Балиқларга бериладиган емни истеъмол қилишини назорат қилиш

Ҳамма вақт ва ҳар доим берилган озуқани, балиқлар ёшини назорат қилиб туринг. Назорат қуйидагича амалга оширилади.

Балиқларни озиқлантиришдан олдин озуқа берилган жойлар, ошхоналар яхшилаб кўздан кечирилади. Озуқа қолганми ёки тўлиқ ейилганми, аниқланг. Бу ишлар қачон муваффақиятли бўлади, агарда озиқланиш столчалари ёки бошқа типдаги озиқлантиргичлар бўлса.

Масалан, агарда ҳовузда яхши озуқа базаси бўлса, унда карпсимонлар сеголеткасини кунига бир маротаба озиқлантиринг. Сўнгра орадан 2 соат ўтиши билан озиқланадиган столни кўздан кечиринг. Берилган озуқа тўлиқ ейилган бўлса, унда яна маълум миқдорда 2 маротаба озиқлантиринг ёки шу бир маротаба бериладиган озуқа микдорини кўпайтиринг. Агар ортиб қолган бўлса, вақтинчалик озуқа берманг.

Балиқларни озиқлантириш пайтида балиқларнинг хулқига эътибор беринг, ҳаракат, овқатланиш фаоллигига диққат қилинг. Балиқлар соғлом эканлигига ишонч ҳосил қилинг. Агар балиқ хулқида салбий хусусиятлар кузатилмаса, демак, сиз яхши қараяпсиз.

Ҳар 10 кунда бир маротаба назорат ови ўтказинг. Шунда сиз балиқ маҳсулдорлигини аниқлайсиз. Агарда майда балиқчалар (мальки) 1,5 г бўлса, сиз 10000 дона ташлагансиз.

10000 дона ×  1,5 г =15 кг балиқ маҳсулдорлиги аён бўлади.

Орадан 10 кун ўтгандан кейин яна назорат ови ўтказдингиз. Балиқчаларнинг ўртача оғирлиги 2,5 г бўлибди.

10000 дона ×  2,5 г = 25 кг балиқ маҳсулоти. 10 кунда балиқ маҳсулоти қанчага кўпайганлиги қуйидагича аниқланади:

25 кг — 15 кг =10 кг

Демак, балиқ биомассаси 10 кг ортибди. Ов назорати натижасида балиқ маҳсулдорлиги ошганлиги учун яна қўшимча озуқа сарфлаш натижасида шу биомасса ҳосил бўлган. Энди сиз ҳақиқий озуқа коэффициентини аниқлайсиз. Агар зарурат пайдо бўлса, озиқланиш меъёрини кўриб чиқиб, ўзгартиришлар киритасиз.

Мавсумнинг охирида озуқа коэффициенти кўриб чиқилади ва берилган қўшимча емга баҳо берилади. Балиқшунос томонидан танланган технология яъни хўжаликни ўзида тайёрланган барқарорлашган ем қандай таъсир кўрсатганлиги аниқланади.

Мисол: бир ой давомида балиқ 12 кг ўсди. Шу муддат ичида балиқ томонидан 48 кг баланслашган ем истеъмол қилинган. Озуқа коэффициенти қуйидагига тенг бўлади:

48 кг : 12 кг = 4

Озуқа коэффициенти 4 га тенг. Сизга маъдумки, баланслашган омихта емнинг озиқа коэффициенти 1,5-2,0 га тенг. Демак, сиз балиқ боқишда ҳатога йўл қўйгансиз. Озуқа кўп сарфланган, икки бараварига. Балиқ маҳсулдорлиги эса икки баравар кам бўлган.

Озуқа коэффициенти, асосан озуқа сифатига, балиқ турига, ҳовузнинг табиий озуқа базасига, сув сифатига, об-ҳавога, балиқ боқиш техиологиясига ва бошқа омилларга боғлиқ.

Озуқа коэффициентини аниқлашда қуйидагиларни ҳисобга олинг. Ҳовузда табиий озуқанинг борлиги, энг яхшиси озуқа коэффициентини омихта ем учун аниқланг. Аммо буни аниқлаш осонликча бўлмайди. Масалан, кўпчилик тадқиқотлар орқали аниқланганки, табиий озуқа базаси балиқ ўсишининг 25 фоизини таъминлайди. Ундан олдинги мисолда қуйидагича ҳисоблаш мумкин.

1)     Балиқларнинг табиий озуқа ҳисобига ўсиши:

12 кг × 0,25=3;

2) Қўшимча озуқа ҳисобига ўсиш 12 кг — 3= 9 кг

3) Ишлатилган қўшимча емнинг озуқа коэффициенти:

48 кг : 9 кг = 5,3.

Демак, қўшимча ишлатилган омихта емнинг озуқа коэффициенти 5,3 га тенг.

Хўжалик учун олинган озуқа коэффициентини адабиётда учрайдиган озуқа коэффицентлари билан солиштиринг.

Агарда сизнинг хўжалигингизда озуқа коэффициенти ҳаддан ташқари кўп бўлса, унда қуйидаги муаммолар сабаб бўлиши мумкин:

1) сувда эриган кислороднинг камлиги;

2) балиқларни ҳаддан ташқари кўп озиқлантириш;

3) сув сифатининг ёмонлиги;

4) омихта емнинг сифатсизлиги;

5) балиқларнинг касаллиги;

6) хўжаликда емни ўғирланиши ва бошқалар. Юқоридаги сабаблар ферма фаолиятини таҳлил қилишга яхши асос бўлади.

Манба: Д. Ниёзов (2013). Балиқ – битмас бойлик.

Дўстларингизга ҳам улашинг!