Қорамолда учрайдиган туёқ бўғимининг йирингли яллиғланиши касаллиги ва даволаш чоралари

Туёқ бўғимининг йирингли яллиғланиши қорамолларнинг туёқ бўғимлари
йирингли яллиғланишини айрим пайтларда “панариций” яъни “ҳасмол” деб
атайдилар. У кириб борувчи жароҳатларда бирламчи, яллиғланиш атроф
тўқималардан ўтганда ёки нотўғри операция қилинганда эса иккиламчи
бўлиши мумкин. Туёқ бўғимининг йирингли яллиғланиши уч жойдан
ривожланиши мумкин:
– бўғим капсуласининг орқа томонидан;
– бўғим капсуласининг олд синовиал бўртиғидан;
– бармоқлараро тўқималардан.
Туёқ бўғимининг йирингли зарарланиши қуйидаги тартиб бўйича кечади:
синовит, капсуляр флегмона, параартикуляр флегмона, артрит, остеоартрит
(панартрит).
Клиник белгилар. Касаллик бошида тана ҳарорати кескин кўтарилиб,
кейинчалик норманинг юқори чегарасида қолади. Ҳайвоннинг умумий
аҳволи оғир, таянч оқсаш кузатилади, айрим ҳолларда у умуман касал оёғини
босмайди. Ҳайвон кўп ётади ва қийналиб ўрнидан туради.

Туёқ айланаси соҳасида аниқ чегарасиз шиш ва туёқлараро ёриғининг
кенгайиши кузатилади. Жараён ўткир кечганда шиш оғрийди, маҳаллий
ҳарорати кўтарилган бўлади. Кейинчалик туёқлараро ёриғи соҳасида оқма
очилади. Параартикуляр тўқималарнинг прогрессив парчаланишида бўғим
ҳаракатлари ҳаддан зиёд эркин бўлади. Параартикуляр тўқималар ва бўғим
капсуласининг прогрессив парчаланишида эса эксфалангация, яъни учинчи
фаланга ажралиб тушиши мумкин. Ҳайвон тезда ориқлайди. Қонда
гиперлейкоцитоз ва нейтрофилия кузатилади.
Ташхисни қўйишда рентгенограмма ёрдам бериши мумкин. Бўғим суягининг
патологик ўзгаришлари 15–20 кунларда аниқланади. Остеопороз ва кариес
аввал аксиал томондан кузатилади. Капсула эриб кетганда эса бўғим чиқиши
мумкин.
Даволаш. Даволашнинг бир нечта усуллари мавжуд. Этиотроп ва
патогенетик усулларни биргаликда қўллаш яхши самара беради. Бўғимдаги
йирингли жараённи тўхтатиш мақсадида сульфаниламидлар ва
антибиотикларни қўллаш тавсия этилади. Консерватив даволаш усуллари
ёрдам бермаганда радикал опертив муолажаларга ўтилади: бармоқ
ампутацияси, учинчи фаланганинг экзартикуляцияси ёки артротомия
бажарилади. Операция турини танлаганда ҳайвон жинси, унинг хўжаликдаги
аҳамияти ва операция хонасининг жиҳозланиши инобатга олинади. Кўпинча
бармоқ ампутацияси қўлланади. Операция қилинган ҳайвон ўз хўжалик
қийматини тўлалигича сақлаб қолади.

Манба: Шаропов Меҳридин Абдурахмонович- «Голштин – фриз зотли қорамолларда туёқ касалликлари этиопатогинизи ва уни даволаш» ДИСЕРТАЦИЯ