Балиқларда учрайдиган бронхиомикоз касаллиги ва даволаш чоралари

Балиқ касалликларнинг орасида – замбўруғли касалликларнинг ўрни. Балиқларнинг замбўруғлар томонидан содир этиладиган касалликлари балиқлар орасида оммавий равишда ўлимни келтириб чиқариш билан характерланади. Айниқса, балиқчилик тармоғини интенсификациялаш шароитида жуда ҳам катта хавф туғдиради. Бу касалликлар анча илгаридан бери балиқчилик хўжаликларда келиб чиққанлигига қарамай, ҳозиргача яхши ўрганилмаган. Мутлақо аниқ бир диагноз қўйиш усули ишлаб чиқилмаган, касалликнинг эпизоотологияси, патогенези унчалик яхши ўрганилмаган,
касалликни олдини олиш ва қарши курашишда самарали чоратадбирлар ишлаб чиқилмаган.

Сув омборларда боқилаётган балиқлар орасида бронхиомикоз, ихтиоспоридиоз, ва бошқа замбўруғлар томонидан қўзғатиладиган касалликлар кенг тарқалиб балиқчилик хўжаликларида катта хавф туғдирмоқда.

Бронхиомикоз – турли турдаги балиқларнинг ўта юқумли касаллиги бўлиб, жабра аппаратидаги қон томирларнинг зарарланиши ва жабра тўқимасининг некрозланиб тушиб қолиши билан характерланади. Касаллик Ғарбий Европанинг балиқчилик сув
ҳавзаларида учрайди. Бизда бу касаллик қайд этилмаган бўлсада, унинг келиб қолиш хавфи бор. Собиқ Иттифоқнинг Украина ва Россиянинг бир қанча областларида учрамоқда.
Этиологияси. Карп, сазан ва уларнинг гибридлари, карась, пескарь турдаги балиқларнинг бронхиомикоз касаллик қўзғатувчиси бу Bronchiomyces sаnguinis (Plehn), щукаларнинг қўзғатувчиси Bronchiomyces demiqrans (Plehn) линь турдаги балиқларда эса ҳар иккала турдаги замбўруғлар паразитлик қилишади.
Br sanguinis – бу специфик қон паразити ҳисобланади. Замбўруғларнинг гифлари (ичидаги худди тухумга ўхшаш пуштлари) кучли шохланган бўлиб, қалинлиги 8-30 мкм, узунлиги 10-15 мкм га тенг.
Улар куртак шаклида, одатда юпқа бўлиб, спора ҳосил қилганида эса қалинлашади. Кучли шохланган (тармоқланган) гифлар фақат жабранинг қон томирларида жойлашади ҳамда жабранинг бўлмаларида ва нафас олиш органининг бурмаларида бўлади. B demigrans замбўруғининг миселийси дарахтсимон шохланган гифлардан иборат бўлиб, пўстлоғи қалин икки контурли мембрана шаклида бўлиб, қалинлиги 0,5-0,7 мкм, ривожланишнинг охирги босқичида 22-28 мкм гача узаяди. Гифнинг эни 13-15 мкм. Гифлар дастлаб нафас олувчи қатламлардаги капиллярларда, сўнгра эса вена
қон томирига кириб, унинг ёрилиши натижасида жабранинг бириктирувчи тўқимасига кириб олади ва у ерда ўсиши давом этади.

Эпизоотологик маълумотлар. Бронхиомикоз қўзғатувчиси табиатда кенг тарқалган. Бироқ, бу касалликни эпизоотия ва энзоотия кўриниши табиий сув ҳавзаларида қайд қилинмайди. Касаллик асосан сунъий сув ҳавзаларида урчитилаётган балиқлар орасида келиб чиқади, қайсиким бундай сув ҳавзаларида қўзғатувчининг ривожланиши учун қулай шароит мавжуд. Булар, биринчидан, ҳовуз ва сув ҳавзалари антисанитария ҳолатида ва ветеринария-санитария маъданияти жуда ҳам паст даражада бўлганида келиб чиқади.
Касалликнинг эпизоотия ва энзоотия кўриниши ёзда, сувнинг ҳарорати +22+25 градус бўлганида кузатилади. Касалликка карп, сазан ва уларнинг гибридлари, карась, пескарь, линь ва щукалар мойил. Юқорида кўрсатилган балиқларнинг барча ёшдагилари касалликка мойил, бироқ 1-2 ёшдагилари кўпроқ зарарланади.
Касаллик уларда оғир кўринишда кечиб ўлим 46-71%ни ташкил қилади. Инфекциянинг асосий манбаи – бу касал балиқлар, касалликдан ўлган балиқларнинг жасадлари ва паразит ташувчи балиқлардир. Зарарланиш ҳовуздаги балчиқлар орқали амалга ошади.

Бир сув ҳавзаларидан иккинчисига қўзғатувчилар касал балиқлар орқали, ёки касалланиб согайган балиқлар орқали, ёинки носоғлом хўжаликларнинг сувлари орқали тарқалади. Касалликнинг келиб чиқиши ва авж олишига балиқларни
тўйимсиз озиқалар билан озиқлантириш, сув оқимининг пастлиги, сув камлиги ва сув ҳавзаларнинг ҳаддан ташқари органик моддалар билан ифлосланганлиги ҳам анча ёрдам беради.

Касалликнинг клиник белгилари. Касаллик жуда ҳам оғир кечади. Касалликнинг эпизоотик кўриниши кўпроқ ёзда кузатилиб ташқи муҳитнинг ҳароратига боғлиқ ҳолда 5-12 кун давом этади, яъни ўткир оқими намоён бўлади. Касалликни бошида B. sanquinis замбўруғининг жабра бўлмаларнинг қон томирларига кириб олганида нуқтасимон қон қўйилишлар кузатилади, сўнгра замбуруғнинг гифлари жабра қон томирининг ичида ўсиши оқибатида унинг тўлиши (паразитар эмболия) ва қон айланишнинг бузилишига олиб келади, натижада жабра тўқимасининг айрим
қисмларини қон билан таъминланиши ёмонлашади, оқариб қолади. Айрим қисмлари эса ўлади(нобуд бўлади) ва жабранинг бурчаклари нотекис бўлиб қолади. Жабранинг бошқа қисмлари эса қоннинг қон томирларда йиғилиб қолиши (застой) оқибатида кўкимтир тусга кириб олади.
Касал балиқлар озуқа қабул қилмайди, ташқи муҳит таасуротларига жавоб қайтарилиши кескин пасаяди ёки умуман жавоб қайтармайди, сувнинг юзасига сузиб чиқиб, бироқ ҳавони қабул қилмайди, худди «заморга» ўхшаш ва балиқларни қўл билан ушлаш жуда ҳам осон. Кучли зарарланган балиқлар ёнбошига ётиб ва шу ҳолатда нобуд бўлади. Чиқим 50-70% га етади. Ўлмай қолган балиқларда эса касаллик ярим ўткир ёки сурункали оқимда ўтиб олади. Касалланиб соғайган балиқларнинг жабраси худди ейилганга ўхшайди. Унинг тикланиши йиллар давом этади.
Патогенези. Замбўруғнинг ўсган гифлари қон томир ичини беркитади, натижада тўқималарни қон билан таъминланиши ва кислород алмашинуви бузилади, некрозга учраган жабра тўқималари емирилади ва иккиламчи сапрофит микроблар ва замбўруғларнинг ривожланиши учун қулай шароит туғилади. Замбўруғнинг гифлари
барча ички паренхиматоз органларда, жумладан, қон ҳосил қилувчи органларнинг қон томирига кириб олиб ўсиши оқибатида касалликни кечиши яна ҳам авж олиб балиқларни нобуд бўлишига олиб келади.
Патанатомик ўзгаришлар. Нобуд бўлган балиқларнинг жасадларини ёриб кўрилиши ва жабрадан тайёрланган гистологик намуналар(срез) текширилганда замбўруғларнинг гифлари ва споралари яхши кўринади. Қон томирлар гиперемиялашган, замбўруғ гифлари билан тўлиб қолган, респиратор қатламлардаги қон томирлар колбасимон кенгайган, унинг деворлари ва эпителиаль тўқимаси ёрилган. Паренхиматоз органларнинг тўқималари қон билан тўлган, ёғ ва гликогеннинг қатлами юпка.
Диагноз комплекс усулда: эпизоотологик маълумотлар инобатга олиниши керак, клиник белгиларига қараб ва касалликдан ўлган балиқ жабрасини микроскопик текширувдан ўтказиб, замбўруғ гифлари ва спораларини топиш асосида қўйилади. Бронхиомикозни балиқларнинг «замор» касаллигидан фарқ қилишимиз керак.
Бронхиомикозда касал балиқларнинг боши сув остига қаратилган бўлади.
Даволаш усуллари ишлаб чиқилмаган. Касалликни олдини олиш ва қарши курашиш тадбирлари. Бронхиомикоз касаллиги келиб чиққанда бутун комплексга
эпизоотияга қарши тадбирларни амалга ошириш керак. Биринчи навбатда балиқларни сақлашининг зоогигиеник шароитларини яхшилаш, сув оқимини тезлаштириш, сувни кислород билан бойитиш, бронхиомикозга чалинган балиқларни мунтазам равишда
овлаб, айниқса касалликдан ўлган балиқ жасадларини овлаб, агарда товарлик кўриниши бузилмаган бўлса, истеъмолга чикариш, кучли ориқланган балиқларни эса термик ишловдан сўнг ҳайвон ва паррандаларга едириш тавсия этилади.
Касаллик тарқалиб кетмаслик учун балиқлар ҳаракатини чеклаштириш, балиқ овида ишлатиладиган барча инвентарларни, қайсиким касал балиқларни овлашда ишлатилган эди, 2%-ли формалин эритмасида бир соат давомида дезинфекцияланади ёки идишларга солиб 30 минут давомида қайнатилади, ёғоч ва металлардан тайёрланган асбоб-ускуналарни оловда куйдириб олади.

Манба: «БАЛИҚЛАРНИНГ ЮҚУМЛИ ВА ЮҚУМСИЗ КАСАЛЛИКЛАРИ» Ҳақбердиев П.С., Турсунқулов А.Р.