Олтинкўз энтомофагининг фарғона шароитида биологик хусусиятлари ва биолабораторияда кўпайтиришнинг аҳамияти

Ўзбекистон шароитида асосан оддий олтинкўз (Chrysopa carnea) ва етти нуқтали  (Chrysopa septempunktata Wegm) кўп қўлланилади. Оддий олтинкўз тўрқанотли, кўзлари ялтироқ турувчи ўртача катталикдаги яшил ҳашарот бўлиб, танасининг узунлиги 20-25 мм, қанотларини ёйганда 30-40 мм ни ташкил этади. Тухумлари овалсимон бўлиб қилсимон пояча устида жойлашади. Личинкаси узунчоқ бўлиб, танасининг ўрта қисми йўғон,  бош ва орқа томони эса ингичка бўлади. Олтинкўз личинкалари комподийсимон бўлади. Личинка ранги оч сариқ тусда, кейинчалик сариқ қўнғир рангда баъзан кўкиш қўнғир тусга киради. Олтинкўз ғумбаги юмалоқ  оқ тусли пилла ичида бўлади. Оддий олтинкўз табиатда диапаузага кирган имаго ( оталанган ва оталанмаган ) ҳолда  дарахтлар ёриқларида, ўсимлик қолдиқлари остида ва ҳатто биноларнинг ичида қишлайди. Эрта баҳорда баҳорда суткалик ҳарорат 11-16 ℃ бўлганда бу ҳашаротлар қишлаш жойларидан чиқади. Оддий олтинкўзнинг қишлашдан чиқиши таҳминан март ойининг иккинчи ўн кунлигига тўғри келса, уларнинг ғўзага тухум қўйиши май  ойининг  иккинчи учинчи ўн кунлигига тўғри келади. Имагоси 35-45 кун яшаб, шу давр ичида  250 дан 500 га қадар тухум қўяди.  Тухумдан 5-6 кун ичида личинка чиқади. Личинкалар жағларини ўсимлик каналари, ўргимчаккана, кичик ёшдаги кўсак қуртлари ва  уларнинг тухумларига санчиб уларнинг ичига ҳазм суюқлигини юборадилар сўнгра ярим ҳазм бўлган озиқани сўради.  Бир кунлик личинка 7-30 та ўз ҳаёти давомида 500-600 зараркунанда ҳашорот  ва каналарни қириши мумкин.

Фарғона вилояти Қува туманида жойлашган  “Олтинкўз биолабараторияси” номли биолабараторияда  ҳам олтинкўз энтомофаги кўпайтирилади. Олтинкўз энтомофагини биолабараторияда кўпайтириш учун энг аввало дон куяси капалагини кўпайтириш лозим. Бунинг учун арпа қайнаган сувда 1-2 дақиқа зарарсизлантириб олинади ва бир кун давомида димланади. У махсус патнисларда яъни кюветаларга 2-3 см қалинликда ёйиб чиқилади ва намлиги 16% га етгунгача шамоллатилади. Кюветага солинган зараланган арпанинг бешта томонига ситотрога тухумидан (1 кг арпага 1 гр ситотрога тухуми) қоғозчаларга қўйиб чиқилади. Ситотрога тухуми термостатда (24 ℃ ҳарорат, 80% намлик) 3-4 кун сақланган бўлиши лозим. Қуртлар тўлиқ донга кириб кетгунга қадар арпага тегилмайди.  Капалаклар учиб чиқа бошлагунига қадар ҳар куни намлаб турилади. Арпанинг намлиги 16% дан ошиб кетмаслиги керак. Хона харорати 24-25 ℃ , намлик 75-80% бўлиши лозим. Дон куяси капалаклари уча бошлагач 3литрли банкаларга 300 гр арпадан солинади.  Капалакларнинг 50-60% уча бошлагандан кейин мато тасмаларига янги қўйилган олтинкўз тухумлари 300 донадан солиб чиқилади. Тухумдан чиққан олтинкўз личинкалари дон куяси капалагининг тухуми, личинкаси ва хатто капалаклари билан ҳам озиқланади, 15-18 кунда озиқланишдан тўхтаб пилла ўраб ғумбакка айланади. Олтинкўз имаголари 6-8 кундан кейин пайдо бўла бошлайди. Улар дарҳол 3 литрли банкаларга 70- 80 тагача учириб ўтказилади ва банкалар ичига олтинкўз тухумларини олиш мақсадида тоза мато тасмалари солинади. Олтинкўз имаголари ҳар куни тоза 3 литрли банкаларга учириб олиш тавсия этилади. Олтинкўз имаголари ҳар куни тоза банкаларга кўчириб ўтказилмаса, тез касалликка чалинади.   3 литрли банкаларга учириб олинган олтинкўз имаголарини озиқлантириш учун банкалар четига асал сурилган мато осилади ҳамда 4-5 та эзилган қурт қоғозчаларга солиб банка тагига тушурилади. Олтинкўз тухумини пуштдорлигини янада ошириш мақсадида пива ачитқиси, қоғозчаларга сурилиб банка ичига солинади. Олтинкўз имаголари озиқланиб бўлгач 3-4 кундан кейин тухум қўя бошлайди.  Мато тасмаларига қўйилган олтинкўз тухумлари ҳар 2-3 кунда олиниб, тоза мато тасмаларига алмаштирилади. Олтинкўз имаголари ҳар куни тоза банкаларга учириб олинади ва юқоридаги усулда озиқлантириб борилади. Олтинкўз бир ойгача тухум қўя олади. Зарарланган арпадан олтинкўз имаголари тўлиқ учиб чиқа бўлгач, арпалар янгиларига алмаштирилади. Олинган олтинкўз тухумларини қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун тадбиқ этилади ёки яна олтинкўз кўпайтиришда қўлланилади. Олтинкўз энтомофагидан қишлоқ хўжалигида фойдаланишда 3-4 кунлик тухумлари ёки личинкалари қўлланилади. Биолабараторияда кўпайтирилаётган олтинкўз энтомофагидан яхши самара олиш учун табиий шароитда ривожланган яъни дала экинзорларида еғиб олинган оддий олтинкўздан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Биологик кураш усули ҳам экологик ҳам иқтисодий томонидан самарали ҳисобланади.

Қува тумани «Олтинкўз» номли биолаборатория мудири Фаридахон Хошимова

Фарғона давлат универстети талабаси Шохрух Камолов