Улоқчаларни озиқлантириш технологияси

Сут йўналишидаги улоқчалар организмининг муҳим ривожланиш босқичларидан бири – уларнинг янги туғилгандаги ва биринчи 4-6 ойлик ёши ҳисобланади.
Бу ёшда ҳароратни бошқариш, юрак-томир, нафас олиш, озуқа ҳазм қилиш билан боғлиқ аъзо ва органларда муҳим ўзгаришлар юз беради. Ушбу даврнинг охирларида ёш ўсувчи улоқлар она сутидан ўсимлик озуқаларини истеъмол қилишга тўлиқ ўтади, уларнинг катта қорнида ўсимлик озуқаларининг сўрилиши, ҳазм қилиши ва ошқозон-ичак йўли тўлиқ шаклланади.
Саноат асосида боқилаётган заанен, альп ва тоггенбург улоқларини оғиз сути билан озиқлантириш даврида қуйидаги ҳолатлар назоратга олинади; оғиз сутининг сифати, озиқлантириш муддати ва миқдори ҳамда бериш тартиби. Альп ва тоггенбург, заанен улоқларини боқиш ва озиқлантириш дастурига кўра, оғиз сути улоқ туғилгандан
22-24 соат ўтиши давомида уч ёки тўрт маротаба ичириш орқали амалга оширилади. Биринчи озиқлантириш янги туғилган улоқни биринчи соати давомида ўзини тетик сақлай олгандан сўнг амалга оширилади. Иккинчи озиқлантириш туғилгандан кейин 6-9 соат оралиғида амалга оширилади.
Шу ўринда оғиз сути таркибидаги организмнинг иммун тизимини ҳосил қилувчи альбумин ва глобулин оқсиллари миқдори янги туққан эчки оғиз сутида 12,5% ва ундан юқорини ташкил қилса, бу кўрсаткич 4-кундаги сутнинг таркибида 0,9 фоизни ташкил этади. Оғиз сутини бериш миқдори ҳар бир улоқ учун 300-350 г ни ташкил этади. Аслида меъёрни белгилашда улоқнинг тирик вазни эътиборга олинади
ва улоқ вазнининг 10% миқдорида белгиланади. Улоқлар туғилганиданоқ онасидан ажратилиб, алоҳида тоза хоналарда сақланади ва юқорида келтирилган тартиб ва миқ-
дорда оғиз сути билан озиқлантирилади.

Улоқларни 3 ойликка қадар озиқлантириш схемаси ва рациони улоқчаларнинг меъёрда ўсиши ва ривожланишига хизмат қилиши керак. Туғилганининг 10-15 кунлигига қадар
улоқчалар учун она сути асосий озуқа ҳисобланиб, сут ичириш миқдори унинг тирик вазнига ва кунлик ўсишига қараб белгиланади. Улоқчаларнинг ўсишини биринчи ойлигида сут ичиш меъёри кунига 1,5-1,7 л ни ташкил этади. Қаймоғи олинган сут ва сунъий сутга (ЗЦМ) 4 ҳафталик ёшидан бошлаб, аста-секинлик билан ўргатиб борилади.

Улоқларга сут ичириш схемаси келажакда уларнинг ишлатиш мақсадига (наслга қолдириш, подани янгилаш ёки гўштга боқишга) мос ҳолда амалга оширилади. Шу сабабли наслга қолдириладиган улоқларга ёғи олинган сут миқдори гўштга боқиладиган улоқларга нисбатан камроқ бўлиб, биринчи ойлигида она сути миқдори 65 кг ташкил қилади.
Сут ичириш даври белгиланган мақсаддан келиб чиқиб, 3 ойдан 4 ойликка қадар бўлади. Ҳозирги кунда кенг кўламда улоқларни озиқлантиришда табиий эчки сутини иқтисод қилиш учун унинг ўрнини босувчи сунъий сут (ЗЦМ) ичириш кенг қўлланилмоқда.
Улоқларни 30 кунлигидан бошлаб аста-секинлик билан ЗЦМ ичиришга ўтказилади. ЗЦМ тайёрлаш учун 1,1 кг қуруқ сут 10 кг гача сув аралаштирилади. Улоқларга ЗЦМ бериш қуйидагича амалга оширилади: 1,1-1,2 кг қуруқ сут 8,8-8,9 л қайнатилган илиқ сувга аралаштириб тайёрланади ва бир бошга 1,6-1,8 л миқдорда ичирилади.
Беда пичани ейишга улоқлар 10 кунликдан бошлаб ўргатиб борилади ва аста-секинлик билан кунига унинг миқдори 250-300 г гача етказилади. Улоқларга 11 кунликдан бошлаб туз, бўр, премикслар 0,5 г миқдорларда берилади (икки ойликдан бошлаб, улоқчаларга кунига 2,3-2,5 г берилади). 3 ойликка келиб минераллар берилиши
3,3 г га етказилади ва омухта озуқаларга қўшиб берилади.
Омухта озуқалар улоқларнинг 15-20 кунлигидан бошлаб, кунига бир бошга дастлаб 12 г, сўнгра 2 ойликка келиб, кунига 20 г, 3 ойликка келиб 30 г дан берилади.
Улоқларнинг 120 кунлик ўсиш даврида дағал озуқаларнинг салмоғи озуқа бирлигига нисбатан фоиздаги ифодаси қуйидагича: дағал озуқалар 19,66%, ширали озуқалар 50,30%, омухта емлар 30,04%, жами 101,73 кг озуқа бирлигини, 138,601 кг қуруқ модда, алмашинувчи энергия 1386,01 Мж ҳамда 9,573 кг ҳазмланувчи протеин ёки ўртача кунлик озуқа бирлиги 0,85 кг озуқа бирлиги, 1,16 кг қуруқ модда, 11,6 Мж алмашинувчи энергия, 94 г ҳазмланувчи протеинни ташкил этади.

Улоқларнинг гўштга боқишда ва уларнинг генетик маҳсулдорлик потенциалини намоён этишда, уларнинг ёшлигидан бошлаб оптимал сақлаш шароитларида парваришлаш
(даврлар кесимида тўла қийматли озиқлантириш типлари ва рационлари асосида) жуда муҳимдир.
Парваришлашнинг 90 кунлик даврида улоқлар рационида озуқа бирлигига нисбатан дағал озуқалар 17,85%,ширали озуқалар 55,60%, омухта емлар 26,55 фоизни, ёки
умумий ҳисобда 90 кун давомида жами 104,86 кг озуқа бирлиги, рациондаги қуруқ модда 183,773 кг, алмашинувчи энергия 1837,73 Мж, ҳазмланувчи протеин эса 11,443кг ни ташкил этди. Улоқларнинг бир бошига ўртача кунлик 1,17 кг озуқа бирлиги, 2,04 кг қуруқ модда, 20,4 Мж алмашинувчи энергия, 109 г ҳазмланувчи протеин тўғри келади.

Бўрдоқига тайёрлаш даври (60 кун) давомида дағал озуқаларнинг салмоғи 22,98 % ни, ширали озуқалар 28,92% ни ташкил қилиб, омухта озуқаларининг салмоғи 48,10% га оширилди.
Бўрдоқилаш (75 кун) давомида дағал озуқаларнинг салмоғи озиқлантириш рационида камайтирилиб, омухта озуқаларнинг салмоғи оширилади. Дағал озуқалар 16,30 %
ни, ширали озуқалар 34,54 % ни ва омухта озуқанинг салмоғи озиқлантириш рационида озуқа бирлигига нисбатан 49,16% ни ташкил этади.
Маълумки, юқори генетик маҳсулдорлик потенциалига эга бўлган, жадал ўсадиган улоқларда энергия ва оқсилга бўлган талаб юқори бўлади. Фақат фураж озуқаларидан
шакллантирилган рацион эчкиларнинг энергия ва оқсилга бўлган талабини қондира олмайди. Шу боисдан концентрат озуқалар рацион таркибида етишмайдиган энергия ва оқсил миқдорини тўлғазиш учун уларнинг миқдори бўрдоқилаш даврида оширилади.
Улоқчаларни озиқлантиришнинг дастлабки кунлари ўртача бир бошга 1,7 кг дан янги соғиб олинган сут бир кунда 4 маҳал сўрғичлар ёрдамида ичирилиб турилади. Бу тадбир улоқчалар бир ойлик бўлгунча давом эттирилади.
Улоқчаларни 15-20 кунлигидан омухта емга ва беда аралаш ҳар хил пичанга ўргатиб борилади. Ёшининг 20 кунлигидан сўнг 0,1 кг дан омухта ем ва 0,1 кг дан пичан бериб борилади.
Улоқчаларнинг иккинчи ойлигидан ёғли сут миқдори 0,8 кг га туширилади ва шунга мос равишда 1,767 кг дан ЗЦМ сунъий сут бериб борилади. Бу даврда омухта ем миқдори 0,2 кг га ва пичан 0,150 ва 0,2 кг гидропон озуқаси берилди.
Эчки гўшти таркибидаги оқсил миқдори қўй ва қорамол гўштлари билан деярли бир хил. Бироқ ёғ миқдори бошқа гўштларга қараганда анча паст. Бунга қўшимча тарзда, 1 кг эчки ва товуқ гўштининг калорияси ҳам навбати билан 120 ва 122, деб қайд этилган. Эчки гўшти, хусусан, ёш улоқ гўшти бозори чаққон озуқа модда саналади.

Республикамизда эчки гўшти кўпроқ аҳоли томонидан тандир гўшти сифатида кенг миқёсда истеъмол қилинади. Европа ва АҚШда эчки гўшти ва ундан тайёрланадиган
баъзи маҳсулотлар жуда баланд нархда сотиладиган олий навли маҳсулотлар қаторига киради. Қадоқланган ва қайта ишланган ҳолатда сотиладиган турли маҳсулотларни интернет орқали ҳам сотса бўлади. Эчки гўшти савдосида Франция ва Испания олдинги ўринларни эгаллаб. «Cабритос» деб номланадиган 1 ойлик улоқча гўштининг бозордаги нархи бузоқ ва қўзи гўштига қараганда 2-3 баробар қиммат. Сўйилганда 10-12 кг бўлган улоқлардан олинган бу гўшт таркибида ёғ миқдори жуда кам эканлиги аниқланган.

Манба: «ЭЧКИЧИЛИК» Тузувчи: Р.И. Рўзиев – Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти, катта илмий ходим, қ.х.ф.н. (Агробанкдан 100 китоб тўплами)