ГИЛОС – ҚУВВАТ МАНБАИ

Гилосни жамики меваларнинг султони деб айтса арзийди. У шифобахш мева бўлиш билан бирга, эрта баҳорда унинг ғуж-ғуж очилган гуллари дилларни яйратади, хуш кайфият армуғон қилади. Ялтироқ барглари эса инсонга завқ-шавқ бағишлайди ва у қишга ёпиладиган тузламаларга ишлатилади. Чунки, антисептик хусусиятга эга.

Гилос – қувват манбаи

Эртапишар гилос май ойида етилади. Гилоснинг тўқ қизил ва сариқ навлари бор. Гилос қувват бағишловчи неъмат сифатида тавсия этилади. Гулидан бот касаллигини даволашда фойдаланилади. Гилос қайнатмаси ёки шарбати иситма туширувчи, шамоллашда қувват бағишловчи восита сифатида тавсия этилади.
Кўз ўткирлигининг пасайишида ҳар куни 300 гр. янги узилган гилос истеъмол қилиш керак
Гилос мевасида 19,2 фоиз қанд, 1,3 фоиз органик кислоталар, пектин, В1, В2, РР, С витаминлари, коратин, калий, магний, фосфор, темир тузлари бор. Уруғида 30 фоизга қадар мой, 1 фоиз эфир мойи мавжуд.
Янги ва қуритилган мевалари ич суриш хусусиятига, гуллари ва баргларидан тайёрланган малҳами яраларга, сепкилларга қўйилади. Беш ошқошиқ қуритилган гилос мевасига 4 стакан қайноқ сув қуйилади, 4-6 соатга дамланади ва сўнгра сузилади. Кунига 3-4 маҳал 1 стакандан овқатдан олдин, иштаҳани очиш учун умумий қувват бағишловчи восита ўрнида ичилади. Икки ошқошиқ қуритилган гилос устига 2 стакан қайноқ сув қуйилади, 15 дақиқа паст оловда қайнатилади, тиндириб сузилади. Суткасига 3-4 маҳал ярим стакандан сийдик йўлидаги тош касалликларида ичилади.
Гижжадан фориғ бўлишда ҳам қўлланилади. Ярим литр сувда 25 гр. гилос дамланади. Дамланма тушликдан олдин 20-30 кун давомида ичилади.
Ичбуруғи дардига ҳам даво бўлиб, 100 гр. гилос 3,5 ст. ўткир қизил вино билан аралаштирилади. Қуёш остида 2 кун тиндирилади. Катталарга 1 стакандан, кичикларга 1 ош қошиқдан кунига 3 маҳалдан ичилади.

Шоира БЕКЧАНОВА, тиббиёт фанлари номзоди

Манба: od-press.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!