Балиқ озуқалари

Ҳовуз балиқчилик хўжалигида ишлатиладиган балиқ озуқаси 3 турга бўлинади.

1. Табиий озуқа. Ҳовуздаги табиий озуқа ресурслари: фитопланктон, зоопланктон — микроскопик сув ўтлари, юксак сув ўсимликлари, тубан ва юксак қисқичбақасимонлар, бактериялар, детрит, зообентос, нектобентос, ҳашаротлар ва бошқа сув жониворларини ўз ичига олади. Табиий озуқа ресурслари миқдори, асосан сув сифатига боғлиқ. Сувдаги гидробионтларни кўпайтириш ҳам табиий озуқа ресурсларини бойитади. Уларнинг озуқа коэффициенти 8 — 10 га тенгдир.

2.  Қўшимча озуқа. Қўл билан ҳовузга киритилади. Озуқанинг бу тури маҳаллий бозорда бор. Ўсимлик ҳосили, чорва чиқиндилари ва ошхона чиқиндилари ҳам қўшимча озуқага киради. Бундай озуқа коэффициента 5-6 га тенг. Ҳозирги кунда тайёрланадиган омихта ем сифатсиз, у кепакдан ёки целлюлозадан иборат. Қўшимча озуқа саноат тарзида тайёрланадиган сунъий омухта ем ҳисобланади. У махсус саноат усулида тайёрланади.

3.  Баланслашган озуқа. Бу ҳам балиқшунос томонидан қўл билан балиқларга берилади. Аммо озуқа ниҳоятда тўйимли, махсус заводларда тайёрланади. Озуқа коэффициента 1,5—2,0 га тенг бўлиб, балиқ маҳсулдорлиги юқори, аммо ниҳоятда қимматдир. Бундай озуқа билан асосан оддий лаққа, канал лаққаси, хонбалиқ (форель) ва карп каби балиқ турлари боқилади. Республика миқёсида аквакультура ёки сунъий ҳовуз балиқчилиги уч йўналишда ташкил қилинган. Булар қуйидагилар:

1. Ерда қазиб тайёрланган сунъий ҳовуз балиқчилик хўжаликлари.

2. Табиий сув ҳавзалари ҳудудида садоқ (тўр ҳовузлар) балиқчилик хўжаликлари.

3. Бассейн ҳовуз балиқчилик хўжаликлари ташкил қилинган (ёпиқ ва очиқ бассейн).

Ҳозирги кунда сунъий ҳовуз хўжалигида балиқ боқиш ва балиқларни озиқлантириш ҳақида жуда кўп адабиётлар мавжуд. Аммо табиий сув ҳавзаларида балиқларни озиқлантириш ҳақида зарур услубий қўлланмалар кам. Айниқса, балиқларни озуқага бўлган талаби, аниқ озуқа муҳитида озуқа билан таъминлаш, балиқларнинг озуқа организмларни жадал истеъмол қилиши ҳамда озуқа объектининг балиқлар популяцияси томонидан самарали фойдаланиши, қўшимча балиқ маҳсулоти олиш тўғрисида маълумотлар йўқ.

Манба: Д. Ниёзов (2013). Балиқ – битмас бойлик.

Дўстларингизга ҳам улашинг!