Бухорода жорий йилда 8,6 минг тоннадан зиёд балиқ етиштирилади

5

Бухоро вилоятида 240 фермер хўжалиги ва бошқа субъектларга қарашли 1 минг 600 гектардан иборат сунъий ҳовузда балиқ парваришланмоқда. Улар орасида ташкил этилганига ҳали бир йил ҳам тўлмаган “Бухоробалиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти алоҳида ўрин тутади.

 

Уни cоҳанинг ўзига хос кичик кластери ҳам дейиш мумкин. Боиси, мазкур корхонада балиқ етиштириш билан боғлиқ жараёнлар узвий, яъни ягона технологик занжир асосида боғланган.

Президентимиз 2017 йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида балиқчиликни ривожлантириш бўйича қатор тавсиялар берган эди. Шунга мувофиқ, ўтган вақт мобайнида Бухоро туманида “Бухоробалиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. “Ипотекабанк” вилоят филиалининг кредити ва улуши, лойиҳа ташаббускорларининг жами 7 миллиард сўмлик маблағи ҳисобидан 90 гектарлик майдоннинг 70 гектарида ҳовуз қазилди. Ҳовуз ёнида замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган ишлаб чиқариш мажмуаси ҳам барпо этилди. Шунингдек, ҳудудда 5 гектар боғ яратилди.
Жорий йилнинг 16-17 февраль кунлари Президентимиз ислоҳотларнинг бориши ва ишлаб чиқилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши жараёни билан танишиш мақсадида Бухоро вилоятига ташрифи доирасида мазкур балиқчилик хўжалигида бўлиб, бу ердаги ишнинг ташкил этилишини юқори баҳолади.
– Балиқчиликда ҳам наслчилик муҳим роль ўйнайди, – дейди “Бухоробалиқсаноат” масъулияти чекланган жамиятининг илмий маслаҳатчиси, биология фанлари номзоди Даврон Ниёзов. – Бизда бу масалага алоҳида эътибор қаратилади. Инкубация цехимизда йилига 60 миллион чавоқ етиштирилади. Бу ерда бироз эътиборсизлик ҳам балиқларнинг заифлашувига сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун чавоқлар парвариши, хона ҳарорати мўътадил бўлиши қатъий назоратга олинган.
Инкубациядан чиқарилган чавоқлар ёпиқ бинодаги кичик ҳовузларда вазни 1,5-2 граммга етгунча боқилиб, очиқ ҳавза ҳудудидаги ҳар қайсиси 1 гектарлик тўртта махсус ҳовузда босқичма-босқич “ёзлик парвариш” даврини ўтайди. Улар вазни 35-50 граммга етгач, махсус ҳовузда қишлайди. Баҳорда эса катта сувга қўйиб юборилади. Кузга бориб ғалвир сувдан кўтарилади.
Яна бир муҳим жиҳати, мажмуада ёпиқ сув айланма тизими ҳам йўлга қўйилган. Унда қишда интенсив усулда мўл балиқ етиштирилади.
Корхонада маҳсулотни тозалаш, қисқа муддатга музлатиш ва 200 тонна сиғимга эга совутгичларда узоқ вақт сақлаш учун махсус цехлар ҳам фаолият кўрсатади. Шунингдек, бу ерда балиқни қайта ишлаш, яъни дудлаш технологияси ҳам мавжуд. Хуллас, маҳсулот бозорга музлатилган ва тайёр маҳсулот ҳолида чиқарилади. Агар инкубациядан чиқарилган 60 миллион чавоқнинг 48 миллиони шартнома асосида турдош хўжаликларга етказиб берилиши назарда тутилса, корхона қўшимча даромад манбаига эга бўлади.
Албатта, сунъий ҳовуз маҳсулдорлиги озуқага жуда боғлиқ. Бу масала ечими пухта ўйланган. Корхона йиллик қуввати 2 минг тоннадан зиёд озуқа ишлаб чиқарадиган замонавий цехга эга. Бу ерда таркиби маккажўхори дони, протеин, турли витамин ва бошқа аралашмалар билан бойитилган озуқалар тайёрланади. Бундан ташқари, овланган балиқларни тозалашда ҳосил бўлган чиқиндилар қайта ишланиб, улардан иккиламчи емиш олинади.
– Баҳор балиқчилар учун ҳам масъулиятли давр, – дейди “Бухоробалиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Қаюм Саломов. – Кичик ҳовузларда сазан, оқ амур, оқ дўнгпешона, чипор дўнгпешона, Африка лаққаси каби балиқ чавоқларини парвариш қилишни бошлаймиз. Режага кўра, кузда 300 тоннага яқин балиқ овлаймиз. Келгуси йилда меҳнат самараси бундан-да зиёд бўлади. Ўтган йили кузда Бухорога келган вьетнамлик ҳамкасблар таклифига биноан февраль ойи бошларида Ханой шаҳрида бўлдим. Балиқ етиштиришда инновацион технологияларни қўллаган ҳолда катта ютуқларга эришаётган хорижликлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга келишиб олинди. Истиқболда корхонамиз негизида қўшма корхона ҳам ташкил этмоқчимиз.
Бугунги кунда Бухоро вилоятида умумий майдони 56 минг гектар бўлган 8 табиий кўл ва битта сув омбори, 1 минг 600 гектар сунъий ҳовузларда балиқ етиштириш йўлга қўйилган. Жорий йилда улардан ўтган йилгига нисбатан деярли икки баробар кўп, аниқроғи, 8,6 минг тоннадан зиёд маҳсулот олиниши кўзда тутилган. Бунда балиқчилик хўжаликлари давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани муҳим омил бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Бухоро вилоятида балиқчиликни ривожлантириш лойиҳаларига 2018-2019 йилларда 100 миллиард сўм миқдорида кредит маблағи ажратилиши ҳам соҳа истиқболига хизмат қилиши шубҳасиз.

Эркин Ёдгоров.   ЎзА.

Дўстларингизга ҳам улашинг!