Тинч океанига қўйиладиган Осиё дарёлари (шимолий қисмидаги Амур ва жанубидаги Меконг) чучук сувли ҳавзаларида яшаган. Дунёнинг кўплаб мамлакатларига, жумладан, Осиё, Европа, Америка, Африка мамлакатларида иқлимлаштирилган. Ўтган асрнинг 60 – йилларида балиқчилик хўжаликларига олиб келиб иқлимлаштирилган. Олинган насл республиканинг кўплаб сув ҳавзаларига ҳар йили ўтказилган. Бироқ, кўпаядиган балиқлар галаси фақат Сирдарё ва Амударёнинг ўрта оқимида кўзатилган.
Елка сузгич қанотида 3 та шохланмаган, 7 та шохланган, аналь сузгич қанотида 3 та шохланмаган ва 7-8 та шохланган шўълалари бор. Ён чизиғида 38-45 та тангачаси бор. Ойқулоқ қопқоғида радиал йўлакчалар бор. Ойқулоқ устунчалари калта ва сийрак, ойқулоқнинг биринчи ёйида улар 13-16 та Ҳалқум тишлари ўткирлашган, икки қатор – 2,4-4,2 баъзан -2,5-5,2. Оғзи сал-пастда.Ичак тракти узун, танасининг узунлигидан 2-3 марта ошади.
Йирик, тез ўсадиган балиқ, узунлиги 1 метр, оғирлиги 30 кг гача етади, ундан ҳам катта бўлиши мумкин. Ҳаётининг 4 – 5 йили, тана узунлиги 55-65 см, оғирлиги 3-4 кг бўлганда жинсий вояга етади. Серпушт балиқ, серпуштлиги 400 – 2200 минг дона. Урчиши сув ҳарорати 18 – 22°С га етганда, май – июнь ойларида катта дарёлар ўзанининг кучли оқими ва пўртаналари бўлган жойларда рўй беради. Кўпайиш учун оқим бўйлаб 100 ва ундан кўп масофани дарёлар тошқин пайти кучли оқим бўлганда босиб ўтади. Кўпайиш учун кўчиши (миграция) одатда сув 13-16°С га исиганда бошланади. Одатда, ота – оналар тўдаси кўпайиш жойларига бир неча марта келади. Дастлаб, йирик узунлиги 85-112 см ва оғирлиги 9,3-18,5 кг бўлган вакиллари кўтарилишни бошлайди, кейин кичкиналари. Кўпайишга чиққан ота-она балиқлар тўдасининг жинсий нисбати 1:1 га яқин.
Пелагиал балиқ, яьни 1,2-1,4 мм диаметрга эга бўлган икраларини чуқур сув қатламига ташлайди, сувда уларнинг қобиғи кенгайиб, диамаетри катталашади, қобиғи кенгайиши ҳисобига уларнинг сузувчанлиги ортади ва тепадан пастга оққан ҳолатда икраси ривожланади. Макрофитофаг – юксак сув ўтлари ва қирғоқдаги ўсимликлар билан озиқланади.
Чавоғи дастлаб коловраткалар ва бошқа планктон организмлар билан озиқланади, сал катталашгач сув ўтларини истеъмол қилишни бошлайди. Вояга етганлари макрофитофаг, яъни юксак сув ўтлари ва қирғоқ ўсимлиқлари билан овқатланади. Нафақат, юмшоқ сув ўтларини ейди балқи қаттиқ қирғоқ ўсимликларини ҳам севиб исътемол қилади. Оқ амур тезда ўзининг озуқа базасини еб қўйиши мумкин, масалан, сунъий ҳовузларда бундай ҳолатларда донли экинлар донидан тайёрланган омухта ем билан озиқланишга ўтади.
Овланиш аҳамиятига эга, барча балиқ хўжалиқларининг ҳовузларида етиштирилади. Балиқ хўжаликларида урчиши тўлиқ сунъий йўл билан гармон таъсирида, инкубация аппаратларида амалга оширилади. Сунъий ҳовуз поликультураси шароитида ўтказиш тиғизлиги бошқа ўстирилаётган балиқларнинг 10% миқдорида бўлиши оптимал саналади. Шунда оқ амур ҳовуздаги ўсимлик қопламини вегетация даврининг охиригача еб қўймайди.Табиий сув ҳавзаларига ўтказилганда шу ҳавзалар балиқ маҳсулдорлиги ортади. Шу билан бирга уларнинг биомелиоратор сифатидаги вазифаси ҳам муҳим. Каналларни, айниқса сизот суви каналларини ўсимликлар босиб кетмаслиги учун уларни каналларга ўтказиш самарали бўлади. Улар ўтказиладиган сув ҳавзалар масштабини ошириш мақсадга мувофиқ. Айниқса йирик сув ҳавзаларига, биринчи навбатда Айдар – Арнасой кўллар тизимига, ирригация ва сизот суви каналларига ўтказиш лозим.
Манба: М.А.Юлдашов, Т.В.Салихов, Б.Г.Камилов. Ўзбекистон балиқлари Монография. Тошкент – 2018. 180 бет.




















