиланинг ён қисмлари тос бўшлиғида бўлади. Ўрта ва орқа бачадон артерияларининг тебраниши яққол сезилади. Бўғозлик охирида ҳомила ривожланаётган бачадон шохи томонидаги ўрта бачадон артерияси 5-6 марта катталашган бўлади. Туғиш аломатлари (жинсий лабларни, қорин деворларининг остки қисмларининг шиши ва бошқалар) пайдо бўлади.