Ўзбекистон Республикасида балиқчиликни ривожлантириш ва уларнинг маҳсулдорлигини оширишга катта эътибор берилмоқда. Шу жумладан президентимизнинг 2018 йил 3 февралдаги ПП-3505 сонли “Балиқ ишлаб чиқариш ҳажминиошириш бўйича қўшимча чора тадбирлари” тўғрисидаги фармони қабул қилинди. Ушбу қонунлар асосида Республикада балиқларни интенсив ҳолатда балиқчилик ҳовузларида кўпайтириш учун, мутахассислар томонидан лойиҳалар тайёрланган ва ушбу лойиҳалар асосида балиқчилик ҳавзалари қурилмоқда. Ўзбекистон Республикаси балиқчилик ҳовузларида асосан поликултурада 4 турдаги балиқлар боқилади. Булар карп (Cyprinus carpio), оқ амур (Ctenopharyngodon idella), оқ дўнгпешона (Hypophthalmichthys molitrix), чипор дўнгпешона (Hypophthalmichthys nobilis) балиқлари ҳисобланади. Мамлакатимиз сув ҳавзалари бўйлаб боқиладиган бу балиқларнинг озуқавий бирлиги ҳар хил бўлганлиги сабабли, уларни интенсив усулда озиқлантириш ҳамда маҳсулдорлигини ошириш учун махсус озуқалар тайёрланади.
Карп (Cyprinus carpio) балиғи ва чипор дунгпешона балиғининг асосий озуқаси зоопланктонлар бўлганлиги сабабли, маҳсулдорлигини ошириш учун, балиқчилик хўжаликларида ва ем ишлаб чиқарадиган заводларда бир неча хил озуқа градиентларидан иборат меъёрлаўтирилган озуқа гранилалари ишлаб чиқарилади. Балиқчилик сув ҳавзаларидаги зоопланктонларни ва фитопланктонларни кўпайтириш учун, маълум миқдорда гўнг шарбатлари ва минерал ўғитлардан фойдаланилади. Гўнг шарбатларининг таркиби, асосан сувда эриган органик моддалардан иборат бўлганлиги сабабли, сувнинг ифлосланишига ва ўз навбатида сувда эриган кислороднинг (О2) камайишига олиб келади. Сувда эриган органик моддалар, сувдаги бактериялар томонидан парчаланиб, органик моддалар минерал моддаларга айлантирилади. Бу жараён фан тилида минерализация жараёни дейилади. Минерализацияси яхши бўлган балиқчилик сув ҳавзаларида, фитопланктонлар тез ўсиб ривожланади[1].
Оқ амур (Ctenopharyngodon idella) балиғининг асосий озуқаси юксак сув ўсимликлари ва яшил гулли ўсимликлар ҳисобланади. Мамлакатимиздаги балиқчилик сув ҳавзаларида юксак сув ўсимликлари уч типдаги экологик гуруҳларга бўлиниб ўсиб, ривожланади. Булар: 1-ярми сувда ўсадиган, 2-тўлиқ сув остида ўсадиган, 3-сув юзасида қалқиб ўсадиган ўсимликлар. Бу ўсимликлар гугуҳининг деярли барча вакиллари оқ амур (Ctenopharyngodon idella) ва бошқа ўтхўр балиқлар учун маълум даражада озуқа бўлиб хизмат қилади[2].
Оқ дўнгпешона (Hypophthalmichthys molitrix) балиғининг асосий озуқаси фитопланктонлар ҳисобланади. Балиқчилик сув ҳавзаларида фитопланктонлардан – яшил, кўк-яшил, диатом, эвгленалар ва бошқа бир қатор турлар ўсиб, ривожланиш хусусиятига эга.
Фитопланктонлар орасидан жадал ривожланиб, кўп миқдорда биомасса ҳосил қилиш билан бир қаторда, балиқларнинг физиологик жараёнлари учун ўта муҳим ҳисобланган моддалар (оқсиллар, углеводлар, ёғлар, витаминлар, антибиотиклар ва ферментлар) га бой бўлган турларни аниқлаш ҳамда уларни кўпайтириш мақсадида, Бухоро вилоятидаги балиқчилик сув ҳавзаларидан бир қатор намуналар йиғилди ва фитопланктон турлари аниқланди ва таҳлил қилинди. Бухоро вилоятидаги балиқчилик сув ҳавзаларидаги яшил сувўтларининг турлари, яшил сувўтлари аниқлагичи [3] ёрдамида аниқланди ва аниқланган турлар орасидан жадал ривожланиб, кўп миқдорда биомасса ҳосил қилиш билан бир қаторда, балиқларнинг физиологик жараёнлари учун ўта муҳим ҳисобланган моддалар (оқсиллар, углеводлар, ёғлар, витаминлар, антибиотиклар ва ферментлар) га бой бўлган тур сифатида Chlorella vulgaris нинг альгологик тоза нужайралари ажратиб олинди. Ажратиб олинган альгологик ҳужайралар Бихоро давлат университетининг Биология кафедраси қошидаги “Биотехнология ва Ихтиология” лабораториясида, махсус озуқа муҳити ҳисобланган “04” озуқа муҳитида ўстириб, кўпайтирилди [4]. (1-расм).

1-расм. Яшил сувўтларини лабораторияда кўпайтириш.
Маълумки, Chlorella vulgaris ҳужайралари таркибида 55-65% оқсил, 25-30% углевод, 5-10% липид, аминокислоталар, 15 дан ортиқ витаминлар ва бошқа ҳаётий муҳим жараёнлар учун зарур моддалар кўплиги сабабли, улар ўтхўр болиқ ҳисобланган оқ дўнгпешона (Hypophthalmichthys molitrix) нинг асосий озуқаси ҳисобланади.
Лаборатория шароитида кўпайтирилган яшил сувўтларини балиқларга озуқа сифатида қўллаш учун, ишлаб чиқариш шароитида махсус ускуналарда кўпайтириб, балиқ боқиладиган ҳовузларга юборилди. (2-расм)
2-расм. Махсус ускуналарда кўпайтирилган яшил сувўтлари
Яшил сувўтларини балиқларга озуқа сифатида қуллаганимизда қуйидагича самарадорликга эришдик.
- Балиқ боқиладиган ҳовузларга яшил сувўтларини махсус кўпайтириш орқали уларда кечадиган фотосинтез жараёнида ўз ҳажмидан 200 марта кўп кислород (О2) чиқариб, сувда эриган органик моддаларнинг аэроб шароитда парчалаб, минерал моддага айланишига олиб келди ва балиқ боқиладиган ҳовузларнинг санитар ҳолати яхшиланди.
- Chlorella vulgaris ҳужайралари сувда антибиотиклар ишлаб чиқариши [5] натижасида, боқиладиган балиқларда учрайдиган бактериялар ва замбуруғлар томонидан қўзғатиладиган юқимли касалликлани тарқалиши ва юқишини олдини олди.
- Оқ дўнгпешона (Hypophthalmichthys molitrix) балиғининг асосий озуқаси Chlorella vulgaris ва Scenedesmus obliquus ҳужайралари бўлганлиги сабабли, бу сувўтларнинг таркибида балиқларнинг физиологик жараёнлари учун ўта муҳим ҳисобланган моддалар (оқсиллар, углеводлар, ёғлар, витаминлар, антибиотиклар ва ферментлар) бўлганлиги учун оқ дўнгпешона (Hypophthalmichthys molitrix) балиғининг маҳсулдорлигини, оддий шароитга нисбатан 25-30% оширишга эришилди.
Тажрибаларимиз якунида шуни хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, яшил сувўтларидан Chlorella vulgaris ҳужайраларини балиқчиликда қўллаш орқали, интенсив боқилаётган балиқларга хилма-хил озуқалар берилиши ва бу озуқаларнинг чиқинди қолдиқлари, ҳовузда фито ва зоопланктонларни кўпайтириш мақсадида тирли хил гўнг шарбатлари ҳамда минерал ўғитларнинг берилиши ҳисобига, ҳовузларнинг санитар ҳолатининг бузилиши билан бир қаторда, поликултурада тиғиз боқиладиган балиқларда кўп учрайдиган бактерия Aeromonos punctate орқали келиб чиқадиган касаллик қизилча ҳамда замбуруғлар сабаб вужудга келадиган бранхиомикоз, сапролегниоз каби хафли булган муаммоларга ўзига хос ечим бўлди деб ҳисобладик.
Бўриев С.Б., Қобилов А.М., Юлдашов Л.Т., Жалолов Э.Б.
Бухоро давлвт университети




















