Балиқ етиштиришда маҳаллий ўтхўр балиқларнинг ўрни

Мамлакатимизда ички сув ресурслари жамланган сув ҳавзалари ирригация эҳтиёжлари учун мослаштирилган. Бунда барча сув ҳавзалари – захкаш, дренаж ва коллекторлар асосан суғориладиган деҳқончиликда фойдаланилади. Уларда балиқ ва бош¬қа сув организмларини сунъий йўл билан етиштиришни ташкил этиш озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда муҳим аҳамият касб этади. Захкаш тизимларда маҳаллий ўтхўр балиқлар етиштиришни ташкил этиш аҳолини озиқ-овқат хавф¬сизлигини таъминлайди, қишлоқ ҳудудларида янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Балиқчиликни ривожлантириш илмий-тадқиқот маркази олимлари томонидан Қорқалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, канал, захкаш дренаж ва коллектор тизимларида мавжуд кислород режими маҳаллий ўтхўр (биомелиоратор) балиқлар ҳаёти учун қулай, чунки уларнинг барчасини ёз мавсумида юқори сув ўсимликлари босиб кетади.
Бевосита бирламчи маҳсулотни утилизация қилувчи ўтхўр балиқлар минтақамиз учун балиқ маҳсулдорлигини оширишнинг асосий заҳираси ва захкаш дренаж-коллектор сув ҳавзаларини мелиорациялаш воситаси бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, биоэнергетик ва иқтисодий нуқтаи назардан ўта қулай экологик тизимни яратиш имконини беради.
Республикамизда балиқчиликни ривожлантириш давлат дастурини бажарилишида ўтхўр балиқлар энг кўп етиштириладиган балиқлар бўлди. Уларнинг маҳсулдорлиги охирги беш йил давомида гектарига 2-4 центнердан 15 центнерга ошди. 2012 йил натижаларига кўра, фермер хўжаликлари томонидан етиштирилаётган балиқнинг 82 фоизи ўтхўр балиқлар улушига тўғри келди.
Мамлакатимиз иқлим шароитлари хусусан шўрланган майдонларни ювиш заруриятини ҳисобга олган ҳолда, шўрланган оқава сувни табиий сув ҳавзаларига захкаш дренаж ва коллекторлардан оқизиладиган тизимда ўтхўр балиқлар етиштириш самарали ҳисобланади. Бироқ ирригация каналлари, захкаш дренаж ва коллекторлардан балиқчилик йўналишида фойдаланишга тўсқинлик қилувчи қатор омиллар мавжуд. Ана шундай омиллардан бири мавжуд тизимда сув сатҳи қишлоқ хўжалиги экинларини вегетация даврида пасайиб кетиши ва сув ҳавзаларининг юқори сув ўсимликлари билан босиб кетиши натижасида юзага келадиган биологик нуқсонлардир.
Кўп тармоқли фермер хўжаликлари захкаш дренаж ва коллекторларда сув сатҳини қишлоқ хўжалиги экинлари ўстирилишида зарар етказмайдиган барқарор ҳолда ушлашлари ва дренаж тизимларини ўтхўр балиқлар билан балиқлантириш ишларини ташкил этиш ҳисобига пахта, ғалла майдонлари четидаги захкаш дренаж ва коллекторлардан қўшимча балиқ маҳсулотларини овлаш имкониятини беради.
Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш билан шуғулланадиган фермер хўжаликлари ички сув захкаш дренаж ва коллекторларни механик усуллар билан тозалаш ишлари олиб боришлари катта маблағ сарф этишни талаб этади. Механик тозалаш усули жуда қиммат бўлиши баробарида кам самара беради. Ўтхўр балиқлардан фойдаланган ҳолда «биологик» усулни қўллаш ўт босиб кетишига қарши курашишнинг энг қулай ва самарали усули ҳисобланади.
Фермер хўжаликлари томонидан ўтхўр балиқлар сунъий ҳовуз майдонларини юқори сув ўсимликларидан тозалашда кенг фойдаланилмоқда. Олимларимизнинг фикрича, дренаж-коллектор сувларнинг табиий озуқа базаси (ўт босиши) ресурсларидан тўлиқ фойдаланиш учун оқ амурнинг биомелиоратив имкониятларига катта эътибор қаратиш лозим.
Дунёнинг балиқчилик ривожланган мамлакатларидан бири АҚШда ўтхўр балиқлар ўт босиб кетишига қарши курашиш харажатларини 1 акр (0,405 га) учун 35–40 долларгача камайтирган (механик усулдан фойдаланишда харажатлар 1 акр учун 150–300 долларни ташкил қилади). Андижон вилояти Улуғнор тумани “Олимп кошонаси” фермер хўжалиги мутахассисларининг 2012 йил ҳисоб-китобларига кўра, тегишли технология ва ускуналардан фойдаланилганда, оқ амурни етиштириш таннархи истиқболли бўлиб, балиқларнинг бошқа турларига қараганда 40 фоиз арзон бўлиши кузатилган. Марказимиз илмий ходимлари (Аҳмедов, Шоёқубов, Халпаев, Шукуров) томонидан 2009–2011 йиллари ўтказилган тадқиқотлар натижасида сув-балчиқ ўсимликларининг қимматбаҳо озуқа хусусиятлари ва юқори маҳсулдорлиги аниқланган.
Қамишлар вегетацион давр мобайнида 1 гектар сув юзасидан 250 тоннагача ҳўл ёки 100–110 тонна қуруқ, лухлар тегишлича 50–120 ёки 10–12 тонна, роголистник 60–300 ёки 6–25 тонна, рдестлар 20–40 ёки 2,5–3 тонна масса бериши мумкин. Улар оқсил, мой, углевод ва минерал моддаларга бой. Протеин миқдори бўйича сув ўсимликлари бедадан асло қолишмайди.
Олимларимизнинг таъкидлашларича, биомелиораторлар сифатида ўтхўр балиқлардан унумли фойдаланиш учун балиқ чавоқларини сув ҳавзасининг захкаш дренаж ва коллекторларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ўта пухта саралаб олиш лозим. Бунда захкаш дренаж ва коллекторларнинг хили, гидротехник параметрларига қараб балиқлар ёшини танлаш ва ўтқазиш муддатларини белгилаш зарур. Қўшимча балиқ маҳсулоти олиш учун оқ амур билан бирга оқ ва чипор дўнгпешоналарни ўтқазиш мақсадга мувофиқ
Эсда тутиш лозимки, балиқлантириш ишлари доимий равишда сув оқиб турадиган катта каналларни бир- икки ёшли ёки ўртача оғирлиги 100 граммдан юқори оқ амур, чипор дўнгпешона балиқлар билан, 1 га сув майдонига 80–100 дона ҳисобида, доимий равишда сув оқиб турадиган кичик каналлар ва коллекторларни эса ўртача оғирлиги 50 граммдан кам бўлмаган бир йиллик балиқлар билан 1 га сув майдонига 140–150 дона ҳисобида балиқлаштириш тавсия этилади.
Балиқлантириш вақтида сув ҳавзасининг сув ўсимликлари билан босиб кетганлик даражасига, шунингдек, ярмигача ва тўлиқ ботиб турувчи ўсимликлар таркибига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Агар ярмигача ботиб турувчи қаттиқ ўсимликлар миқдори кўп бўлса, захкаш дренаж ва коллекторларни икки ёшдаги балиқлар билан балиқлантириш зарур.
Доимий равишда сув оқиб турадиган катта захкаш дренаж ва коллекторларга ўтхўр балиқларни кузда, доимий равишда сув оқиб турадиган кичик захкаш ва коллекторларга эса эрта баҳорда, сув ўсимликлари чакалакзорлари пайдо бўлгунга қадар ўтқазиш зарур. Сув ўсимликлари чакалакзорларини йўқ қилишга балиқлантириш ишлари амалга оширилгандан сўнг эришиш мумкин.
   Р.Қурбонов    agro.uz